#Мақола
Илмни кимдан олиш керак ёхуд Юсуф алайҳиссалом сурасидаги ҳикмат.
Илмни кимдан, қандай олишлик бутун умматга ва унинг умумий манфаатларига тааллуқли бўлган муҳим масалалардан бири. Бу масалада эътиборингизни Қуъонда келган бир қиссага қаратмоқчимиз.
Зиндонда Юсуф алайҳиссалом билан бирга бўлган икки маҳбусдан бирининг – қутулиб чиқиб кетганидан кейин орадан узоқ замонлар ўтиб кетиб, подшоҳнинг туши муносабати билан Юсуф алайҳиссалом ҳузурига подшоҳнинг туши таъбирини сўраб келган пайтида унга мурожаат қилиб айтган сўзларига эътибор беринг: «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга айтиб бер». Демак, умматга тааллуқли, динга тааллуқли масалаларда ҳам ҳар кимдан сўрайвериш тўғри бўлмайди.
Чунки масала сўраб келган шахс Юсуф алайҳиссаломнинг кимлигини биларди. Зотан, «Мен аждодларим Иброҳим, Исҳок ва Яъқубларнинг миллати — динига эргашганман» (Юсуф: 38) деб айтган сўзларини унутмаганди. Демак, бу хусусдаги биринчи шарт шудир – динимизни ва диний манфаатларимизни номаълум шахслардан олмаслигимиз лозим.
Иккинчи шарт шуки, диний ишларимизда манба бўладиган шахс ростгўйлик билан танилган, дин ва дунёга омонатдор, мақсадлари дуруст, гап-сўзлари ҳам, иш-феъллари ҳам тўғри одам бўлиши зарур. Ахир молингизни омонатдорлигига ва лаёқатига ишонмаган кишининг қўлига топшириб қўймайсиз-ку! Шундай экан, қандай қилиб омонати ва ростлигига ишонч ҳосил қилмаган кишига динингизни топшириб қўясиз?! Сўровчи кишининг Юсуф алайҳиссаломда билган белгиларидан иккинчи белги айни шу ростгўйлик эди. Шунинг учун унга: «Эй ростгўй зот!» деб мурожаат қилган эди.
Учинчи шарти – илм аҳлидан бўлиши, зикр аҳли ва улул-амр бўлган кишилардан бўлмоғи зарур. Ва шунга тўлиқ ишонч ҳосил қилмоғи лозим.Зотан, бу соил (сўровчи) Юсуф алайҳиссаломнинг унга қамоқдалик пайтларида айтган қуйидаги сўзларини унутмаганди: «Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом олдингизга келишидан илгари унинг қандай таом эканини таъвилини айтиб бера оламан. Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир» (Юсуф: 37).
Парвардигоринг сенга билдирган ўша илмдан бизларга баён қилиб бер деди.
Демак, фатво соҳасида, илмий масалаларда, умматга тааллуқли ишларда сўзлаш, дин номидан гапириш фақат мазкур учта шартни ўзида жамлаган кишигагина дуруст ва жоиз бўлади. Бизлар динимизни, умумий манфаатларимизга доир муҳим ишларимизни фақат уммат уларнинг ростгўйликларини, омонатдорликларини, илмларини, шижоатларини эътироф этган, танилган маъруф ва ростгўй уламолардан олишимиз даркор.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Қуръон оятларидан ва ундаги ҳикматли зикрлардан фойдаланадиган кишилардан қилсин.
✍✍Бандихон тумани бош имом хатиби. Н.Махаммадиев
https://t.me/surxonmuslimuz