Ота-она ризоси
Ота-онага яхшилик қилиш мусулмонларнинг асосий одоби — маданиятларидан хисобланади. Динимиз талаби ҳам, одоб-ахлоқ борасида ёзилган китобларнинг асосий қисми ҳам айнан шунга йўналтирилган. Масалан: Буюк муҳаддис имом ал-Бухорийнинг энг мўътабар китобларидан бири “ал-адаб ал-муфрад” асарининг илк боби ҳам мусулмон одоби яъни ўзгалар билан бўладиган муомала одоби рўйхатининг биринчи сатрига ота-онага яхшилик қилиш бобини очиш билан ислом динининг бу масалага қанчалик аҳамият билан қарашини баён этганлар. Фикримизнинг исботи ўлароқ ушбу китобнинг аввалги бобида келган ҳадислардан бири;
Абдуллоҳ ибн Умар розиллоҳу анҳудан: “Роббнинг ризоси ота-онанинг ризосидадир. Роббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир”. Бизда “ота рози — худо рози” деган гап бор. Худди шу халқ сўзи ушбу хадисга мувофиқ айтилгандир.
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: У киши: “Бир мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган холда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса (отаси ёки онаси), битта эшик очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича Аллоҳ рози бўлмайди ”— дедилар. “ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?”— дейилди. “Зулм қилган бўлсалар ҳам” – деди.
Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Ҳаттоки, ота-она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги керак.
Абу Дардо розиллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тўққиз нарсани васият қилдилар: (шулардан бири) “… ота-онангга итоат қил. Агар улар сенинг бу дунёдан чиқиб кетишингга сабаб бўлса ҳам, улар учун чиқ…”
Ота-онага итоат қилишга катта эътибор беришимиз лозим. Модомики, Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган нарса бўлмаса, ҳаммасида ота-онага итоат қилишимиз керак. Агар гуноҳ бўладиган ишга буюрсалар, узр айтилади. Мисол учун “фалон гуноҳ ишни қил”, “ҳаромдан мол топ” ёки шунга ўхшаган нарсаларни айтсалар, узр айтиб бу ишни тарк қилинади.
Муоз ибн Жабал розиллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ ким ота-онасига яхшилик қилса, унга Тубо бўлсин, Аллоҳ таоло унинг умрини зиёда қилсин”, — дедилар”. (“Тубо” жаннатнинг номларидан бири ёки жаннатдаги чиройли дарахтнинг номи).
“Умрини зиёда қилсин” деганда, умрини баракали қилиш маъносида бўлади. Белгиланган умрини яшайди, лекин Аллоҳ таоло унинг умрини баракали қилиб қўяди.
Булар ота-она тириклик чоғида қилинадиган итоат ва яхшиликлардир. Энди, улар вафот этгач, қандай яхшилик қилиш мумкин.
Абу Усайддан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Расулуллоҳ! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?”- деб сўради.
“Ҳа! Тўрт хислат қолди: уларга дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, уларнинг аҳдига вафо қилиш, уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш” , — дедилар” .
Ота-она вафот этгандан кейин ҳам уларга яхшилик қилса бўлар экан.
- дуо қилиш: ота-оналарнинг ҳақларига Аллоҳ таолодан яхшиликлар сўраб дуо қилиш.
- Истиғфор айтиш: Уларнинг гуноҳларини кечишни Аллоҳдан сўраб истиғфор айтиш.
- Ота-онанинг аҳдига вафо қилиш. Ота-она ким биландир аҳд тузган бўлса, берган ваъдаси бўлса, мажбуриятлари бўлса уларни адо қилиш.
- ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари ва қариндошларини икром қилиш.
Бизлар учун беҳисоб яхшиликлар қилган ота-оналаримизга итоат қилиб, уларнинг дуосини олиш, агар дунёдан ўтган бўлсалар уларни хурсанд қиладиган савобли ишларда давомли бўлиш барчамизга насиб этсин.
Қизирик тумани “Мулло Остонақул” жомеъ масжиди имом-хатиби: Самадов Олим