Ватанимизда фиқҳий масъалаларни ўрганиш учун, кўплаб олий институтлар фаъолият кўрсатиб турибди.Айниқса,Тошкент олий Ислом институти,Халқаро Ислом академияси,ўндан ортиқ Ислом ўрта-махсус билим юртлари ўқитувчилари Ватандошларимиз диний саводларини ошириш учун,тинмай хизмат қилиб келмоқдалар. Юртдошларимиз диний саводлари йил сайин ошиб бормоқда. Ҳамюртларимиз ибодатларини асрлар оша Ҳанафия мазҳабига асосан амал қилиб келмоқдалар.Бу мазҳабни дунёга машҳур бўлишига, юртимиз алломалари Имом Мотурудий,Имом Насафий, Имом Марғиноний, Ҳаким Термизий, Сўфи Оллоёр ва бошқаларнинг хизматлари беқиёсдир. Мўътазила ва бошқа оқимлар, бу мазҳабга хуруж қилган замонда, Имом Мотурудий ҳазратларининг ақида бобида битган асарлари, Ҳанафия мазҳаби ақидаларини ҳимоялаб,унинг устунлигини олам аҳлига намоён этган.
Барча замонларда бўлганидек, баъзи чаласавод, омилар кишиларни бемазҳабликга чорлаётгани аҳён кўзга ташланмоқда. Улар ўзларича Қуръони Каримни шарҳлаб, баъзи мурғак қалб ёшларимизни ҳақиқий Ислом таълимотидан қайтариб,бемазҳаблик жари ёқасига тортмоқдалар. Шу сабаб, Сарф ва наҳв илмидан саводи паст бўлган киши Қуръондан ҳукм чиқариши мумкинми? Мужтаҳид ким? Мазҳаб нима? саволларига жавоб излаб,сиёҳга қўл урдик.
Тўрт мазҳабни бирига эргашишликда катта фоида бор. Ундан юз ўгириш эса кони зарардир. Биз буни бир неча сабабларини баён қилиб берамиз.
Биринчи: Ислом уммати шариъатни билишда ўзларидан аввал ўтган уламолар сўзларига амал қилишган. Тобеъинлар бу масъалада саҳобаларга (Аллоҳ улардан рози бўлсин!), табаъа тобеъинлар (Аллоҳнинг раҳмати у зотларга бўлсин!) эса тобеъинларга (Аллоҳнинг раҳмати у зотларга бўлсин!) эргашишган. Ҳар бир табақа ўзидан олдин ўтган уламоларга суянишган. Ақл бу амални тўғри эканлигига далолат этади. Чунки шариъат нақл ва истинбот[1] билан билинади. Нақл ҳар бир табақа ўзидан олдинги табақанинг илмини муттасил олганлигига боғлиқ бўлади. Истинбот эса мусулмон уммати иттифоқ қилган масъалаларда хилоф қилмаслик учун ,ўзларидан олдин ўтган олимларнинг мазҳабларига эргашиш билан камолотга етади. Шу сабаб, аввалги уламолар мазҳабига суяниб амал қилинади. Чунки сарф, наҳв, тиббиёт, шеърият, темирчилик, тижорат, заргарлик каби,илмларни моҳир устозларга эргашиш, уларни ўгитларини қабул қилиш билан ўзлаштирилади. Бу илмларни бошқа йўллар билан ўзлаштириш, агарчи ақл буни жоиз деб билса ҳам, ниҳоятда нодир ва битмас муаммога айланади. Эҳтимолий хатолардан саломатда қолиш учун, аввалги уламолар мазҳабига суяниш — бу ишонарли ривоят қилинган, баъзи мавзуларда умумий масъалалар, хосланган, мутлақ масъалалар, қайдланган, ихтилофли масъалалар келишиб олиниб,унинг иллати баён қилинган фатволарга амал қилиш демакдир. Агар юқоридаги шартлар мавжуд бўлмаса, унинг мазҳабига суяниш раво эмас. Замонамизда ушбу тўрт мазҳабдан бўлак, бу сифатларга лоиқ мазҳаблар топилмайди. Имомия, Зайдия кабиларни мазҳаб деб биласизми? Йўқ, чунки уларни фатвосига суянилмайди, улар аҳли ҳаво ва аҳли бидъат саналадилар.
Иккинчи: Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): «Саводул аъзамга эргашинглар!»[2] дедилар.[3] Саҳобалар (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин!) ва тобеъинлар (Аллоҳнинг раҳмати у зотларга бўлсин!) ва табаъа тобеъинлар (Аллоҳнинг раҳмати у зотларга бўлсин!) замонидан кейин, саводул-аъзамга эргашиш вожиб амаллардан ҳисобланади. Мазҳабга бўйсунмаслик саводул-аъзамга эргашмаслик деб эътибор қилинади.
