Тарбиячи масъулиятни ҳис қилиши керак
Ҳаёт имтиҳондан иборат. Имтиҳон бор жойда бурч, жавобгарлик, масъулият бўлади. Инсон ана шу масъулият билан дунёга келади. Барчамиз зиммасига омонат юклатилган имтиҳондаги инсонлармиз. Биз фарзандларимиз тақдири учун вужудимизнинг ҳар бир заррасига қадар жавобгармиз. Ўзимиз яхшиликларга эришсагу фарзандларимиз ёмонликларга гирифтор бўлса юрагимиз бардош бера олармикан?. Фарзандимизга бирор киши ёмонлик қилмоқчи бўлса жонимиз борича ҳимояга ташланамиз.
Фарзандларига умуман таълим-тарбия бермаган ота–она яхшиликларга лойиқмикан?
Афсусларким, баъзи ота–оналаримиз кўнгиллари кўчага боғланган. Улфатбозликка бўлган муҳаббатлари оилага бўлган муҳаббатдан ортиқроқ. Ошхона, кўча-куй, турли хил маишатпарастликда соатлаб умрларини беҳудага сарфлашади-ю, бола тарбиясида эса вақтларини қизғанишади. Ёки Оналар болаларга оталарини жазоловчи бўлган бир инсон сифатида кўрсатишади. “Ҳали қараб тур даданг келса айтаман сени роса калтаклайди” қабилида болани роса қўрқитишади. Пиёлани бехосдан синдирса аямай уради, гулдонни синдирса дўппослайди. Нима? Биз учун арзимас матоҳлар фарзандимиздан ҳам қийматлироқми? Отани бундай ёмон сифатлар билан танитмай балки ота келганда уни ҳурмат билан кутиб олишни ўргатишлик афзалроқ эмасми?
Гўзал хулқ ва тарбияли онанинг яхши феъл атвори фарзандида намоён бўлади. Табобат ва ирсият фани ота-онадаги руҳий – маънавий жиҳатлари болада ҳам такрорланишини исботлаган. Бу – тарбияни бола туғилмасидан, балки, оила қурмасдан олдин ўзида бошлаши керак дегани эмасми?
Ота ўз фарзандига молу дунё меросидан кўра одоб – ахлоқни мерос қилиб қолдирмоғи яхшидур. Чунки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида “Оталар фарзандларига яхши хулқдан кўра яхшироқ нарсани бера олмайди” деб марҳамат қилганлар. Сабаби молу дунё мероси кундан кунга камайиб боради. Одоб-ахлоқ мероси эса кўпайиб инсонни камолга етказиб бораверади.
Энди ота-она бир ўйлаб кўрсинларчи: бола тарбияси зарурми ёки беҳуда ишлар билан банд бўлиш зарурми?! Ота-она фарзандининг тарбияси билан қачон шуғулланади?
Эртага: беҳуда ишлар тўғрисида эмас, балки, фарзандлар олдидаги ота-оналик масъулияти ҳақида сўралади. Қиёматдаги жазога ҳали бордир. Лекин бу дунёдаги жазо кўп куттирмайди. Фарзанди гиёҳвандларга қўшилиб кетса ёки бузуқликни касб этса дардини кимга айтади? Кимни айблайди? Кимдан нажот сўрайди?.
Насиҳатнинг муҳим шартларидан бири айтаётган хулқ-атвор аввало инсоннинг ўзида бўлмоқлигидир. “Бировнинг ҳаққига хиёнат қилма” деса-ю ўзи бозорда тарозидан ёки метрдан уриб турса, унинг гапи бетаъсирдир.
Тарбиячи, насиҳатгўй, масъулиятни ҳис қилиши керак. Чунки муаллимнинг қадри Аллоҳнинг наздида жуда қадрлидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга яхшиликни ўргатувчи кишига Аллоҳ таъоло, фаришталари, осмон ва ер аҳли ҳатто ковакдаги чумоли, денгиздаги балиқларгача ҳаммаси саловот айтади” — деганлар. (Имом Термизий ривояти)
Денов тумани “Имом Исмоил Бухорий”
жомеъ масжиди имом ноиби: У.Қурбонов