#Раддия #Мақола
Абдулло Зуфарнинг маърузаси давомида “истиво”-Аллоҳ аршга кўтарилганини таъкидлаб айтган сўзига раддия.
Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Ал-Фиқҳул Акбар» номли китобларида қуйидагиларни айтадилар:
«У Зот Ўз махлуқотларидан ҳеч нарсага ўхшамайди. У Зотга Унинг махлуқотларидан ҳеч нарса ўхшамайди. У Зотнинг сифатларининг барчаси махлуқларнинг сифатининг хилофидир. У Зот бизнинг илмимизга ўхшамас илм билан билади. У Зот бизнинг қудратимизга ўхшамас қудрат ила қодир бўлади. У Зот бизнинг кўришимизга ўхшамас кўриш ила кўради. Аллоҳ таоло Қуръонда юз, қўл ва жонни зикр қилган бўлса, улар У Зот учун кайфияти йўқ сифатлардир».
“Аршга истиво” маънодаги масалада салаф-ўтган мусулмон аждодлар ва уламоларнинг тутган йўллари “бор нарсани ўзича қабул қилиш, бошқа нарса ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаслик” бўлган.
Бу ҳақдаги ояти карималарда «Алал Арши истава» бирикмаси Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилади. Ўтган аждодларда бу маънони Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз, бу ҳақда сўз очмаймиз, деб келишилган. Чунки у вақтда ҳамма тўғри тушунчага эга бўлган, содда ҳаёт кечиришган ва турли фитналарга дучор бўлишмаган. Шу билан бирга, ушбу масалани кўтариб турадиган баъзи шахслар ҳам топилган. Лекин кўпчилик уларни «фитначи» деб номлаб, ўз фикрларини тарқатишларига йўл қўймаган. Шу билан мусулмонлар оммаси тинч-омон юрган.
Бу масалада имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг тутган мавқифлари ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган. Ривоятларда келишича, бир киши имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига кириб, истиво ҳақида сўраган экан.
Шунда имом Молик:
«Истиво маълум. Унинг қандайлиги номаълум. Унга иймон келтириш вожиб. Унинг ҳақида савол бериш бидъат. Сен бидъатчи экансан! Чиқаринглар буни менинг олдимдан!» деган эканлар.
Салафи солиҳларимиз шу йўл билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг поклиги, ўхшаши йўқлиги ва бошқа барча камолот сифатларига бўлган тўғри эътиқодни сақлаб туришган.
Ана шундай нозик масалани Абул Ҳасан ал-Ашъарий ва Абу Мансур ал-Мотурудий каби буюк алломалар ақийданинг софлигини сақлаб қолиш учун «Истиво – қувват ва султон ила эга бўлмоқдир», деган таъвил қилдилар.
Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар:“Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлган (тобеъин)лар. Сўнгра уларга яфин бўлган (табъа тобеъин)лардир. Улардан кейин ёлғончилик тарқалиб кетади. Ҳатто бирор кишики,ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан)гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичиш сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади”.
“Авлод” жомеъ масжиди имом-хатиби: Н. Турсунқулов.
https://t.me/surxonmuslimuz