Зўравонлар биздан эмас

zo'ravonlar-bizdan-emassҲар қандай давлатнинг амалдаги Конституцион тизимини издан чиқаришга қаратилган ғоялар билан суғорилган мутаассиб оқимлар, жамият орасига суқилиб киришга, биринчи навбатда, ғоявий бўшлиқ, лоқайдлик ва бепарволик, саводсизлик бўлган жойда, ўринадилар. Инчунун, биз эндиликда бир ҳақиқатни тўлиқ англаб олмоғимиз лозимки, бу кечиктириб бўлмайдиган вазифамиз ва бурчимиздир. Ҳақиқатки, мутаассиб оқимлар ғоясини, ҳаракатини тўла ўрганишимиз, уларнинг аниқ мақсадларини, қай тушунчаларга эгалиги ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлишимиз лозим. Илло, буларни билмасдан туриб, уларнинг ғоялари ва ёвуз ҳаракатларига қарши самарали равишда курашиб бўлмайди. Албатта, бундай курашишнинг энг синалган, асрлар мобайнида тажрибадан ўтган усулларидан бири–Ватан тақдирига бўлган дахлдорлик ҳиссидир. Бу ҳиссиёт (бу шунчаки, оддий тушунча эмас), албатта, шахсни бепарволикка ундамай, балки ён-атрофда, маҳалла ва гузарда, кўча ҳамда қўшнилар хонадонида рўй бераётган воқеаларга, нохуш кайфиятда юрган шахсларга бўлган эътибордир. Негаки, ғоявий бўшлиқ ана шундай вазиятларда пайдо бўлади. Ва, бундай ғоявий бўшлиқнинг эртанги кунда оилангизда пайдо бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Юрт–маҳалла, гузарлар–Ватан тинчлиги, осойишталигини нима эканлигини исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Зеро, бугун мутаассиб оқимларнинг зўравонликка бино бўлган сиёсий ғоялари касридан нега миллионлаб одамлар (балки оилалардир) уй-жойсиз, дори-дармонсиз, егуликсиз сарсону саргардонликка маҳкумдирлар. Айни шундай ёвузликлару қотилликларни амалга ошираётганлар, афсуски муқаддас динимиз–Ислом номидан иш юритиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳунрезликларни амалга оширмоқдалар.

Бироқ, Ислом динимиз ўз тарихида ҳеч қачон урушу фитналар тарафдори бўлмаган, балки бу неъматни бошқа динлар қатори, уни қўллаб-қувватлаб келган ва яловбардорига айланган. Зотан, динимиз ер юзидаги башариятни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлашга, бу йўлда имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Муқаддас £уръони Каримда бу ҳақида шундай дейилади:

«Эй мўминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни, исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)! Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир». («Бақара» сураси. 208-оят. Тошкент. «Чўлпон» нашриёти. 25-бет).

Уламоларимизнинг тафсир китобларида келтирилишича, «тўла ҳолдаги исломга кирингиз» дейилганда–сулҳга, ўзаро тинчликни асрашга, фитнадан йироқ бўлиш маъноси берилади. Ва, тўла ҳолдаги ислом ҳам айнан шу. Оят давомида эслатиладики, шайтон одам боласининг очиқдан-очиқ душмани ва ғанимидир. Энди буни қарангки, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг кўпгина ҳадислари бугунгача ўз кучини йўқотмаган. «Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар». Ва, бугунги воқелик ушбу ҳадисни нақадар ростлигини исботлаб турибди. Яна бир ҳадисда шундай дейилади: «Ким бизларга тиғ кўтарса, у аҳли исломдан эмас».

Афсуски, бугунги воқеаларнинг сабабчилари бўлмиш–мутаассиб оқимлар, айнан ўз юртларидаги кишиларга тиғ кўтармоқдалар. Биз эса тинчликдек улуғ неъматни қадрига етмоғимиз лозим. Зеро, дин ниқоби остида террорчилик ва қўпарувчилик ҳаракатларини содир этаётган, ер юзида ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга, жамиятга ҳар томонлама зарар етказишга, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятини шаклланишига замин яратишга уринаётганлигидан мудом огоҳ бўлмоғимиз лозим. Ва, огоҳ бўлишимиз шартки, бугун ўз тараққиёт йўлини адашмасдан белгилаб олган юртимиздаги, тинчлик ва осойишталикни, барқарорликни, динлараро ўзаро ҳурмат-иззатни, фаровон ҳаётни кўролмайдиган кучлар мавжудки, бу неъматлар бизни жипслашишига, бу ёвуз кучларга қарши туришимизга, осойишта ҳаётни севиб яшашга ундайди.

Мансур БАДАЛБОЕВ

Сариосиё туман бош имом-хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here