Бисмиллаҳир роҳманир роҳиийм
Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ва жаноб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбаримизга саловатлар бўлсин.
Аёл кишини эъзозлаш борасида ҳеч бир дин ислом диничалик амалда бўлмаган. Жумладан, Аллоҳнинг каломи Қуръони каримда аёллар мавзусига кенг тўхталиб “Нисо (аёллар)” номли сура нозил бўлган.
Аёл кишини эъзозлаш, эркак ва аёл тенглиги тамойили ислом таълимотида қуйидаги кўринишларда акс этган:
1. Эркак ва аёл яратилиш жиҳатидан тенгдир.
Бу ҳақиқат бир неча оятларнинг моҳиятини ташкил қилади. Улардан бирида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳавони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!..»(“Нисо” сураси, 1-оят)
Маъноси: «Эй иймон келтирганлар, Раббингиздан қўрқинг! Унга итоат этинг ва асло унга осий бўлманг. Унга шукр қилинг, куфр келтирманг. У Ўз қудрати ила сизни бир жондан пайдо қилди. У отангиз Одам алайҳиссаломнинг жонидир. У мана шу бир жондан яна унинг жуфтини яратди, у Ҳаводир. Мана шу бир нафс ва унинг жуфтидан туғиш ва насл қолдириш йўли билан кўпгина эркак ва аёлларни пайдо қилди. Улар Ернинг турли минтақаларида ҳар хил рангларда тарқалдилар. Тиллари ва шакл-шамойиллари қандай бўлишидан қатъий назар, улар бир ота-онадан кўпайганларини идрок этишлари лозим. Бу ҳол уларнинг ўзаро раҳм-шафқатли, ҳамдард бўлишларини тақозо этади.Қуйидаги оятлар мавзуни тўлдиради: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир.
Ушбу икки оятга ўхшаш яна бир неча оятлар борки, улар эркак ва аёлларнинг тенглигини, бир негиздан пайдо бўлганларини тасдиқлайди: «Бас, парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман…»(“Оли Имрон” сураси, 195-оят)
Аллоҳ таолонинг қудрати олдида ҳар бир нарса ожиз ва Унинг тақдири ва хоҳишини ҳеч ким ўзгартира олмайди: «Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулкидир. У ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини — туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдур»(“Шўро” сураси, 49, 50-оятлар).
Ушбу тўрт ҳолат инсонлар турмушига хосдир. Уларда Аллоҳ таолонинг хоҳиш-истаги, ҳикмати ва қудрати намоён бўлади. Инсониятга берилган илм ва куч-қувватдан қатъий назар, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким мана шу тўрт ҳолатни бошқара олмайди. Бу тўрт ҳолат: хоҳлаганига ўғил; хоҳлаганига қиз; хоҳлаганига эгизак ўғиллар; хоҳлаганига эгизак қизлар беришдир.
Эркак ва аёл бир негиздан тарқалган экан, улар ўзаро тенгдир, бири иккинчисидан устун бўлолмайди. Улар орасидаги устунлик фақатгина иймон, солиҳ амаллар борасида бўлиши мумкин. Эркаклар жисмоний жиҳатдан бақувват, машаққатларни кўтаришга чидамлироқ бўлса, аёллар ҳис-туйғуларининг нозиклиги, қалбларининг меҳр-муҳаббатга лиммо-лимлиги билан ўзига хосдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни шундай васф қилганлар: «Аёлларни фақат яхши одамгина ҳурмат қилади. Нодон одам эса уларни хорлайди». Ул зот шундай буюрганлар: «Аёлларга яхши муомала қилинглар».
- Шаръий мажбуриятларда эркак ва аёлнинг тенглиги.
Шаръий мажбуриятларда эркак ва аёллар учун умумийлари бор. Қуръони каримнинг шундай оятлар борки, яхшиликка савоб, маъсиятга жазо борлиги уқтирилар экан, эркаг-у аёлга умумий хитоб қилинади. Фикримизга далил бўладиган оятга диққат қилинг:
«Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир»(“Аҳзоб” сураси, 35-оят).
