Вақтнинг қадрига етиш ҳам маданият ҳам маънавият
Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Инсонлар бошига тушадиган мусибат кўпдир, уларнинг энг каттаси вақтнинг беҳуда ўтганидир” яъни одамлар қиёматда кўпроқ дунёда вақтини беҳуда ўткагазганидан пушаймон бўлар экан. Бас ҳамма инсонлар учун вақт ўта муҳим, чунки, соатлар, дақиқалар, ҳатто сониялар бизнинг бахтимиз, турмуш шароитимиз, ютуғимиз ва албатта умримизни белгилайди. Шунинг учун вақтни ҳаётда энг олий ҳакам деб билмоқ лозим.
Бугунги куннинг глобал ҳолатини назарда оладиган бўлсак ота–оналарнинг асосий вазифаларидан бири фарзандлар учун вақтни белгилаб беришдир. Зеро, бугунги ёшлар кўпроқ бекор юришлари сабабли турли оқимларга қўшилишлари ё ножўя ишларга қўл уришлари кузатилмоқда.
Инсон онгида шаклланадиган дунёқараш, эътиқод, иймон, виждон, масъулият каби фазилатлар тарбиясида радио-телевидение, газета-журнал, бадиий ҳамда илмий адабиётларнинг ўрнини эътироф этган ҳолда, шуни айтиш мимкинки, боланинг вақтини тўғри тақсимлаб бериш унинг маънавий-ижтимоий ҳаётида катта ўрин тутади.
Жамиятдаги инсонларнинг вақти уларнинг фаолиятига қараб иккига бўлинади:
- Фаол вақт — бунда шахснинг ўз фаолияти давомидаги бевосита ҳаракатлари киради. Бунга мисол қилиб шахснинг китоб ёки газета ўқиши, компьютерда ишлаши, спорт машқлари билан шуғулланиши каби ҳаракатлари киради.
- Оилада ота-она, ака-ука, опа-сингил, қайнона-келин, қариндош-уруғлар ўртасидаги муносабатларнинг меъёри, уларнинг мақсадга мувофиқлиги, муносабатлардаги самимият даражаси ҳам ёшларда соғлом фикрнинг, шарм-ҳаё, меҳр-оқибат, иффат, ибо, назокат, лафз, масъулият ва албатта, вақтдан унумли фойдаланиш каби ижобий фазилатлар ва интеллектуал сифатларнинг намоён бўлишига замин ҳозирлайди.
- Агар ўсмир ёки ўспиринда ёшликдан унинг вақти тўғри тақсимланмай эътиборсиз қолдирилса ва унда китобга, билимга меҳр шаклланмаган бўлса, унинг билими саёз, тушунчалари тор бўлса, у соғлом ғояни зарарли ғоядан, дунёвийликни дахрийликдан, зиёни жаҳолатдан фарқлай олмайди.
- Фаолсиз вақт — бунда шахснинг ўз фаолияти давомида билвосита ҳаракатлари тушунилади. Мисол учун унинг ухлаши ёки бирор бир иш билан шуғулланмаслиги тушинилади.
Қўйида вақт тўғрисида турли манбалардан жам қилинган ибратли сўзларни келтирамиз:
- Ён-атрофдагиларга фойдамиз тегмаса, демак, вақт беҳуда кетибди.
- Кунни режалаштириш яхши. Бироқ муҳимидан номуҳимини фарқлай билмоқ керак. Муҳимига асосий вақтни ажратиб, беҳуда юмушларга ўралашиб қолинмаса, вақт баракали бўлади.
- Кечқурин ўтган кунимизни ҳисоб-китоб қилсак, кифоя, билинади-қолади.
