#Раддия#Мақола Мазҳаблар Қуръон ва Суннат маҳсулидир
Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зотнинг ўзлари баён қилар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин одамлар билмаган нарсаларини асосан саҳобалардан сўрар эдилар. Гоҳида учраб турадиган қийин масалаларни ечиш учун эса энг билимдон саҳобалар йиғилиб маслаҳат қилишар ва фатво беришарди. Кейинчалик саҳобалар яшаш учун турли юртларга кўчиб кетдилар. Одамлар ўзлари суҳбатига етишган олим саҳобаларнинг фатволарига амал қилишарди.
Ўша даврнинг марказий шаҳарлари – Мадинада Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумнинг фатволарига амал қилинарди. Айнан мана шу даврларда саҳобалар мазҳаби шаклланганини кўриш мумкин.
Шундан кейин бу зотларнинг шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашдилар ва уларнинг мазҳабларини қўллаб қувватладилар. Замонлар ўтиши билан йигирмага яқин мазҳаблар ичидан фақат буюк тўрттаси қолди. Қолганларининг баъзи фатволари турли китобларда учраб туради холос.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ҳозирда кўп такрорланаётган “Динда мазҳабларга эргашиш йўқ!”, “Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган” каби пуч даъволарга мутлақо илмий асос мавжуд эмас. Саҳобалар даврида ҳам мужтаҳид саҳобалар мазҳаби бор эди. Саҳобалар мазҳаби асосида ҳозирга қадар етиб келган тўртта фиқҳий мазҳаблар сақланиб қолди.
Мазҳабга эргашиш – Қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
(سورة النحل/آية:43)
“Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (“Наҳл” сураси 43-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса:
وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَى أُولِي الْأَمْرِ مِنْهُمْ لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنْبِطُونَهُ مِنْهُمْ
(سورة النساء/آية:83)
“Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган иш эгаларига етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар” (Нисо сураси 83-оят).
Имом Табарий ва яна бир қанча муфассирлар мазкур оятдаги “иш эгалари” жумласини “аҳли илмлар” деб тафсир қилганлар.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр аҳли ҳисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар ушбу илоҳий фармонга бўйинсуниб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери муайян бир мазҳабга тақлид қилиб келишмоқда. Аслида бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларининг воқеъликдаги кўриниши эди. Чунки ҳадиси шарифда У Зот:
يَحْمِلُ هَذَا الْعِلْمَ مِنْ كُلِّ خَلَفٍ عُدُولُهُ، يَنْفُونَ عَنْهُ تَحْرِيفَ الْغَالِينَ، وَانْتِحَالَ الْمُبْطِلِينَ، وَتَأْوِيلَ الْجَاهِلِينَ
(رواه الإمام البيهقي)
яъни: “Бу илмни ҳар бир авлодлардан ишончли кишилар ташийдилар. Улар илмни жоҳилларнинг ботил талқинлари, йўлдан озганларнинг даъволари ва ғулувга кетганларнинг хатоларидан сақлайдилар”, – деганлар (Имом Байхақий «Мадхал»да ривоят қилган).
Фиқҳий мазҳаблар ҳозирга қадар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. Муҳаддис олимлардан бири Абдулҳақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ тўрт мужтаҳид имомлар йўли ҳақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди” (“Шарҳу сафарус-саъада” китоби).
Ҳозирги кунга келиб, буюк мужтаҳид олимларни қўйиб, ўзларига эргашишга даъват қиладиган қўштирноқ ичидаги “мужтаҳидлар” кўп учрамоқда. Улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларининг нафсу ҳаволари билан изоҳлаб, салафи солиҳларимиз йўлидан оғишмоқда. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
إِنَّ الله لاَ يَقْبِضُ الْعِلْمَ انْتِزَاعًا، يَنْتَزِعُهُ مِنَ الْعِبَادِ وَلكِنْ يَقْبِضُ الْعِلْمَ بِقبْضِ الْعُلَمَاءِ حَتَّى إِذَا لَمْ يُبْقِ عَالِمًا، اتَّخَذَ النَّاسُ رُءُوسًا جُهَّالاً، فَسُئِلُوا، فَأَفْتَوْا بغَيْرِ عِلْمٍ، فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا
(رواه الإمام البخاري)
яъни: “Аллоҳ таоло бандаларидан илмни тортиб олиш билан кўтармайди, балки илмни олимларни олиш билан кўтаради, ҳаттоки биронта олим қолмайди. Шунда одамлар жоҳилларни йўлбошчи қилиб оладилар. Улардан сўрайдилар, улар жавоб берадилар, ўзлари ҳам адашадилар, одамларни ҳам адаштирадилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳозирда бемазҳабликка чақираётган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр аҳлидан сўрашга буюрган”, дея одамларни алдашга уринмоқда! Хўш, мазҳаббошлари зикр аҳли бўлмаса, унда ким экан?! Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак?!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакили А.Сайфидинов