- Илм ўрганиш, маърифатли бўлишдаги тенглик.
Шаръий мажбуриятларда бўлгани каби илм олишда ҳам ислом таълимоти эркак ва аёлни ажратмайди. Балки ҳар иккисини ҳам илмли, маърифатли, маданиятли бўлишга буюради. Фақат бу илм-маърифатдан ўзига ҳам, эл-юртга ҳам наф, фойда тегсин…
Аллоҳ таоло, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, илм билан шуғулланган инсонни шарафлаган. Жумладан, Қуръони каримда шундай дейилади: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (“Оли Имрон” сураси, 18-оят).
Яна бошқа оятда шундай дейилади: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим — билимдонларгина қўрқур…» (“Фотир” сураси, 28-оят)
Қуйидаги оятда ҳам илм эгалари — маърифатли инсонлар улуғланган: «Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар» (“Анкабут” сураси, 43-оят).
Ушбу оятда эса билгувчилар ва бошқаларнинг ўзаро тенг бўлмаслиги таъкидланган «… Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар» (“Зумар” сураси, 9-оят).
“Илмли одам хор бўлмас”, деймиз. Бу бежиз эмас. Зеро, Аллоҳнинг ваъдаси бор: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (“Мужодала” сураси, 11-оят).
Илмли инсонга — у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳақида қатор ҳадиси шарифлар бор. «Саҳиҳайн»да келтирилган ҳадисда айтилишича: «Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, уни динда тушунадиган қилиб қўяди».
Абу Довуд ва Термизий Абу Дардодан (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Кимки илм олиш учун кўчага чиқса, Аллоҳ таоло унинг жаннатга борадиган йўлини осон қилиб қўяди».
- Ишлаш ҳуқуқидаги тенглик. Аллоҳ таоло эркак-аёлни ажратмасдан амал қилиш — ишлашни барчага ҳалол қилди. Жумладан, Қуръонда шундай дейилади: «Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта, Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро, бировингиз бировингиздандирсиз. (Яъни, эркак аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган). (Оли имрон 195-оят).
Яна бошқа оятда эса шундай дейилади: «Эркак ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз»(“Наҳл” сураси, 97-оят)
Ислом таълимоти аёл кишининг табиба, муҳандиса, мударриса, тижоратчи бўлишига ёхуд бошқа бирон шарафли иш билан шуғулланишига монелик қилмайди. Муҳими, улар ўз ишларидан ҳалол ризқ топсалар, бас!!! Шунингдек, эҳтиёткор ва камтар бўлишса ҳамда Аллоҳ буюрган аъзоларини беркитиб юришса, мақсадга мувофиқдир.
Ислом таълимоти аёл кишига оммавий вазифаларни ҳам бажаришига рухсат беради. Фақат бу вазифалар рухсат этилган амаллар бўлиши лозим. Қолаверса, иш жараёнида унинг барча ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинган бўлиши керак. Шунингдек, унинг иши оиладаги бурчларини адо этишга — эри ва болаларига қараш каби вазифаларига халақит бермаслиги керак… Негаки, ким бўлмасин, аёл аввало уй бекаси — она, рафиқадир. Унинг ўрнини бошқа ҳеч ким боса олмайди.
Пайғамбар ва саҳобалар давридаги жамият ҳаётини ўрганар эканмиз, аёллар уй ичи ва ташқарисида кўплаб муҳим ишлар билан шуғулланганини кўрамиз.
Шундай аёллардан бири Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмодир. У Зубайр ибн Авом розийаллоҳу анҳуга турмушга чиққанидан кейинги ҳаёти ҳақида шундай деган: «Мен Зубайрнинг уйида ҳамма ишларни қилар эдим. Отига қарар, озиқ берардим. Челакда сув ташиб, суғорардим. Идишни бошимда кўтариб, 2-3 фарсах масофагача олиб борар эдим”.
5) Фуқаролик ҳуқуқидаги тенглик. Ислом таълимотини қунт билан ўрганиб чиққан киши шунга амин бўладики, унда эркак ва аёлнинг даражалари фуқаролик ҳуқуқи бўйича тенг кўрилган.
