Шаъбоннинг 15-куни рўза тутиш
Муборак Рамазон ойи келишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кутиб олиш учун ибодатга белларини маҳкам боғлар эдилар. У зот одатдаги ибодатларига қўшимча яна ибодат қилар эдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак Рамазон ойига тайёргарлик кўриш учун шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида ибодат қилишга ва унинг кундузида рўза тутишга тарғиб қилар эдилар. Буни Оиша онамизнинг ривоятларидан билиб олсак ҳам бўлади:
У зот айтдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ойларда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганларини кўрмадим» («СаҳиҳиМуслим»).
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъбон ойида кўп рўза тутганларини далил қилиб, аллома имом Нававий бу ойда рўза тутишни суннат деб айтганлар: «Шаъбон ойида рўза тутиш суннатдандир» («Ал Мажмуъ шарҳул Муҳаззаб»).
Юқорида зикр қилинган Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадислари ва бошқа кўпгина ҳадислардан шу маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутишга барча умматларини тарғиб қилганлари Рамазон ойига тайёргарлик кўриш учун экан. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳи шунга ишора қилиб айтадилар: «Менинг наздимда бу хос рўзанинг ҳикмати шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондан олдин, шаъбоннинг ярмида Рамазоннинг рўзасига намуна бўлиши учун рўза тутганлар. Токи Рамазондан ваҳшат ва ҳайбат бўлиб, қандай қилиб рўза тутаман, энди рўзамиз қандай ҳолатда бўлар экан, деб ўйламасин. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутишга буюрганлар».
Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Марҳамат, шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутиб кўринглар, Рамазоннинг рўзаси қандай эканини билиб оласизлар», демоқдалар. Бу бир кунлик рўзани тутишга ҳаммада ҳиммат топилади. Тўлиқ бир кун рўза тутган кишига Рамазоннинг рўзаси ҳам шундай бўлиши маълум бўлади. ўн бешинчи кечада бедор бўлиб ибодат қилиш эса таровеҳга намунадир. Яъни таровеҳда қандай қилиб ибодат қиламиз экан, деган одам шу кечада туриб, ибодат қилса, таровеҳнинг қандай экани маълум бўлади. «Бугун туни билан бедор бўлдик, таровеҳда бир-икки соат туриш нима бўлибди», деган фикр пайдо бўлади. Бу кечада қилинган ибодат мислга-мисл билан ёрдам қилишдир («Ал-юср маъал-уср»).
Бароат кечаси
Бароат кечаси (шаъбон ойининг 14-чисидан 15-чисига ўтар кечаси) борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай кўрсатма берганлар:
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади».
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Эй Оиша,) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим. «Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди», дедилар.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади».
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи», дедилар».
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан)бир нидо қилувчи нидо қилади: «Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман», дейди. Шу вақтда ким (қалбидан) сўраса, унга (ўзининг шаънига мувофиқ) берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа. (Булар ўзларининг ёмон амаллари сабабидан Аллоҳ таолонинг неъматидан маҳрум бўлгандирлар)».
Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳу айтади: «Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, ўлим фариштаси бу шаъбондан кейинги шаъбонгача ўлувчиларнинг исмини (Лавҳул маҳфуздан ўзининг дафтарига) кўчиради. Баъзи шахс зулм, тижорат ёки бирорта аёлга уйланади, ваҳоланки, унинг исми тирикларнинг қаторидан ўликларнинг қаторига кўчирилган бўлади. Қадр кечасидан кейин бу кечадан кўра афзалроқ кеча йўқ. Аллоҳ таоло (Ўзининг шаънига мувофиқ) дунё осмонига тушиб, мушрик, гиначи ва силаи раҳмни узувчилардан бошқа барчани мағфират қилади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтдилар: «Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан)тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди».
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким савоб умидида қоим туриб ибодат қилса, бас, унинг қалби (қиёмат куни сабабидан) одамларнинг қалби ўлган пайтда унинг қалби ўлмайди». Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Бизга шу гап етдики, беш кечада дуолар қабул қилинар экан: жума кечаси, ийдул азҳо кечаси, ийдул фитр кечаси, ражаб ойининг аввалги кечаси ва шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси».
Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу кечада бедор бўлиб, ибодат қилиш хоҳ у хилватда бўлсин ёки очиқликда бўлсин, афзалдир. Лекин жамланмасликка эътибор қаратиш лозим», дедилар.
Муфтий Муҳаммад Шафиъ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Юқоридаги ҳадислардан бу кечанинг фазилатлари маълум бўлганидек, мусулмонларга бу кечада қуйидаги амалларни қилиш суннат экани маълум бўлади:
1. Кечани бедор ўтказиб, намоз ва зикр, тиловатга машғул бўлиш;
2. Аллоҳ таолодан мағфират, оқибат ва ўзининг дунёю охиратдаги мақсадларининг ҳосил бўлишини дуо қилиб сўраш».
Аҳли сунна вал жамоа улуғлари бу кечада бедор бўлиб ибодат қилиб чиқишни ўзларига одат қилганлар. Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 795/1393) бу ҳақда шундай деганлар:
«Шаъбондан ўн бешинчи кечада Шом аҳлидан бўлган Холид ибн Миъдон, Макҳул, Луқмон ибн Омир ва бошқа тобеъинлар у кечани улуғлаб, қаттиқ ибодат қилар эдилар. Инсонлар у кечанинг фазилатини ва улуғлашни улардан ўрганганлар».
Бароат кечасини ихлос билан бедор ўтказиш ва у кечада Аллоҳ таолони рози қилишга уриниш барчамиз учун зарурдир. Қайси бир киши у кечани бедор ўтказишни бидъат деб билса, уни Аллоҳга ҳавола қилинг ва унинг ташвиқотларига ҳаргиз эътибор берманг. Чунки бароат кечасини бедор ўтказиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган амалдир. Салаф олимлар ҳам бароат кечасини бедор ўтказишга муттасил амал қилганлар. Фақиҳлар томонидан бу кунни бедор ўтказиш мустаҳаб деб белгиланган.
Ҳасан ибн Аммор ибн Али Шурунбулоли Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 1069) айтадилар:
«Кечаси қоим бўлишнинг маъноси кечанинг аксар қисмида ибодат билан, бир қавлда эса кечанинг озгина қисмида Қуръон, ҳадис ўқиш ёки уларни эшитиш ёки тасбеҳ, ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салават айтиш билан машғул бўлишдир».
Бундан маълум бўладики, ушбу кеча учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи қанча вақт Аллоҳ таолони ёд этишга қодир бўлса, ўшанча вақтни Қуръон ва ҳадис тиловати билан ёки уларни эшитиш билан ўтказиш лозим. Шу билан бир қаторда тасбеҳ, дуруду шариф ва нафл намозларни ўқиш лозим. Баъзи бир улуғлар бу кечада тасбеҳ намози ўқишни одат қилиб олган эдилар. Агар тасбеҳ намозини ўқий олса, уни ўқийди. Чунки у ҳақда келган ҳадисларда унинг фазилати жуда катта, деб айтилган.