Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг инсониятга ато этган улуғ неъматидир. Тинчлик ва хотиржамликсиз ер юзидаги ҳаётни тасаввур ҳам этиб бўлмайди. Кейинги пайтда жаҳон ҳамжамиятини тинчлик ва хотиржамликка раҳна солувчи жиноятчилик муаммоси ташвишга солаётир. Гиёҳвандлик, одам савдоси, қотиллик, порахўрлик, зулм-зўровонлик, террорчилик, фитна-фасод, ва бошқа кўплаб жиноятчилик билан боғлиқ халқаро муаммолар бутун дунёға маълум. Инсоният тарихига назар ташласак бу каби барча жиноятлар, оқибатида жамият ҳаётида ўнглаб бўлмас салбий оқибатлар вужудга келганлигига амин бўламиз. Бироқ инсоният келажагига хавф солган бу аччиқ тажриба айрим кимсалар учун ҳам сабоқ бўлмаган кўринади. Ёш авлодни, ўсмирларни ўз тузоғига илинтириб, жиноят кўчасига етаклашга бўлаётган уринишлар минтақа аҳолисини ҳақли равишда ташвишлантираяпти. Аллоҳ таолога беадад ҳамду-санолар бўлсинки истиқлолга эришган халқимиз, тинчлик ва осойишталикда, фаровонликда яшаб келмокда. Жамият ҳаётида маънавий соғлом муҳитни яратиш борасида, жиноятчиликнинг олдини олиш ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг барча кўринишларига қарши курашиш мақсадида давлатимиз томонидан кўплаб ислоҳатлар олиб борилмоқда. Бугун айрим давлатларда юз бераётган беқарорлик, нотинчлик ва жиноятчиликнинг ўсиши кишини чуқур ўйга толдиради. Ҳар доимгидан кўра огоҳ бўлишга, хушёр тортишга, тинчлик ва осойишталикнинг нақадар улуғ неъмат эканини англашга чорлайди. Муқаддас Ислом динимизнинг икки муқаддас манбаси Қуръон ва суннатда жамиятда тинчликни сақлаш энг катта савоб амаллардан экани ва аксинча, унга қарши турли жиноятлар эса улкан гуноҳлиги таъкидланган. Ҳар қандай гуноҳ ишга қўлимиз, тилимиз, ҳеч қурса дилимиз билан қарши туришга буюрилганмиз. Бир биримизни яхшиликка чақириб, ёмонликлардан қайтариш ҳар биримизнинг мўминлик бурчимиздир. Гуноҳ, жиноятчилик каби қабиҳ ишларнинг жавоби оғир, азоби қаттиқдир. Арзимас ва ўткинчи дунё матоҳини кўзлаб, қабиҳ ишлар билан шуғулланиб юрганлар наинки абадий охират саодатини бой беришаётгани, балки шу дунёдаёқ хору-зор бўлишларини эсдан чиқармасинлар. Зеро, Парвардигорнинг адолат тарозиси бор: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўради. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўради”. (Залзала-78) Аждодларимизнинг ёш авлодни миллий, инсонийлик руҳида тарбиялашда айниқса оила ва ота-онанинг ролини белгилашида ҳам катта маъно бор. Уларнинг ўгитларида “Оилада тинчлик ва осойишталик, ота-она ўртасида ўзаро бир-бирига меҳр муҳаббатнинг йўқлиги фарзанднинг қаҳрли бўлиб улғайишига сабабдир” дея эътироф этишган. Маълумки инсон ўз ҳаётида қилиши мумкин бўлган барча ёмонликлар унинг ёлғон гапиришни ўрганишдан бошланар экан. Унутмайликки, биз ота-оналар бола ёлғон гапиришни биринчи бўлиб оилада ўрганади. Деярли ҳар сафар матбуот саҳифаларида телевизор ёки радио орқали кўплаб маротаба жазони ижро этиш масканларида ёш маҳкумларнинг “дил” сўзларини тинглар эканмиз, уларнинг содир этган жиноятларининг келиб чиқишини таҳлил қилинганда, бу ришталар “носоғлом оила” га тақалишини ҳар биримиз эсдан чиқармайлик, унутмайлик. Оиладаги фарзанд янги ўтказилган кўчат, демакдир. Бўй чўзиб, гуркираб кетиши учун зийрак боғбоннинг парвариши лозим. Сиз билан биз шундай йўл тутайликки, ниҳолларимиз дарахтга айлансин. Кўкка бўй чўзсин. Барчага ибрат бўла оладиган, қалби қайноқ ёшлари бор юртнинг эртаси порлоқ бўлади. Иншаоллоҳ.
Шурчи тумани «Имом Аъзам Абу Ханифа» жоме масжиди имом хатиби Х.Хасанов