Учинчи: Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам) давридан, замонлар ўтиб боргач, илм ва фатвода омонатдорлик йуқола бошлади. Ислом уммати ноҳақ қозилар, нафс ҳавога берилган кишилар фатволарига эргашмай, сидқ, омонат, диёнатда машҳур мазҳаб бошлиқларининг фатволарига эргаша бошлади. Ижтиҳод даражасига етганлиги маълум бўлмаган кишиларнинг фатволарига эмас, балки мазҳаб бошлиқларининг фатволарини қабул қилдилар. Муҳаққиқ мазҳаб уламоларининг мазҳабларига назар солсак, улар фатволарини китоб ва суннатга асослаб олганлигини мушоҳада этамиз. Агар фатвода бу сифатлар топилмаса, фатволари эътиборга олинмайди. Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!) ўз сўзларида бунга ишора этиб, «Мунофиқ киши Қуръон оятларига баҳс-жадал қилиши билан, Исломга зарар етказади.» дейди. Ибн Масъуд (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!) сўзларида: « Ким Динда эргашаман деса ,ўзидан аввал ўтган уламоларга эргашсин!», Ибн Ҳизам (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!) сўзларида: «Тақлид ҳаромдир … магар бир масъалада ижтиҳод қилган кишига эргашса бўлади.» бу маьнолар очиқ ва равшандир. Расуллуллоҳ (солаллоҳу алайҳи вассаллам) бир ишга буюрган ё манъ қилганлиги, аниқ зоҳир далиллар билан исботланган масъалаларда, кўпчилик муҳаққиқ олимлар бир мазҳабга эргашганини, мухолиф томон уларга қиёс ё истинбот билан ҳужжат келтираётган масъалаларда, ҳукми мансух бўлмаган, Расуллуллоҳ (солаллоҳу алайҳи вассаллам) ҳадисларини кўрса ,фақат мунофиқ ва аҳмоқгина рад этиши мумкин. Ижтиҳод даражасига етмаган кишига тўртала мазҳабдан биттасига эргашмоқлиги вожибдир.Қуръон оятлари ва ҳадис шарифдан далил келтирмоқлиги, Қуръон оятлари ҳукмига мувофиқ, номақбул амал саналади. Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда: «Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. »дейди.[4] «Улардан иш негизини биладиганларидан» мурод ижтиҳод мартабасига етган кишилар эканлиги маълум. Аммо мужтаҳид мартабасига етган кишига, ижтиҳод тақлиддан авлороқ бўлганлиги сабаб, масъалаларда бошқа мужтаҳидга тақлид қилиши тақиқланади. Лекин ҳукм қилиш учун, шартлари баён қилинган мустақил мутлақ мужтаҳид киши (600ҳ/1204м) йилдан буён Ислом умматида топилмади. Бу ҳақда ибн Салоҳ (Аллоҳнинг раҳмати у зотга бўлсин!) бир неча ўринда айтиб ўтган. Одамларга бу фарзни яъни мутлақ мужтаҳид даражасига етишликни тарк этганликлари гуноҳ саналмайди. Чунки барча инсонлар бу бобда ожизлар. Фарзи кифоя ожизлардан сўралмайди. Бу тўрт мазҳаб дегани фақат тўрт имомга бориб тақалмайди. Балки Суфёнлар, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, Довуд Зоҳирий, Авзойи каби, минглаб мазҳабга эргашган муҳаққиқ олимларнинг хизмати сарфланган. Уламоларимиз: «Тўрттала мазҳабдан бошқасига эргашилмайди.» дейдилар. Ҳукм ўзгариши ёки алмашиши эҳтимолдан холи бўлмаслиги сабаб, бошқа олимларни ҳукмини, синалган мазҳаб олимлари ҳукмига нисбатан ишонарсиз деб эьтибор қилишган. Чунки мазҳаб уламолари барча билимларини фатволарни таҳрирлаш, айтган сўзларини исботлашга сарфлашган. Мазҳабга эргашувчилар фатволар ўзгаришидан хотиржам бўлиб, саҳиҳ фатволарни заиъфидан ажратиб олганлар. Шу сабаб, Зайд ибн Али (Аллоҳнинг раҳмати у зотга бўлсин!) ҳақида у киши қадрлари улуғ имомлардандир деб эсга олинмайди. Унинг мазҳабига одамларнинг ишончини сўнганини сабаби, мазҳабидаги уламолар фатволарни санадига бепарво бўлганидадир. Тўртала мазҳаб мусулмонлар эргашадиган машҳур мазҳаблар сирасига киради. Ҳар бир мазҳаб Имоми ўзининг тобеъларига таниш сиймолардир. Киши бир мазҳабга эргашиб, кўп ташвишлардан қутилади. Абадий саодатга эришади.
Хулоса қилиб, айтадиган бўлсак, бемазҳаблик, инсонни тубансиз жар томон етаклайди. Чаласаводлар ўзларининг илмига мағрур бўлиб, асрлар оша ота-боболаримиз таълим берган ҳақиқий Ислом таълимотини парда билан ёпишга уринишади. Ёшларимизга мазҳаб бу дунё кўприги ва жаннатга нажот бўладиган восита эканлигини уқтирсак, келажакда авлодларимиздан буюк алломалар чиқишига шак-шубҳа қолмайди.
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими Ф.Худойназаров
[1] Истинбот — сўзи луғатда «ер қаъридан сув чиқариш» маъносини англатади. Дийний илмларда эса, шаръий далиллардан шаръий ҳукмларни чиқариш «истинбот» дейилади.
[2] Исҳоқ ибн Роҳавайҳ (Бу киши катта имом, машриқ шайхи ва ҳофизлар саййиди бўлади. (Бухорийнинг ҳам шайхларидан бири; 161-238-ҳижрий йилларда яшаган). «Сияри аълами нубала» китоби 11-жуз, 358-бет.) айтади: «У замонда Абу Ҳамза бўлса, бизнинг замонимизда Муҳаммад ибн Аслам ва унга эргашган кишилардир». Кейин Исҳоқ айтди: «Агар мен, жоҳиллардан саводул-аъзам ким деб сўрасам, одамларнинг жамоати, деб жавоб берган бўлишарди! Улар билишмайдики, жамоат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг асарлари ва йўлларини мустаҳкам тутган олимдир. Бас, кимки шундай олим билан бирга бўлиб унга эргашса, у жамоатдир. Кимки унинг ишида унга мухолиф бўлса, жамоатни тарк этгандир» («Ал-Ҳилйа», 9-ж, 239-бет.).
[3]«Мавсуатус суннатин набавия»:1/5182.
[4] Нисо сураси 83-оят.