- Умрнинг ҳамма соатларини фойдали ва соғлиққа мувофиқ машғулот билан
тўлдирингки, ғам-алам бош суқадиган жой топмасин.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалам)дан вақт ҳақида ҳадислар:
- “Оқил киши бир кунини тўртга тақсимлаши лозим:
- бир қисмида Раббига мурожаат қилади,
- бир қисмида ўзини ҳисоб-китоб қилади,
- бир қисмида Аллоҳнинг санъати борасида фикр юритади
- бир қисмида еб-ичиш каби (нафсоний) ҳожатларини бажаради”
- “Банда қиёмат куни тўрт амалидан сўралмагунча бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволларнинг
- биринчиси, умрни нама билан ўтказгани,
- иккинчиси, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани,
- учинчиси, мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нимага сарфлагани,
- туртинчиси, ўрганган илмига қандай амал қилганидан”
Ғайратли, иродали, идрокли мусулмон учун вақт бир кема, уни умид соҳилига олиб боради. Бекорчи, иродасиз, ишёқмас, айниқса фикрлашда дангаса киши борган сари жаҳолатга ботади, гуноҳи кўпаяди.
Вақт ҳақида мақоллар:
“Бекорчидан Худо безор”
“Вақтинг кетди бахтинг кетди”
“Вақтни қадрлашнинг энг синалган йўли яхши ишларга шошилиш”
“Нимани хор қилсанг шунга зор бўласан”
Маҳмуда Валиева, Тошкент шаҳар 274-мактаби муаллимаси:
Афсуски, вақтни доим ҳам қадрлай олмаймиз. Мен кўпроқ дарс беришга, ижодий учрашувлар-у маърифий суҳбатлардан ўзим ва ўқувчиларим баҳраманд бўлишига уринаман. Ғийбат аралашган давралардан, чўзилиб кетадиган йиғилишлардан ўзимни олиб қочаман. Ҳафталаб телевизор кўрмаслигим мумкин, сериалларни умуман томоша қилмайман, лекин ҳар куни мутолаа, китоб хумори тутади.
Бизда тўй-маърака кўп. Борсангиз кунингиз, бормасангиз обруйингиз кетади. Узоқ давом этадиган тўйларда ўтириб, маза-бемаза ашулаларни эшитиб, қулоқларим том битганида вақтим беҳуда ўтаётганини биламан….
Икром Искандар, шоир:
Йилнинг кафтдеккина календарида кичик бир нуқта – мен яшаётган кун бор. Коинот қадар улкан вақт доирасида бугунги кунимиз бир зарра каби. Умр эса, челакка тўлдирилган сув – бекорга тўкилиб кетмаслиги керак. У ниҳоллар кўкариши, одамлар чанқоғини босиши учун ҳам сарф этилиши лозим.
Донишманддан сўрашибди:
— Тирикликнинг қай бир соатлари зое кетган ҳисобланади?
Донишманд жавоб қилибди:
— Бировга яхшилик қилиш имкони бўлиб, бу дариғ тутилган дақиқалар.
Қаранг, бирон-бир имконият туғилиши билан яхшилик қилиш пайида бўлишимиз керак экан. Вақтимизни йўқотишимиз билан ўзимизга ёмонлик қилган бўлар эканмиз.
- Саволлар билан ўқувчиларимизга мурожаат қиламиз:
1.Сизнингча вақт нима? Уни қандай қадрлайсиз?
2.Вақт унумли, баракали, фойдали бўлиши учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?
3.Вақтингиз беҳуда, ҳатто зарарли ишларга сарфланаётгани ҳақида ҳеч ўйлаб ачинганингизни эслай оласизми?
Вақтимиз ҳақида хулоса
- Ўтган вақт ортга қайтмайди. Ўтганининг ўрнини келаётган босмайди. Бой берилган вақт ўрнини тўлдириб бўлмас. Асл, кучли сармоя деб пулни эмас, вақтни тушунганлар ютади.
Нега ҳар куни европаликларнинг вақтдан унумли фойдаланиши умумий ҳисобда етти-саккиз соатни ташкил қилган ҳолда, бизники бундан камроқ ҳисобланади. Чунки кўпчилигимиз ўз вақтимизни олдидаги вазифаларни билмаймиз. Билсак ҳам, вазифамизга риоя қилмаймиз. Вақтни асрашни ўрганишимиз, бир донишманд уқтирганидек, фақат вақт борасида “хасис” бўлишимиз мумкин. Ҳадисда бундай дейилган: “Вақт қилич кабидир. Агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”.
УМИ Сурхондарё вакиллиги ходими М. Азимов манбалар асосида тайёрлади