ИСЛОМДА ГУРУҲ ТУЗИШ ҲУКМИ
Исломда турли ақидавий-сиёсий фирқа ва гуруҳларни ташкил топтириш, уларга бўлиниш ва Ислом уммати жамоъасидан ажралиб чиқиш Қуръон, суннат ва уламолар ижмоъсига биноан ҳаромдир. Бунда уларнинг кўзлаган мақсадларига эътибор қилинмайди!
Бунинг далиллари:Аввало Қуръон оятларида:“Барчангиз биргаликда Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлангиз ва фирқаланиб кетмангиз” (Оли Имрон 103)
“Уларга очиқ-ойдин баёнотлар келгандан кейин ҳам фирқаланиб ихтилофга тушганлар каби бўлмангиз. Албатта улар учун улкан азоб бордир” (Оли Имрон 105)“(Эй Пайғамбар) Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур” (Анъом 159)
Ушбу оятлар тафсирида Имом Насафий раҳимаҳуллоҳ ўзларини “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” номли тафсирларида қуйидагиларни айтганлар: “Бўлиниб кетмангиз ва бўлинишни келтириб чиқарувчи ҳолатлардан ҳам узоқда бўлингиз. Ҳақ борасида (яъни Қуръон, ҳадис ва уммат ижмоъси борасида) яҳудий, насронийлар фирқаланиб кетганлари каби ёки Исломдан аввал жоҳилиятда мутаассиб қабилачилик қилганингиз каби бўлиниб олманг” (Дор калимит тоййиб, Байрут 1998 йил, 3 жуз 280 бет)Гуруҳга бўлиниш ҳаром бўлгач гуруҳ тузишнинг ҳукми ҳам ҳаром, гуруҳга аъзо бўлишга чақириш ҳам ҳаром бўлади.Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ Қатода разияллоҳу анҳудан қуйидаги қавлни келтирганлар: “Аллоҳ сизлар учун фирқачиликни ёмон кўрди… сизларни ундан ҳазар қилишга чақирди ва ундан наҳй қилди. У зот сизлар учун …. жамоъатни яхши кўрди ва рози бўлди. Бас, Аллоҳ сиз учун рози бўлган нарсага сиз ҳам рози бўлинг”. (Ҳижр, Қоҳира 2001 йил, 5 жуз 647 бет)Имом, аллома Замахшарий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятлар тафсирида қуйидагича деганлар: “…шунингдек “бу оятлар ушбу умматнинг бидаътчи тоифалари ҳақида нозил бўлган” деб ҳам айтилган” (Тафсири “Кашшоф”, Мактаба Абийкон, Риёз 1998 йил, 1 жуз 606 бет)Ҳадислардан далиллар:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Яҳудлар етмиш бир фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш икки фирқага бўлиндилар. Умматим эса, етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг барчаси жаҳаннамда, илло биттаси нажот топади. Ўша нажот топувчиси “буюк қоралик” (катта оламон)дир” (Абу Довуд, Аҳмад ривоятлари)Ҳадисда Ислом умматининг жамоаъси нажот топиши очиқ-ойдин айтилган. Ҳеч бир соғлом ақл эгаси “ҳадисда келтирилган “буюк қоралик” (катта оламон) бу “Ҳизбут-таҳрир” ёки “Салафийлар” ва ё бошқа хусусий лақаблар билан жамоъатдан ажраб чиққан тоифалардир деб айта олмайди. Шунингдек ҳадисда бизлардан аввал динда адашган яҳудий ва насронийларнинг энг катта адашишлари бу—фирқаларга бўлиниб кетганлиги эканига ҳам очиқ ишора бор.
Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ сизлар учун уч нарсага рози бўлди: ўзигагина ибодат қилиб Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, Унинг арқонини (Қуръонни) маҳкам ушлашингиз ва фирқаланиб кетмаслигингиз”. деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида фирқаланиб кетмасликни фарз эканлигида шак-шубҳа йўқ нарсалар бўлган тавҳид ва Қуръонни маҳкам ушлаш билан бир қаторда зикр қилмоқдалар ва Аллоҳнинг розилигини шу нарсаларга боғлиқ эканлигини таъкидламоқдалар.
Имом Бухорий “Жомеъус Саҳиҳ”ларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг видолашув Ҳажида қилган ваъзлари орасида “…мендан кейин бир-бирингизнинг бўйнингизга урадиган кофир бўлиб (диндан) қайтиб кетмангиз…” деганларини келтирганлар. Бу гапдан Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида мусулмонлар бир уммат бўлганликлари, фирқа ва гуруҳларга бўлинмаганлари келиб чиқади. Ислом шариатида пайдо бўлган энг катта бидъатлардан бири фирқачиликдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай марҳамат қилганлар: “Сизлардан ким мендан кейин яшаса, яқинда кўп ихтилофларни кўради. Менинг суннатим ва мендан кейинги ҳидоят топган рошид халифалар суннатини лозим тутингиз уларни озиқ тишларингиз ила маҳкам тишлаб олингиз. Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланингиз. Зеро, динда янги пайдо қилинган нарса бидъатдир.
Ва ҳар бир бидъат залолатдир” (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бирорта фирқа бўлмагани собит ҳақиқатдир. Демак, фирқаларга бўлиниш, гуруҳлар ташкил қилиш ҳадисга биноан динда янги пайдо бўлган нарсадир ва ҳар бир динда янги пайдо қилинган нарса бидъатдир. Ва ҳар бир бидъат залолатдир!
Юқоридаги оят ва ҳадисларда фирқачиликдан очиқ-ойдин наҳй қилинмоқда. Барча аҳли сунна ва жамоъа уламолари якдиллик ила “Шариат эгаси (Аллоҳ ва Расули) тарафидан бўлган наҳй уни ҳаром қилиш маъносидан буриб юборадиган бирор аломатсиз келса, мутлоқ ҳаромликни ифодалайди” деганлар. Бу усулул фиқҳда кўп баҳс қилинган машҳур қоида бўлиб Имом Насафий ўзларининг усулул фиқҳга бағишланган “Манор” номли матнларига ёзган “Кашфул асрор” шарҳларида қуйидагиларни айтганлар: “Мутлоқ наҳйнинг шартли равишда келтириб чиқарадиган натижаси – наҳй қилинган ишнинг шартли равишда ман қилиниш, ҳаром бўлишидир” (Дорул кутубил илмия, Байрут 1 жуз, 140 бет). Демак Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам, мужтаҳидларимиз ижмоъсида ҳам фирқачилик ҳаром деб эътибор қилинган. Бас, кимки “динда фирқа ва гуруҳларни тузиш, уларни рағбатлантириш, соф Исломдан бўлмаган ғаразларини қувватлаш жоиз” деса, Китоб, суннат ва ижмоъга қарши турган бўлади. Аллоҳга қарши турган киши эса кофир бўлишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ!
Машҳур ҳанафий олими имом Таҳовий ҳам ўзларининг машҳур ақида рисолаларида: “Аҳли суннат ва жамоатга эргашамиз ва яккаланиш, хилоф ва фирқачиликдан четланамиз. Адолат ва омонат аҳлларини суямиз, жабр ва хиёнат аҳлларини ёмон кўрамиз” деб айтганлар.

Бойсун тумани бош имом-хатиби З.Чориев
https://t.me/surxonmuslimuz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here