Муқаддас ватанимиз буюк истиқлол шарафига мушарраф бўлди ва бу улуғ неъматнинг ато этилганига 29 йил тўлди. Бу давр мобайнида ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан асрларга татигулик тараққиёт ва муваффақиятларга эришдик. Мустақиллик неъматининг энг муҳим жиҳати Ўзбекистондек жаннатмакон юртни бутун дунё таниди ва унинг мустақилликдан кейинги тараққиётини билиттифоқ эътироф этди. Янада қувонарли, қалбларимизни тўлқинлантирадиган бахт бу – ўзлигимизни англаш, буюк ватанимизнинг қадрини, улуғ аждодларимизнинг меросини билиш шарафига муяссар бўлдик. Ҳазрат Навоийнинг;
Эл нетиб топгай мениким,
Мен ўзимни топмасам,
деган улуғ ниятларига биз етишдик, яъни ўзлигимизни англадик. Бунинг натижасида бутун дунё бизга ҳавас қила бошлади. Ўзбек маданиятининг, маърифатининг ажралмас қисми бўлган тинчликпарвар, мусаффо динимиз, диний қадриятларимиз ўзимизга қайтди. Муҳтарам Юртбошимиз муқаддас динимизнинг халқимиз маънавий-руҳий ҳаётидаги ўрни ҳақида шундай дейдилар, “Ҳар қандай шафқатсиз таъқибларга қарамасдан, халқимиз барибир ўз муқаддас динига содиқ қолди. Шунинг ўзиёқ динни инсон, халқ ва жамият ҳаётидан асло ўчириб бўлмаслигидан яна бир бор далолат беради. Биз муқаддас динимизнинг халқимиз тарихидаги ана шундай беқиёс ўрни ва таъсирини инобатга олган ҳолда, уни ҳар томонлама тиклаб, ҳаётимиздан мустаҳкам ва муносиб ўрин олишига эришдик” (Юксак маънавият – енгилмас куч 94-бет).
Дарҳақиқат, ҳозирда мамлакатимизда минглаб масжидлар фаолият юритмоқда ва мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Ислом дини, илм-фан ва жаҳон маданияти равнақига улкан ҳисса қўшган Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Амир Темур, Алишер Навоий каби буюк аждодларимизнинг таваллуд тўйлари кенг нишонланди, табаррук қадамжолари обод қилинди, асарлари минглаб нусхада нашр этилди. Ҳар йили беш мингдан зиёд юртдошларимиз уюшқоқлик билан ҳаж ибодатини адо этиш бахтига муяссар бўлмоқда. Исломий адабиётлар нашри кенг миқёсда йўлга қўйилиши юртдошларимизнинг диний-маърифий савияси йилдан-йилга ўсиб боришига сабаб бўлмоқда. Йилига ўнлаб номда исломий дарслик ва ўқув қўлланмалари, диний адабиётлар, мусулмонлар учун тақвимлар нашр этилмоқда. “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси мунтазам чиқиб турибди. Бошқа газета-журналлар, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда ҳам диний мавзуларга алоҳида ўрин ажратилган. Истиқлол йилларида диний таьлим тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Бугун мамлакатда Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти, Ислом ўрта махсус билим юрти ишлаб турибди. Уларда минглаб фарзандларимиз динимиз тарихи, Қурьони карим, ақида, ҳадис, фиқҳ илмлари билан бир қаторда дунёвий фанлардан ҳам сабоқ олишмоқда. Президент фармони билан 1999 йили Тошкент Ислом университетининг ташкил этилиши ҳам муҳим воқеа бўлди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка юз тутган дастлабки йилларданоқ мамлакат раҳбарияти ва ҳукумати томонидан эътиқод эркинлиги масалаларига катта эътибор қаратилди. 1991 йилнинг 14 июнида Республика Олий Кенгаши Ўзбекистон тарихида биринчи марта «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги Қонунни қабул қилди. Ушбу Қонуннинг мустақиллик йилларида ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида ўнлаб йиллар давомида диний эҳтиёжларини ҳадик ва таъқиб муҳитида у ёки бу даражада қондириб келган, лекин эътиқодда мустаҳкам қолган мамлакат фуқаролари эркин тин олдилар. Демократик ва ҳуқуқий давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ҳукуматимиз Конституция ва халқаро ҳужжатларда белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқлари меъёрларига тўлалигича амал қилиб, билим олиш, шу жумладан диний билим олиш учун кенг имкониятлар эшигини очиб қўйди.
Тарихга назар ташласак, мамлакатимиз маданиятлар ва маънавиятлар учрашиб келган чорраҳада жойлашганлигига ишонч ҳосил қиламиз. Юртимизда анъанавий равишда турли миллатлар яшаб келганлиги, турли динлар мавжуд бўлганлиги, ўтмишда ҳам, бугун ҳам унинг ҳудудида диний низолар бўлмаганлиги тарихчи олимлар ва диний арбоблар томонидан эътироф этилган. Марказий Осиёда зардўштийлик, монийлик, буддизм, христианлик, ислом каби динлар мавжуд бўлиб, шўролар даврини истисно қилганда, турли миллатлар ва элатлар вакили ўзлари танлаган динга эркин равишда эътиқод қилиб келганлар. Диний мутаассиблик ва муросасиз ақидапарастликнинг олдини олиш, динлараро ва миллатлараро низоларга йўл қўймаслик, аҳолини ислом динининг асл моҳиятидан хабардор қилиш, маънавий ва маърифий тадбирларда диннинг ижобий хусусиятлари ва имкониятларидан фойдаланишда масжидлар ва имом-хатибларимиз фаолиятини мақсадли ва тўғри йўналтиришнинг аҳамияти бениҳоядир. Бу борада мустақиллик йиллари, айниқса сўнгги йилларда пойтахт шаҳримизда фаолият юритаётган имом-хатиблар олдиларида турган ўта долзарб вазифаларни тўғри англаган ҳолда иш юритаётганликларини ҳам қайд этиш ўринлидир. Масжидларда, айниқса жума намози олдидан қилинадиган маърузаларида имом-хатибларимиз диндорларга ватанпарварлик, ватанни ҳимоя қилиш муқаддас бурч эканлиги, барча динларнинг, хусусан ислом динининг асл моҳияти тинчлик ва эзгуликлиги, бу амалларнинг Қуръони каримда Парвардигор томонидан буюрилганлиги, динда мажбурлаш йўқлиги, қон тўкиш ва одам ўлдириш энг катта гуноҳлардан саналиши, Аллоҳ таоло ва унинг пайғамбарлари ва сайлаб қўйилган бошлиқларга итоат фарз эканлиги, фарзанд тарбияси улуғ саодат ва мажбурият эканлиги ва бошқа тарбиявий, маънавий ва маърифий билимлар ва ўгитлар етказмоқдалар.
Энг улуғ байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги барчамизга муборак бўлсин! Муқаддас ватанимиз, буюк халқимиз, тараққиёт ва бахт-саодат йўлида ҳамиша бардавом бўлсин. Баркамолликка интилаётган фарзандларимиз салоҳиятли, ватанига садоқатли бўлишларига Аллоҳ таоло мушарраф айласин!.
Олтинсой туман бош имом хатиби М.Маматқулов