Шукур улуг немат

“Агар шукр қилсангиз, У сизлардан рози бўлур” (Зумар сураси 7 оят)

“Шукр” арабча сўз бўлиб, луғатда “миннатдорлик, розилик” деган маъноларда келади. Истилоҳда эса яхшилик қилувчининг яхшилигини мамнунлик билан эътироф этишни “шукр” дейилади. Шукр уч хил бўлади. Биринчи қалб шукри, иккинчи тил шукри, учинчи амалий шукр.

Ҳар бир инсон ато этилган барча неъматлар Аллоҳ таолодан эканини билиб, унга иқрор бўлиши қалб шукридир. Ҳамиша Аллоҳ таолодан миннатдор бўлиш, унга ҳамду-сано айтиш тил шукридир. Тоат – ибодатда давомли бўлиш, эзгу амаллар қилиш, гуноҳлардан сақланиш амалий шукр бўлади. Инсон қўлидаги неъматларга шукур қилар экан, неъматлар зиёда бўлишига гувоҳ бўлади. Нолиш, инкор қилиш ила қўлидаги неъмат ҳам йўқ бўлади. Аллоҳ таоло бандаларига мислсиз неъматларни ином этди. Фақатгина бир талаб, ана шу неъматларга шукр қилишни талаб этди.

Бугун кўп дўстларимизни ёру-биродарларимизни ношукрлик қилиб нолиётганликларига гувоҳ бўламиз. Етти мучали соғ одам бугун ҳамёнида маблағи йўқ бўлса, шунга нолиши керакми энди? Бориб, шифохоналарда қўл — оёғи йўқ, ёки хасталаниб, ажалини кутиб ётган беморларни кўрсинларда қандай буюк неъмат соҳиби эканликларини ҳис қилсинлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”. (Бухорий ривояти). Неъматларга шукр қилинмаса, у албатта заволга учрайди, йўқолади. Улуғ мутасаввифлардан Фузайл ибн Иёз: “Сизлар неъматлар учун доимо шукр айтмоғингиз вожибдир. Қавмдан кетган бир неъматнинг яна қайтиб келиши жуда мушкул”, деган. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам: “Неъматга шукр қилиш унинг заволидан омонда сақлайди”, деганлар.

Шунинг учун ҳам, Аллоҳ розилигини тилаб, ўзимизда борига қаноатни ҳосил қилиб, унинг шукрини адо этсак, иншааллоҳ, Ўзининг ваъдасидек, Ўзининг фазлига муносиб ажр оламиз. Аллоҳ бизга берганига шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Банда икки қоидани билиб олиши керак, яъни бир инсонга икки қанот керак, биласизми у нима? Бири шукр, иккинчиси сабрдир. Масалан: машаққат устида сабр қилиб, борига шукр қилсак, Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ила енгилликни ато қилади. Енгилликда ҳам шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Бизнинг ҳамёнимиз сабр ва шукр бўлсин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”. (Бухорий ривояти).

Бундан кўринадики, инсон ҳар доим берилган неъматлар шукрини адо қилишга интилиши керак экан. Тани соғ бўлиши, оиласи тинч бўлиши, бошпанаси бўлиши, ўша уйида бир кунлик егулиги бўлиши бир неъмат бўлса, тонгга етиш ҳам бир неъмат ҳисобланар экан, чунки биламизки, эртанги кун учун ўнлаб режаларни тузиб, уйқига ётиб уйғонмаган, уйғона олмаётганлар қанча. Ҳадисдан ўрганганларимизга қарайдиган бўлсак, аввало ҳар биримиз учун тонг отиши, яъни яшаш энг олий неъмати экан.Роббимизнинг неъматларини катта-кичик демасдан, уларнинг шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади, иншааллоҳ. Қуръони каримда бу ҳақда марҳамат қилиниб, жумладан:

“…Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур…” – дейилган. Ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳнинг розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукронлик келтириши, ҳар қандай мусулмон киши ҳам ана шу икки калимани такрорлаб юришга одатланиши зарурдир. Саид ибн Жубайр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадир”, деганлар. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Роббисига шукр қилмоғи, қиёмат кунини фикр қилмоғи, ҳар бир қадамини ўйлаб, сўзларини эса фикрлаб, гапирмоғи муҳимдир.

Бандихон тумани “Саид Мухаммад” жоме масжиди

имом ноиби Жураев Абдулло Нормаматович

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here