Аллоҳ таоло Ўзбекистонга марҳамат нурини сочди. Юртимизни мустақил қилди. Муқаддас ва мўътабар динимизни қайтариб берди. Масжидларда яна азон овози янграй бошлади. Қадриятларимиз, миллийлигимиз қайтадан тикланди. Аллоҳнинг инояти билан диний эътиқодимиз даҳрийлик исканжасидан қутилиб, ҳур ва озод диёр узра ўзининг нурини тарата бошлади. Бугун масжидларда хотиржам ибодат қилаётган кишиларни кўриб, илоҳим ўз уйимизда осудалик топганимиз рост бўлсин, дея дуолар қиламиз. Айниқса, жума ва ҳайит кунлари бутун диёримизни ўзгача бир файз қамраб олади. Рамазон ойидаги хатми Қуръон ва таровеҳ намозлари таровати ҳар бир мусулмоннинг руҳига тетиклик, жисмига қувват бахш этади. Аллоҳга беҳисоб шукрки, бир пайтлар хароба ҳолга келтирилган масжидлар ва зиёратгоҳлар қайта тикланиб, ислом умматининг қалби маънавий озуқа оладиган чиройли гўшаларга айлантирилди. Айниқса, масжидларимиз замонавий тарзда таъмирланиб, ибодат қилувчилар учун кундан-кунга янги қулайликлар қилинмоқда. Бу неъматлар учун тинмай шукрлар айтиб, Аллоҳ таолонинг каломи шарифида келган «Агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта, уларни зиёда қилурман» (Иброҳим сураси, 7-оят) деган марҳаматига мувофиқ яшамоғимиз лозим.
Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси юртда дунёга келса, ана шу ер унинг учун қадрли ватанга айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой ҳар бир киши учун барча нарсадан қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиш чоғида туғилиб ўсган ватани Макка шаҳрини тарк этар экан, унга қараб «Агар қавмим мени мажбур этмаганида, асло сени ташлаб кетмаган бўлур эдим», деганлар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа бир ривоятда:» Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам агар сафардан қайтиб келсалар, Мадинанинг деворларига, ҳайвонларига, туяларига қарар эдилар. Агар уловда бўлсалар, ватан соғинчида уловларини қистар эдилар».
Имом Бухорий ривояти.
Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ушбу ҳадис ватанни севиш ва уни қўмсаш шаръан жоиз эканига далолатдир».

Ватанга муҳаббат қилмоқ, ватанга мансуб бўлмоқ, исломга зид эмас. Балки, ватанни севмоқ иймондандир. Ватанни севмоқ ҳар бир инсон учун табиий нарсадир ва эътироф қилинадики, мусулмон киши учун ватанни севмоқ суннатдир.
Шунинг учун ҳам фарзандларимизни ҳар жиҳатдан баркамол ва диёнатли, ватанни севадиган, тупроғини кўзига тўтиё айлайдиган қилиб тарбиялашимиз лозим. Бугунги замон фарзандлари мард ва жасурлик билан биргаликда ғурурли, ор-номусли, соғлом эътиқодли бўлиб тарбия топишлиги билан бирга яхшини ёмондан, савобни гуноҳдан, диёнатни хиёнатдан, инсофни инсофсизликдан ажрата оладиган теран фикрли бўлиши шарт. Бу эса ҳар биримизнинг олдимизда турган юксак бурч ва мажбуриятдир.

Маълумки, бу йилги истиқлол байрами «Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон! » шиори остида ўтмоқда. Албатта, бунинг ҳам ўз рамзий маъноси, чуқур фалсафий ифодаси бор. Юртимиз саодатли маскан бўлиши учун барчамиз якдил бўлиб, ёшларимизни бир мақсад сари бошлай олсак, иншааллоҳ, ўйлаган ниятимизга етамиз.

Илоҳим, юртимиз ҳамиша тинч-осуда бўлиб, ҳар биримиз ўйлаган эзгу ниятимизга етиб юрайлик.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами барчамизга қутлуғ бўлсин !
Қизириқ тумани бош имоми А. Абдуназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here