Инсон зурриёди Аллоҳ таолонинг буюк неъматидир. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в шундай деганлар; “Гўдаклар Аллоҳнинг райҳонларидир” Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, у инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратди, унинг қалбига ўзининг илоҳий, эзгу фазилатларини жамлади- дейилади муқаддас ояти-карималарда. Бу пурмано каломларнинг замирида қанчадан-қанча ҳикматлар яширин. Илм-фан ривожи ва инсон омили устидаги не-не тадқиқотлар натижасида англанган илоҳий ришта, улуғ туйғу-Меҳрдир дея таъкидлайди барча давр олимлари.
Биз кундалик нашрларда “Аёллар саҳифаси” варақлаб, мутоала қиларканмиз, шундай маълумотларни учратамиз. Чақалоқ туғилганда онасидан киндик боғи узилади, аммо узилмайдиган кўринмас боғ ҳам бор. Мутахассислар янги туғилган чақалоқ билан онаси орасида “Магнит боғи” бўлишини исботлашди. Бу илоҳий боғ тўрт кунгача она болани рўхан боғлаб тураркан. Ана шу меҳр муҳаббат сабаб она вазифасини меҳр-муҳаббат билан, таъмасиз адо қилади, гудак ҳам онасига талпинади, Ҳа яратганнинг биз инсониятга инъом этган неъматларини яна бир бора шукроналик билан таъкидлаймиз. Бугун жаннатмакон диёримизда мустақиллигимиз шарофати билан ҳаётимиз фаровон, тўкин. Тинч осуда умргузоронлик билан бунёдкорона меҳнат фаолияти билан ҳалқимиз истиқбол сари дадил одимламоқда. Бироқ, ҳалқимизда “Шоли курмаксиз бўлмайди” деганларидек, ҳаётимизда кўнгилни хира қиладиган, жамиятимиз ҳуснига “Қора доғ” бўлиб турган оғриқли нуқталар ҳам учрамоқда. Оилавий ажримлар, низоларнинг оқибатида тирик етимлар бегуноҳ гудаклар жабрдийда бўлиб қолмоқда. Ислом шариати оилани мустахкам сақлашни, муқаддас никоҳни ҳар қандай вазиятда ҳам авайлаб-асрашни юқори даражага қўйди. Эр-хотиннинг феъл-атворидаги хато ва камчилликлар ажралишларга сабаб бўлмаслигини ўқтиради. Қайтар дунё дейдилар. Ҳаётда эзгу ва савоб ишларни ҳалқ ҳизматида бўлиб ўларнинг розилигини олган инсонларнинг яхшиликлари аксарият ҳолларда фарзандларидан, бошқалардан қайтганликларига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Аксинча, ўз фарзанд гўдакларини хору-зор қилиб ташлаб кетган тирик етим қилган, ўзи эса роҳат фароғат маишатда яшаб ўтиб, сўнгги кунларида фарзанд доғида қийналиб бу дунёдан кетган кимсаларни ҳам ҳаётий тажрибалар кўрсатиб турибди. Ҳар бир ота она кексайганда фарзандлари ардоғида, элнинг ҳурматида бўлишни уларнинг меҳр-муҳаббатини қозонишни истайди, орзу қилади. Лекин бу истак, орзунинг ўзи камлик қиларкан. Биз кекса авлод вакиллари ёшларда меҳр-муҳаббатда ибрат ва намуна бўлиб, ана шундай эзгу ишларда бардавом бўлсаккина, уларнинг тарбиясида муҳим ўрин эгаллаган бўламиз. “Ёшликда қилинган иш, эгасини кутиб олади; -дейилади ҳалқ мақолларида. Шундай экан, фарзандлар ҳаққига хиёнат, зулм қилмайлик, уларни меҳр оқибатли қилиб тарбиялайлик, Аллоҳнинг азобидан қўрқайлик. Аллох таоло барчаларимизни ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин!
Шурчи туманидаги «Имоми Аъзам Абу Ханифа» жомеъ масжиди имом-хатиби Х.Хасанов