Бутун оламларни ўз марҳамати билан бор қилган, бандаларини ўзининг ҳидоят арқонини маҳкам тутишга буюрган, фирқаларга бўлинишдан қайтарган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, умматларини ўзининг ва ўзидан сўнг ҳидоятли издошларига эргашишга васият қилган пайғамбаримиз алайҳиссаломга дуруду саловатлар бўлсин!
Охирги пайтларда халқимиз орасида омма эътиборини ўзига жалб қилиш учун турли хил мавзуларда ҳар кандай малумотларни тарқатувчи инсонлар кўпайиб бораяпти. Айниқса оммавий ахборот воситалари ривожланган вақтда бундай маълумотлар интернет орқали тез суратда тарқалмокда. Ҳозирги кунда ёшларни ана шу интернет саҳифаларида тарқатилаётган кишининг онгини ва динини заҳарловчи маълумотларнинг салбий таъсирларидан сақлаш шу куннинг энг долзарб масаласига айланиб улгурди.
Чунки яқинда халқимиз орасида фитна уруғини ёйиб, уни тафриқага солмоқчи бўлган халқимиз душманлари эндиликда ўзларининг бузуқ мафкуралари билан интернет орқали халқимиз онгига хужум қилмоқчи бўлишаяпти. Ана шундай хатарли маълумотлардан бири ҳизбут-таҳрир жамоасининг фитналаридир!
Бу жамоага Тақийуддин Набаҳоний исмли шахс асос солган. У ўзининг фаолияти мобайнида аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид бўлган кўплаб иғво ва фитналарини ёйишга улгурган. Зеро унинг мақсади ва вазифаси исломни бузиш мусулмонлар орасига нифоқ солишдан иборат бўлган. У мужтаҳидлик даъвоси билан динда ғулув кетиб аҳли сунна равиясига зид фатволари билан баъзиларни ҳақ йўлдан оздирди. Бу фирқанинг залолатларидан халқни огоҳ қилиш хар бир қалбида иймони бор кишининг вазифасидир.
Абу Али Ад Даққоқ роҳматуллоҳ алайҳи “ Ҳақ сўзни айтишдан сукут қилган киши соқов шайтондир!”—деганлар. Бу фирқанинг залолатини баён қилиш учун бир неча китоблар ёзиш мумкин. Қуйида уларнинг биргина сўзлари билан бу фирқа аъёнлари нақадар жоҳил ва илмсиз бўлганларини исбот қилиб ўтамиз. Ушбу фирқанинг қўлланмаларидан бири “Китобут-тафкир” номли рисолада муаллиф қуйидагича ёзади:
“Инсон агар оят ва ҳадисдан ҳукм олиш малакасига эга бўлса у мужтаҳид саналади. Шунинг учун ҳукм олиш ва ижтиҳод ҳамма инсонлар учун мумкин ва муяссардир. Айниқса инсонлар қўлларида араб тилининг луғат китоблари ва ислом шариатининг китоблари бўлса”. ( Китобут Тафкир 149 саҳифа)
Бу даъвода илмсиз ҳолда кўр кўрона фатво эшигини очишга уриниш бор. Бу гумроҳлар мужтаҳид Қуръон ва ҳадис аҳкомларига тегишли илмларни пухта билган бўлиши шарт эканини билмайдиларми? Мужтаҳид Қуръондан хос ва омм, мутлақ ва муқайяд, мужмал ва мубайян, носих ва мансухларини, ҳадисдан эса мутавотир ва оҳод, мурсал ва муттасил, ровийларнинг адолати ва жарҳини яхши билган. Яна саҳобалар ва улардан кейинги мужтаҳидларнинг сўзларини, қиёснинг турларини, эътиқод усулларини, Қурон нозил бўлган араб тилини пухта билиши, адолатли бўлиши ва яна бошқа барча шартлар унда жамланган бўлиши шарт. Бу гумроҳлар раиси бўлган Тақиюддинда бу шартларнинг бирортаси топилмаган.
Бу даъво фосид эканини исбот қилиш учун биргина ҳадиси шариф кифоя қилади. Имоми Термизий ўзларининг сунанларида илм китобида келтирган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз алайҳис салом:
“Аллоҳ таоло менинг сўзларимни эшитиб ёд олган ва эшитганидек уни бошқаларга етказган кишининг юзини ёруғ қилади. Қанча фиқҳни кўтарувчилар бор аммо ўзлари фақиҳ эмаслар ва яна қанча фиқҳни кўтарувчилар бор фиқҳни ўзларидан фақиҳроқларга етказишади.”—деганлар.
“Қанча фиқҳни кўтарувчилар бор аммо ўзлари фақиҳ эмаслар” деган сўзларининг маъноси сизлардан баъзиларингиз мендан эшитган сўзларнинг хукмларини англамайсиз фақат бошқаларга етказасизлар. Улар орасидан баъзиларда эса бунинг хукмларини тушунишга малакаси бўлиши мумкин. деганидар. Ҳатто пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз саҳобаларини икки қисмга мужтаҳид ва ғайри мужтаҳидларга ажраган. Мужтаҳид бўлмаганлари мужтаҳид бўлганларидан аҳкомларни сўраб амал қилишган.
Мен ҳам Расулуллоҳни кўрганманку деб ўз-ўзича иш тутмаганлар. Ёки бошқаларга фатво айтмаганлар. Энди ҳар хил мақсад ва вазифаларни кўзлаб кўр кўрона фатво айтаётганлар, ваҳмига келган ҳар сўзни ёзиб тарқатаётганлар инсоф қилсинлар. Салафи солиҳлар изидан адашмай ва бошқаларни адаштирмай боришга Аллоҳдан мадад сўрасинлар. Чунки Аллоҳ ҳидоят эгасидир
Олтинсой тумани «Саййид Мухиддинхон»nжоме масжид имом хатиби Сирожиддин Мухиддинов