Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га мукаммал ва батамом салавоту
дурудлар бўлсин.
Барча хасталиклар ғазабга берилишдан пайдо бўлади. Инсон ғазабга берилса мия, жигар, буйрак ва юракка озуқа ташувчи йўллар бўғилади. Кўз қорачиғи кенгайиб, юрак уриши тезлашади. Бундай вақтда жигардан углеводлар (зарарли суюқлик) ажрала бошлайди. Аъзоларнинг бундай пала-партиш ишлаши кўп касалликларнинг (стенокардия, инфаркт, инсулт) келиб чиқишига сабаб бўлади.
Ғазабни даволаш йўллари. Ғазабдан қутулиш учун киши сабр, мулойимлик, собитлик ва оғир-босиқлик каби гўзал ахлоқларни ўзида шакллантирмоғи керак. Биз ҳар бир соҳада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак оламиз. Қаранг-а, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу масалада қандай йўл тутганлар:
Зайд ибн Саъна мусулмон бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, жуда қўполлик билан қарзини сўрайди. Ҳолбуки, қарз муддати ҳали битмаган эди. Зайд мана шу ерда нубувват сифатини кўрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳалимликлари ғазабларидан муқаддам турарди. Жоҳилнинг жаҳли-ғазаби у зотнинг ҳалимликларини зиёда этарди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайдга табассум қилиб, бағрикенглик билан муомала қилдилар. Умар разияллоҳу анҳу эса уни жеркиб ташладилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга ҳам, Зайдга ҳам таълим-тарбия бўлсин учун дедилар: “Эй Умар! Мен ҳам, у ҳам бошқа нарсага муҳтожроқмиз. Сен мени қарзни чиройли адо этишга, уни эса қарзини яхшилик билан сўрашга чақиргин”.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Саънанинг қарзини бериб юборишни ва Умар етказган азият учун қўшимча ҳақ ҳам беришни буюрдилар. Мана шу ҳодиса Зайднинг Исломга кириб, Аллоҳ таоло ғазабидан омон қолишига сабаб бўлди.
(Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Табароний ривоятлари).
Ғазабланган киши иложи борича ўзини тутсин. Ғазабнинг хунук оқибатинию кечиримлиликнинг фазилатини эсга олсин.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Тақводор зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшиликлар қилувчиларни севади”. (Оли Имрон сураси, 134-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ғазабини амалга оширишга қодир бўла туриб, ўзини босган бандани Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради ва унга истаган ҳурини танлаш ихтиёрини беради”.
(Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари);
“Аллоҳ учун ғазабини ютган банданинг ичи иймон билан тўлдирилади”.
(Аҳмад ривоятлари).
Абу Довуд ривоятида: “Аллоҳ уни омонлигу иймон билан тўлдиради”, дейилган.
Ғазаби қайнаган киши “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм” деб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин.
Аллоҳ таоло “Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта У Эшитувчи, Билгувчидир”. (Аъроф сураси, 199-оят).
Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида уришиб қолди. Улардан бири ғазабланиб, юзлари қизариб, иккинчисини ҳақорат қиларди.
“Мен бир калимани биламан”, — дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам — Агар у ушбу калимани айтса, ғазаби тарқалиб кетади: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ғазаби келган киши дарҳол ҳолатини ўзгартирмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар қай бирингизнинг ғазаби келса, тик турган бўлса, ўтириб олсин. Агар шунда ҳам ғазаби тарқамаса, ётиб олсин!” (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).
Чунки тик турган киши ғазабланганда бирон нарса қилиб қўйиши мумкин. Ўтирган ёки ётган киши эса бирон ножўя ҳатти-ҳаракат қилишдан тийилади. Яъни унинг ҳолати бунга йўл қўймайди.
Ғазаб келганда сукут сақлаш керак. Чунки гоҳида кишининг оғзидан чиқаётган гаплар унинг ғазабини баттар алангалатиб юборади ёки қаттиқ афсус-надомат келтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги сўзни уч бора такрорладилар:
“Агар қайси бирингиз дарғазаб бўлса, сукут қилсин!” (Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).
Ғазабни сўндирадиган воситалардан яна бири таҳоратдир. Маълумки ғазаб ҳароратни кўтаради. Сув эса кишини совутиб, асл ҳолига қайтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилаётиб шундай дедилар: “Билингларки, ғазаб одам боласи қалбида ёниб турган чўғдир!” (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
Таҳорат ибодатида Аллоҳ таоло зикри мавжуд. Инсондаги ғазабни алангалатиб турувчи шайтон эса ибодат қаршисида ортга чекинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!” (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).
Аллоҳ таоло учун ғазабланиш Биз юқорида нафс учун бўлган ғазабнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритдик. Бироқ Аллоҳ таолони деб, Унинг динини, буйруғу қайтариқларини, соф эътиқодини ва мусулмон биродарларини ҳимоя этиб, дарғазаб бўлиш мақтовли хислатдир.
Аллоҳ таоло “Улар билан жанг қилинглар, шунда Аллоҳ уларни сизларнинг қўлингиз билан азоблайди, расво қилади ва сизларни уларнинг устига ғолиб этади ҳамда мўмин қавм дилларини қондириб, кўнгилларидаги ғам-андуҳни кетказади”. (Тавба сураси, 15-оят).
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирларидаги бокира кизлардан-да ҳаёлироқ эдилар. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани ёқтирмасалар, биз буни у кишининг юзларидан билиб олар эдик”. (Бухорий ривоятлари).
Араблар қизлари учун уйнинг бир бурчагига парда тортиб, жой қилиб берар эдилар. Бокиралар номаҳрамлардан панада ҳаё билан жим ўтирардилар. Бу ерда «чодир» деганда ана ўша жой назарда тутилган. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч ғазаб қилмасдилар. Аммо Аллоҳ таоло белгилаган ҳудуд поймол этилса, у кишининг ғазабига ҳеч нарса туриш беролмасди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Инсон ғазаб устида қилиб қўйган ишларига ҳам жавоб беради
Киши ғазаб ҳолатида бировнинг қийматли нарсасига зиён етказиб қўйса, тўлайди. Ғазаб пайтида бир жонни қасддан ўлдирса, қасосга рўбарў қилинади. Оғзидан куфр калимаси чиқиб кетса, муртад бўлади. У тавба-тазарру қилмоғи шарт. Ичган қасами ҳам, айтган талоғи ҳам ўтади. Яъни дарғазаблиги унга тўсиқ бўла олмайди.
Мусулмон киши ҳамиша фойдали нарсаларни ўрганишга, чиройли мавъизага ва хайрли насиҳатга муҳаббатли бўлмоғи лозим Кам гапириб, кўп амал қилмоқ ва гўзал намуналарга иқтидо этмоқ фазилатли кишиларнинг одатларидир.
Маъсидхон Амриддин ўғли-“Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби