Эътиқод барча илоҳий динларнинг тамалини, асосини ташкил этади, чунки у замонлар ўтиши билан ўзгариши мумкин бўлган ҳукмларга ўхшамайди. Балки, у Одам алайҳиссаломдан бошланиб, қиёматгача ўзгармай турадиган тушунчадир. Шунинг учун ҳам унга амал қилиб келаётган катта оқим «Аҳли суннат ва жамоат» деб номланган. Бу жамоа аъзолари суннийлик эътиқодидаги ҳанафийлик, шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик мазҳабларини ҳақ деб билади. Улар Ақоид илмининг икки буюк имомлари Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом АбулҲасан Ашъарий асос солган ақидавий таълимотларга амал қилади

Ҳозирги пайтда дунёдаги барча мусулмонларнинг учдан икки қисми Мотуридий ақидасига, бир қисми Имом Ашъарий ақидасига амал қилади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Умматим 73 фирқага бўлинади, биттасидан ташқари барча фирқалар дўзахга киради», деганлар. Шунда саҳобаи киромлар: Ё Расулуллоҳ, нажот топадиган бу фирқаи ножия қайсидир!-дебсўрашганида, Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлар», деб жавоб бердилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хабар қилганларидек, ислом уммати тезда 73 фирқага бўлиниб кетди. Уламои киромлар мусулмонларни ботил, гумроҳ, бидъатчи фирқалардан асраш мақсадида уларга пайғамбаримиз хабар қилган ножия фирқа эътиқоди қандайлигини тушунтирдилар. Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромларнинг эътиқод ва амаллари Қуръони карим, ҳадис таълимотларига мос эканини исботлаб, соф исломий ақидани вужудга келтирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларидек – ақидага эга бўлганларни ножия, яъни, аҳли суннат вал жамоат деб ижмоъ (иттифоқ) қилдилар.

Саҳобалар давридан кейин соф исломий ақидани бузишга ҳаракат қилганлар, илмсиз бу ишга киришганлар ягона исломий эътиқоддан жуда кўп адашган тоифаларни юзага келтирдилар .

Булардан: қараматий,  қадарий,  жаҳамий,  жабарий,  хорижий  ва  мўътазилийлар  каби бидъатчи фирқалар пайдо бўлган ва улар ўртасидаги ақидавий тортишувлар қонли можароларга олиб келган. Ислом оламида ақида борасида аҳвол танг эди. Уламолар ўртасида авж олаётган баҳсу мунозаралар мусулмонлар орасига саросималарни келтира бошладиАна шундай бир вазиятда, “Аҳли суннат  вал  жамоат”  ақидаларини  бир-бирига  зид  бўлган  хилма-хил бидъатчи  фирқалардан мухофаза  қилиш  мақсадида  Калом  илми  вужудга  келди.  Уммавий  халифаларидан (717-720 йилларда)  Умар  ибн  Абдулазиз,  Зайнулобидин,  Ҳасани  Басрий  ва  Имом  Аъзам (раҳима ҳумуллоҳ)лар  Калом  илмининг  дастлабки  раҳнамолари  ҳисобланганлар. Имом Аъзам биринчилардан бўлиб, ақида илмида «Ал-Фиқҳул-акбар» (Улуғ  фиқҳ) китобларини ёздилар. У пайтда ақида (калом) илми фиқҳ илмидан ажралмаган эдиБотил ақидали бидъатчи фирқалар кўпайгач, калом илми (ислом фалсафаси) фиқҳ илмидан ажралиб чиқиб, тафсир ва ҳадис илмлари каби асосий илмлардан бирига айланди. Бу илмнинг асосчи самарқандлик Ҳазрати Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва ироқлик Ҳазрати Имом Абул Ҳасан  ал-Ашъарий  ислом  оламининг  осмонида ёрқин  юлдузлар  каби  порладилар.  Калом  илми билан  биргаликда  ҳадис  ва  фиқҳ  илми  равнақига  улкан  ҳисса  қўшган  аллома  Абу  Мансур  ал-Мотурудий ҳанафий мазҳаби фиқҳини мукаммал ўрганиб, ўз ақидавий таълимотларида унинг «Ал-Фиқҳул-акбар» (Улуғ  фиқҳ)  китобига  асосландилар.  Имом  Мотуридий  яшаган  даврда  ислом оламида  эътиқод  масаласида  бир-бирига  қарама-қарши  фирқалар  ўртасида  мунозаралар кучайиб, у баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай зиддиятли даврда Имом Мотуридий ҳазратлари қиличлар ҳал қила олмаган, мусулмонларни тарқоқликка олиб бораётган эътиқодий оқимларга қарши ўз ақлу заковатлари, ояту ҳадислардан олинган, ҳар қандай ақлни таслим  қиладиган  далиллар  асосида  ўта  муҳим  муаммоларни  ҳал  этдилар.  Ислом  ақоидини парокандалик ва эътиқодий бузуқликлардан сақлаб қолгани учун «Мусаҳҳиҳу ақидатил-муслимин», яъни «Мусулмонлар эътиқодини тузатувчи» ва «Аъламул ҳудо», яъни «Ҳидоят йўлини, ҳақ йўлни билувчи зот» унвонларига мушарраф бўлдиларАллоҳ таолога ибодат қилишнинг ҳақиқати ҳам, У зотни танишнинг асоси ҳам ақоид илмида ўрганилганлиги сабабли ушбу илм қолган барча илмларнинг энг асосийси, энг олийси, диннинг асли бўлган илм ҳисобланади. Ушбу асл илмни ўрганиш ва унда баён қилинганларга эътиқод қилиш хайр барака бўлса, ундан узоқ бўлиш ё ўз-ўзини қийнаб беҳуда чираниш, ё бузуқ эътиқод қилиб дунё-ю охират яхшиликларидан ўзини мосуво қилишдир. Чунки бузуқ эътиқодда бўлган кишининг ибодатлари қабул бўлмайди ва қилаётган амаллари ҳам тўғри бўлмайдиЭътиқоди мусаффо кишининг эса қилган қилган озгина амали ҳам ўта сермаҳсул бўлади, яъни Аллоҳ таоло унинг тўғри эътиқоди баракотидан кўплаб ажр мукофотлар ато этади. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин мусулмон киши аввало диннинг асли бўлган ақоид илмини ўрганиши ўта зарур бўлади.

Шеробод тумани «Шеробод» жоме масжиди имом ноиби К.Номозов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here