Ҳар бир мамлакат ҳавфсизлигини таъминлаш, тинчлигини сақлаш учун ўз армиясини шакллантиради. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари 1992 йил 14 январда ташкил топган. Шунинг учун ҳар йили 14 январни “Ватан ҳимоячилари куни”  сифатида нишонлаймиз Улар қуруқликда, сувда ва осмонда мамлакатимизни  ғаразли кучлардан ҳимоя қилувчи ватан посбонларидир.

Аллоҳ таоло Ўз китобида шундай марҳамат қилади: “Кимики Аллоҳ йўлида Султонига итоат қилган ҳолда мусулмонларнинг орқасидан уларни қўриқласа, ҳечам унинг кўзи дўзахни кўрмайди тоинки берган қасамёдини бузмагунча”

Мамлакатимиз чегараларини қўриқловчи чегарачилар ватан мудофаасида доимо шай. Ватан энг аввало ота-боболаримиз покиза хоклари ила шарафланган жойдир, Ватан биз олаётган ҳаводир. Ватанга муҳаббатни жамлай олган юрак фақат одам боласига хосдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен Одам болаларини азиз ва мукаррам қилиб яратдим” . Бу азиз ва мукаррамлик ватанни севмоқ, ватанни қадрламоқ ва равнақи ҳамда шону-шарафи, тинчлик осойишталиги учун хизмат қилмоқдир. Юрт тинчлиги, тараққиёти учун жон куйдириш ҳақиқий шараф. “Йилларнинг йиғини умр саналмас, ватанга наф теккан кунинг умрдир” деган мақол бекорга айтилмаган. Донолар юрт тинчлиги йўлида хизмат билан шуҳрат топиши иккинчи умр деганлар.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимки эрталаб дунёдан хафа бўлиб уйғонса, Аллоҳ ғазабида уйғонибди. Кимки эрталаб озгина қийинчиликларга ношукрчилик қилиб турса, ношукурлиги Аллоҳга етади”. Шундай экан шундай тинч ва осмони мусаффо юртда яшаётганимиз учун Аллоҳ таолога минг шукроналар келтириб, биз ҳам ватанимизни бегоналардан, ғаразли кучлардан сақлашда, ватанимиз ҳимоячилари қатори ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинким юрт посбонларининг туну кун саъйи ҳаракатлари билан юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, уйимизда хотиржам ухлаяпмиз, фарзандларимиз кўчада ўртоқлари билан ўйнашмоқда. Аллоҳ таоло юртимиз посбонларини доим ҳифзу ҳимоясида сақласин ва юртимиз доимо тинч бўлсин!

                                                                                                            Т.Худойқулов         Сурхондарё вилояти Олтинсой туман “Хўжа Бурхон” жомеъ масжиди имом хатиби:  

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here