Имтиҳон кунларининг бирида ўқитувчи ўқувчиларга одатдагидан бошқачароқ услубда савол тузганлигини айтди ва саволларни 3 гуруҳга ажратди. Кейин шундай деди: “1 чи гуруҳдаги савол ўзига ишонган ва ўзини қийин саволларга ҳам жавоб бера оламан деб биладиганлар учун. Охиргиси эса, ўзини қолоқ ҳисоблаганлар учун”.

Ўқувчилар бирин-кетин саволларни ола бошлашди: Кимлардир биринчи турдаги саволларни олишди. Яна бошқалари ўртача саволларни, қолганлари эса, ўзлаштириши паст ўқувчиларга мўлжалланган саволларни олишди. Саволларни кўздан кечиришар экан қийинларини танлаган ўқувчилар уларни жуда оддий тузилганлигидан ажабланишди. Ўртачасини танлаганларда ҳам саволларни осонлигини кўргач “қийинини танласак ҳам бўлар экан” деган фикр пайдо бўлди. Оддий саволларни танлаган ўқувчилар, эса бироз қийналишди. Имтиҳонга ажратилган вақт тугамасидан муаллим жавоб варақаларини йиғиб ола бошлади ва натижаларни шу ернинг ўзидаёқ эълон қилишини айтди. Ҳамма ҳайратда. Ахир 3-4 боланинг жавоб варақасини текширишга бир неча дақиқа кетгандан бутун бошли синф ўқувчиларининг натижасини тезда эълон қилиш амри маҳолмасми Устоз кимнинг қайси вариантни танлаганига қараб уларни баҳолай бошлади. Қизиғи саволларнинг ҳаммаси бир хил экан.

Ўқувчилар муаллимнинг мақсадини тушунгандек бўлишди ва ҳеч ким эътироз билдирмади. Зотан ўқитувчи ҳар бир ўқувчига ўзи ўйлаган даражасига қараб баҳо қўйди. Яъни қийин саволни танлаганларга аъло баҳо, осонроғини танлаганларга ўрта ва қолганларга қониқарсиз.

Ҳаёт ҳам шундай. Сиз ўзингизни нималарга қодир деб билсангиз ўшаларгагина эришасиз. Олганингизга қўйган мақсадларга қараб натижаларини қўлга киритасиз, ортиғини эмас. Шундай экан олдингизга буюк-буюк мақсадларни қўйинг. Ҳақиқий устозимиз ва тарбият кунандаларимиз бўлган Аллоҳнинг “Мен бандамнинг ўйлаганидекман” деган кўрсатмасида ҳам шу маъно ирода қилинган бўлса не ажаб!

 

Олтинсой туман «Хидиршо ота» жоме масжид имом хатиби    А.Султонов  

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here