Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзларининг Муснад номли китобларида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: «Ансорлардан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳеч бола билан ризқланмадим, менда бола бўлмади» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Кўп истиғфор айтиб, кўп садақа қилсанг, ризқланасан» дедилар. Бояги киши истиғфор ва садақани кўпайтирди.
Жобир розияллоҳу анҳумо айтадилар: «У одамга тўққизта ўғил фарзанд берилди».
Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гўё Нуҳ алайҳиссаломдан ҳикоя тарзида айтилган «Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма — кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола — чақа ила мадад берадир. Ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир» (Нуҳ сураси, 10–12 оятлар) оятидан иқтибос олдилар».
Ҳадислардан бирида шундай келган: «Ким истиғфорни кўпайтирса, Аллоҳ унга ҳар бир ғамдан кушойиш, тангликдан қутулиш йўли ва унга ўйламаган томонидан ризқ беради».
Имом Аҳмад, Ҳоким Ибн Аббос розияллоҳу анҳумолар ривоят қилишган.
Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳнинг «Шарҳу Муснади Аби Ҳанийфа» китобининг, 587-бетидан.