Бағрикенгликнинг, самоҳатнинг юксак кўринишлари ҳақида Саҳл ибн Убайдуллоҳ Тустарий роҳимаҳуллоҳнинг бошларидан ўтган машҳур воқеа бор. Шу воқеани эслаб қўйсак, иншааллоҳ, фойдадан холи бўлмайди. Бу киши бир мажусий билан қўшни бўлганлар. Мажусий – дини йўқ одам, аҳли китоб ҳам эмас. Ҳали оловга, ҳали қуёшга сиғинадиган одам. Ўша мажусийнинг ҳовлисидаги ҳожатхонаси ҳазрати Саҳл яшайдиган уйнинг шундоққина биқинига тақаб қурилган эди. Ундан ҳар куни нопок ва нажосат нарса сизиб чиқарди. Саҳл ибн Убайдуллоҳ Тустарий у ерга бир тоғора қўйиб қўйган эдилар. Кундузи билан ўша тоғора тўлар, кечаси, ҳеч ким кўрмайдиган пайтда олиб чиқиб, тўкиб келар эдилар. Лекин қўшнисига бир оғиз эътироз билдирмас эдилар. Икки қўшни бир умр шундай яшашди. Вақти келиб, Саҳл ибн Убайдуллоҳ Тустарий бемор бўлиб, ажаллари яқинлашганда қўшнини чақирганлар. Қўшни келгач, бориб анави деворнинг тагидаги хоначани кўринг, деганлар. Мажусий қўшни бориб қараса, тоғорада нажосат йиғилиб турибди. «Бу нима?» деб сўраса, ҳазрати Саҳл «Ҳар куни сенинг уйингдан мана шу нарса чиқиб туради. Кундузлари шу идишга тўплаб, кечалари ташқарига олиб чиқар эдим. Ажалим яқинлашиб қолмаганида буни сенга айтмаган бўлар эдим. Мендан кейин сенга қўшни бўлиб келадиган одамнинг хулқи қандай бўлишини билмайман. Бу ҳолатга сабр қила олмай, сени қаттиқ ранжитиб қўйишидан қўрқдим. Энди аҳволни билдинг, хоҳлаганингни қил. Хоҳласанг, бу носозликни бартараф қил. Истамасанг, шундай қолаверсин. Мен сени огоҳлантирдим, холос», дедилар. Шунда бу ҳолатдан донг қотган ҳалиги мажусий: «Эй шайх, мен бир кофир бўлсам, шунча йилдан бери менга шундай муносабатда бўлиб келаётган эдингизми? Қўлингизни беринг, мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ҳамда элчиси эканига гувоҳлик бераман» деб, мусулмон бўлди. Орадан кўп ўтмай,C Саҳл розияллоҳу анҳу вафот этдилар. Мана азизлар, бир мўминнинг самоҳати, бағрикенглиги шарофатидан бир мажусий мусулмон бўлди.
Денов туман «Ҳожи Миён Абдуссамад» жомеъ масжиди имом хатиби М.Саидов