Оллоҳнинг Китобини диққат-эътибор ва тафаккур билан ўқимоқ, саодат ва қалб шодлигининг сабабларидандир. Оллоҳ таоло Ўз Китобини қалбларга ҳидоят, нур ва шифо, деб сифатлаган ҳамда унга раҳмат деб таъриф берган: «Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги (бузуқ эътиқодлардан иборат)нарсаларга шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат (яъни, Қуръон) келди». (Юнус сураси, 57-оят). «Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир, (шунинг учун у дилларга қуръон нури етмаётгандир)?!» (Муҳаммад сураси, 24-оят). «Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Оллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!». (Нисо сураси, 82-оят). «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз Сизга нозил қилган бир муборак Китобдир». (Сод сураси, 29-оят).
Улуғлардан бири айтди: Руҳимда Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган бир ғамни ҳис қилдим ва қуръонни олиб ўқий бошладим, шунда баногоҳ мен ҳис қилган ғам аста мендан йироқлаша бошлади, Оллоҳ менга ўша ғам ўрнига сурур ва шодликни алмаштирди. «Албатта бу Қуръон энг Тўғри Йўлга ҳидоят қилур…» (Ал-Исро сураси, 9-оят). «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан Сизга Руҳни — Қуръонни ваҳий қилдик”.
Изоҳ: Бу ўринда Оллоҳ таоло томонидан қуръони Карим Руҳ деб аталишига сабаб, жасад жон билан тирик бўлгани каби Диннинг руҳи — жони қуръондир. (Зухруф сураси, 52-оят).
«Толли ота » жоме масжиди имом хатиби Рашидов Ҳайбатулло