Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илм – шубҳасиз машаққатли йўл. Бу йўлдан бориш, илм-фанда ютуқларга эришиш аёл киши учун ва айниқса ўзбек жамиятида осон вазифа эмас. Шундай бўлса-да, қатъий истак, сабр ва яқинларининг қўллаб-қувватлаши билан илмда муваффақиятли фаолият юритиб келаётган ўзбек аёллари ҳам оз эмас.

Ана шундай тадқиқотчилардан бири – Ўзбекистон Халқаро Ислом Академиясининг 2-босқич докторанти Нигора Ҳакимова айни кунларда Оксфорд университетининг Исломшунослик марказида илмий изланиш билан банд.

Kun.uz Англияга қилган сафарида Оксфорд шаҳрида бўлиб, атоқли университетнинг Исломшунослик марказида тадқиқот ўтаётган илк ўзбек аёли билан суҳбатлашди.

Нигора Ҳакимова университет шаҳарчасида олиб бораётган илмий тадқиқоти, тўйлар ва ажралишлар, Ислом илмини аёлларга ўқитиш масалалари, фарзандлари ўқиётган Оксфорддаги мактаблар, ғарб маданияти ичида фарзанд тарбиялаш ва келгуси режалари ҳақида гапириб берди.

«Бу – Оксфордга иккинчи марта келишим. Биринчи марта 2016 йилда келгандим. Ундан олдин 2 йил давомида АҚШнинг Global Engagement институти тадқиқотчиси бўлиб, тадқиқотимнинг натижалари ҳақида Оксфорд университетининг диншунослик симпозиумида маъруза қилган эдим.

Ҳозирда Буюк Британиянинг Chevening дастури доирасида шу ерда тадқиқот олиб боряпман. Тадқиқотим мавзуси – Қаффол Шошийнинг «Маҳасину шариат» асаридаги Ислом ҳуқуқи асослари.

Қаффол Шошийни халқимиз, хусусан Тошкент аҳолиси Ҳастимом (Ҳазрати имом) номи билан яхши танишади. Олимнинг илмий фаолияти кўп томондан ўрганилган. Охирги пайтларда унинг дипломатик қарашлари ҳақида ҳам илмий ишлар қилинди. Менинг тадқиқотим эса Қаффол Шошийнинг Ислом ҳуқуқи асослари, Ислом ҳуқуқи методологияси, яъни усул ул-фиқҳ ривожига қўшган ҳиссаси тўғрисида.

Мен ўрганаётган асар – «Маҳасину шариат» айнан фиқҳий китоб бўлиб, бошқа фиқҳий асарлардан фарқи – унда Ислом ҳуқуқи кўрсатмаларининг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилади. Масалан, намозда нима учун таҳорат фарз қилинди, дея савол қўйган Қаффол Шоший бунинг моҳиятига киришга ҳаракат қилади.

Шунингдек, муаллиф асарда Ислом ҳуқуқи кўрсатмалари – инсон ақлига мувофиқ келадиган, ақл қабул қиладиган кўрсатмалар эканини исботлашга ҳаракат қилган.

Қаффол Шошийнинг бу асарига АҚШда олиб борган тадқиқотимиз жараёнида дуч келдик. Биз у ерда Ислом ҳуқуқи кўрсатмаларини асосан ҳарфий (шаклан) тушуниш ва бунинг оқибатида келиб чиқадиган муаммолар устида ишлаган эдик. Бу асар эса – айнан фиқҳий кўрсатмаларни ҳарфий тушунишдан қочиш ва унинг мазмун-моҳиятига эътибор бериш йўналишида ёзилган илк асарлардан бири.

Демак, биз асарни ўрганиш орқали X асрда берилган баъзи хулосаларни ҳозирги кундаги муаммоларни ечишда ҳам қўллашимиз мумкин бўлади», – дейди тадқиқотчи.

– Намоздан олдин таҳорат олиш фарз этилгани ҳақида гапирдингиз. Қаффол Шоший бу асарида бунинг учун қандай асослар бор, деб тахмин қилади?

