Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ҳурлик шабадаси кўксига теккан халқ дунёга эшикларини кенг очди. Юртга ватандошлар, ишбилармонлар ва турли соҳа вакиллари кириб келишди. Халқ мақолларида: «Тоза ҳаво кирсин деб эшигингни очсанг, чанг ҳам киради», дейилганидек соф ниятли инсонлар орасида қалбида яширин ғаразни жойлаб олган турли экстремистик оқимлар ҳам бор эди.
Бу оқимларнинг бир қисми Ислом илмидан гапириб, мусулмонлар онгида бошқа дин вакилларига қарши кайфият уйғотишга уринса, бошқалари миссионерлик фаолиятини амалга ошириб, ўзга динни тарғиб қилувчи китоблар, рисолалар ва бошқа нашрларни ёшлар орасида тарқатиб, уларнинг фикрини чалғитишга ҳаракат қиларди. Бузғунчи мафкуравий гуруҳлар ўзларининг таъсирига тушган кишиларга моддий маблағ, чет элларга саёҳат йўлланмаси ҳадя қилиб, алдов воситасида халқимиз орасида ўзаро зиддиятлар чиқармоқчи бўлишди.
Ўзбекистонда миссионерлик ҳаракати қонунан тақиқланганига қарамай, асли мусулмон бўлган туб аҳоли орасида ўзга динларга тарғиб-ташвиқ этиш кузатилди. Динимиз душманлари атайлаб ислом аҳкомларини бузиб кўрсатиш, Қуръон оятларини бир-бирига тескари қўйиш, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларини қинғир талқин қилиш каби жирканч усулларни ишга соладилар.
Охирги ўн йилларда дин даъвоси билан ҳаракат қилаётган миссионерлик ташкилотларининг диёримиздаги кирдикорларига гувоҳмиз. Бу ҳол халқимиз орасида турли қарама-қаршиликларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, динидан воз кечиб, турли секталар этагини тутган кишилар вафот этганида жасадини қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Ўликнинг мусулмон ота-оналари фазандларининг христиан мозорига дафн этилишини, аҳоли эса христиан сектаси вакили жасадининг мусулмонлар ётган жойга қўйилишини истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда. Шунингдек, христиан сектасига аъзо бўлган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, отаси эса мусулмончилик одатларига кўра набирасининг қўлини ҳалоллашни истагани сабаб ота-бола ўртасида низолар келиб чиқаётгани ҳам маълум. Бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланмоқда. Қизнинг ота-онаси мусулмон ва албатта, қизларининг мусулмон киши билан турмуш қуришини исташади. Аммо сектачиликни қабул қилган қизга мусулмон кишининг уйланиши мумкин эмас.
Собиқ иттифоқ парчалангач, Ўрта Осиёда миссионерлар фаоллашиб қолишди. Бугун уларнинг гуруҳларини бу минтақанинг барча жумҳуриятларида кўриш мумкин. Ғарб давлатлари бу гуруҳларни катта маблағлар билан таъминланаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Масалан, «Прима» ахборот агентлиги хабарига кўра, биргина Озарбойжонда миссионерлик ҳаракатларини олиб бориш учун Ғарбдаги давлатлардан 20 миллион доллар пул ажратилиб, бу мамлакат аҳолисининг 20 фоизини насроний динига ўтказиш режалаштирилган.
Аҳолисининг тўқсон фоиздан ортиғи Ислом динига эътиқод қилувчи Ўзбекистон Республикасида ҳам сўнгги йилларда миссионерлик ҳаракатлари олиб борилаётгани кузатилди. Улар диёримизга беғараз равишда тил, компютер ўргатиш, ҳар хил соҳалар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш каби ишлар учун турли-туман ўқув марказлари ташкил этувчи ёки ҳар хил йўналишларда хайрия ишлари олиб борувчи нодавлат ташкилотлари қиёфасида кириб келишди. Узоқ йиллик мустабид тузум остида яшаган, аммо илмга чанқоқ, дунё билан мулоқотга киришишга иштиёқманд халқимиз вакиллари, табиий, бундай ўқув марказларига мурожаат қилишга шошдилар. Лекин ўқиш жараёнида «ўқитувчи»лари миссионерлар эканлиги маълум бўлиб қолди.
Қимматбаҳо қоғозларда жозибали кўринишда нашр этилган китобларини, варақа (буклет)ларини бозорлар, касалхона, сиҳатгоҳлар, ҳатто айрим ишхоналарда турли улов воситаларида бемалол тарқатишга эришишди. Афсус, баъзилар турли сабаблар билан улар тузоғига илиниб, залолат қаърига шўнғиб кетишди. Миссионерликдан кўзланган асосий мақсад динсиз бир миллатни динга киритиш эмас, балки айнан мусулмон фарзандларининг, ҳақ дини таълимотидан хабарсиз ҳолатидан фойдаланиб, Исломдан чиқаришдир.
«Шайх Аттор Валий» жомеъ масжиди имом хатиб С.Мирзаев