Ривоят қилишларича, бир подшоҳ катта давлатни бошқарар эди. Бир куни у шаҳарда пиёда сайр қилишни истади ва узоқ масофани яёв босиб ўтди. Саройга қайтиш арафасида оёғи оғриб бир жойда тўхтаб дам олишга қарор қилди. Қараса, кўп юрганидан оёғи шишиб кетибди. Шу заҳоти шаҳарнинг барча йўлакларига қалин чармдан тикилган гиламчалар тўшашга амр қилмоқчи бўлди. Доно вазири подшоҳнинг мақсадини тушуниб, қарор чиқаришидан олдин оқилона маслаҳат берди.
– Подшоҳим. бир қошиқ қонимдан кечсангиз, бир таклифим бор эди.
– Марҳамат.
– Агар “хўп” десангиз, косиблар оёқ кийимингизнинг остига қалин чармдан таглик ясаб беришса. Кейинги сафар сайрга чиқганингизда оёғингиз оғримас эди.
Қиссадан ҳисса:
Агар бахтли яшашни истасанг, дунёни ўзгартиришга уринма. Ўзингни ўзгартир! Шунда дунё ҳам яхши томонга ўзгаради.
Шўрчи туманидаги Домла Қосим жомеъ масжиди имом хатиби М. Мусулманов