– Бир нарсани алоҳида айтиб ўтмоқчиман. XIV асрда яшаб ўтган уламо Имом Шотибий мақосид аш-шариа, яъни шариат мақсадлари фанига катта ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Унинг фикрича, биз ибодатга оид масалаларни ҳарфий, яъни борича қабул қиламиз, дунёвий масалаларнинг эса моҳиятига қарашга ҳаракат қиламиз. Лекин Қаффол Шоший ибодат масалаларини ҳам моҳиятига қараб хулоса беришга ҳаракат қилган кам сонли фиқҳ олимларидан саналади.

Қаффол Шоший кўп тилларни билгани учун қадимги юнон фалсафий асарларига ҳам мурожаат қилган. Уларда айтилишича, инсон ёлғиз бўлган ҳолатида тозаликка эътибор қилиши, ювиниб ўзига оро бериши эҳтимоли жуда кам. Қаффол Шоший шундан келиб чиққан ҳолда, инсон Аллоҳ томонидан ижтимоий қилиб яратилгани, яъни бошқа инсонлар билан ўзаро муносабатга киришишига эътибор қаратади. Шунинг учун ювиниб, ўзига қараб юриши унинг табиатида бор.

Демак, бошқа инсонлар билан биргаликда яшар эканмиз, озодаликка эътибор қилишга мойилмиз. Намоз асносида эса инсон ўз Роббиси билан учрашади, унга яқинроқ бўлган ҳолатда бўлади, шундай экан нега энди ювинмасин?

Яъни намоздан олдинги таҳорат – инсонга хос нарса, унинг табиатига зид талаб эмас. Аслида, шариатнинг ҳамма кўрсатмалари инсоннинг ақли, табиатидан келиб чиққан ҳолда берилган, деган нуқтаи назарни исботлашга ҳаракат қилган Қаффол Шоший. У шариат нормаларини инсоннинг ақли тушунадиган, тафаккури қабул қиладиган ҳолатда моҳиятини очиб, тушунтириб беришга уринган.

Яна бир нарсани айтмоқчиман. Ислом дини Марказий Осиёга кириб келгунига қадар бу ҳудуд халқларининг ўз дунёқараши, ўз маданияти бўлган. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё халқлари савол беришга қизиқишган. Уларнинг бундан аввал ўз маданияти бўлгани учун янги кириб келган нарсага савол билан кўп мурожаат қилишган. Бу нега ундай, масалан намоз нима учун 5 маҳал, нега 6 маҳал эмас?

Қаффол Шоший ҳам асарининг кириш қисмида ёзади: «Мен бу китобимни менга бериладиган саволларга жавоб тариқасида ёздим». Демак, бу асарнинг ҳам дунёга келишида ўша Марказий Осиё халқларининг ўрни ҳам жуда катта.

Маълумот ўрнида, Нигора Ҳакимова – Тошкент Ислом университетида Ислом ҳуқуқи йўналишида бакалавриат ва магистратурада таҳсил олиб, сўнг университетнинг Ислом ҳуқуқи кафедрасида ўқитувчи, Исломшунослик илмий-тадқиқот марказида илмий ходим, Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта-махсус билим юртида ўқитувчи сифатида фаолият олиб борган.

Ҳозирда Ўзбекистон Халқаро Ислом Академиясида 2-босқич докторанти саналувчи Нигора Ҳакимова 2019 йил сентябрь ойидан буён Буюк Британиянинг Chevening дастури асосида Оксфорд исломшунослик марказида илмий изланиш олиб боряпти.

1985 йилда асос солинган илмий тадқиқот маркази 2016 йилда янги бинога кўчиб ўтган.

Исломшунослик марказига киришдаги ҳолда илинган каъбапўш. Каъбаи муаззамага кириш қисмининг яхлит бўлаги. Ипакдан тўқилган, олтин ва кумуш суви билан Қуръон оятлари битилган. Каъбапўш ҳар йили алмаштириб турилади. 2004 йилги бу мато Оксфорд исломшунослик марказига малайзиялик тадбиркор Тан Сри Абдул Рашид Ҳусайн томонидан совға қилинган.

Муассасадаги ўқув хоналаридан бирига Бухоро деб ном берилган.

Илмий марказ намозхонаси

Манба

Kun.uz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here