Масалан, савдо-сотиқ, эгалик, мулк ва ваколатдаги тасарруф ҳуқуқлари бўйича эркакгу-аёл баб-баробар имтиёзларга эгадир.
Қизбола агар балоғат ёшига етмаган бўлса, унинг мол-мулкини муҳофаза қилиш Қуръони каримда белгилаб қўйилган. Агарда бу вақт мобайнида мол-мулки фойда берган ва кўпайган бўлса, у балоғатга етгач, тўлалигича, ҳеч бир камчиликсиз қайтариб бериш вожиб бўлади. Бунда у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — фарқи йўқ.
6) Масъулиятни қабул қилишдаги тенглик. Ислом таълимотида қайд этилган қоидалардан яна бири аёл кишининг эркаклардек масъулиятли бўлишидир. Иккиси ҳам итоат этганида — савобга, маъсиятга йўл қўйганида эса жазога мубтало бўладилар.
Жумладан Қуръонда шундай дейилади: «Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амалларни қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас»(“Нисо” сураси, 124-оят).
7) Инсоний қадр-қимматдаги тенглик. Эркак аёл туфайли, аёл ҳам эркак туфайли азиздир. Аллоҳ таоло Одам (а.с.)нинг ҳамма зурриётларини азиз-мукаррам қилиб қўйди: «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (“Исро” сураси, 70-оят). Бу ерда “одам болалари” дейилганда барча — эркаг-у аёл назарда тутилмоқда.
Аллоҳ таоло одамзотни огоҳлантирар экан, эркак ва аёлга бирдай мурожаат қилади: «Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан олдин озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устиларига олибдилар» (“Аҳзоб” сураси, 57-оят).
Яна бошқа оятда шундай дейилади: «Албатта (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир» (“Нур” сураси, 23-оят)
Ислом аёлнинг шаънини покиза сақлашга алоҳида эътибор қаратади. Уни турли бўхтон-туҳматлардан муҳофаза қилишга буюради. Жумладан, қуйидаги оятда шундай буюрилади: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир. Магар шу (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кимсаларгина (фосиқ эмасдирлар). Зеро Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (“Нур” сураси, 4-5 оятлар).
Ислом таълимоти аёл кишининг қадр-қиммати, шаънини ҳимоя қиларкан, айни пайтда унинг яқинларининг ҳам ор-номусини, шаън-шавкатини муҳофаза қилади.
8) Меросдаги тенглик. Жоҳилият даврида аёл киши меросдан ҳеч қандай улуш ололмас эди. Шунингдек, вояга етмаган ўғил болалар ҳам меросдан бебаҳра қолардилар. Жоҳилият аҳлининг қарори шундай эди: «От устида жанг қила олмайдиган, камондан ота олмайдиган, қиличбозликка кучи етмайдиган ва ўлжанинг ортидан қува олмайдиган… кимсага мерос йўқ».
Ислом келгандан сўнггина аёллар ҳам худди эркаклар каби меросдан улуш оладиган бўлишди.
Қуръонда шундай дейилади: “Эркаклар учун ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан (қатъий назар) фарз қилинган ҳақлардандир» (“Нисо” сураси, 7-оят).
Ислом таълимоти меросдаги улушларни ҳам аниқ белгилаб берган. Аёлнинг улуши ярим эркак улушига тенг, яъни икки аёлнинг улуши бир эркакнинг улуши миқдоридадир: «Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур» (“Нисо” сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло бир эркакнинг улушини икки аёл улуши баробарида қилди. Чунки аёл кишининг молиявий мажбуриятлари эркак кишиникидан камдир. Эркак киши ўзига, аҳли аёлига, болаларига ва ўзининг қўли остидаги бошқа кишиларга нафақа қилиши керак. Аёл кишининг меросдаги улушида эса ҳеч қандай шерик бўлмайди.
9) Гувоҳликдаги тенглик. Ислом таълимоти хотин-қизларга хос масалаларда аёл кишининг гувоҳлигини ҳурмат қилади ва бундай ҳуқуқ аёл кишига хос деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, бошқа ишларда ҳам аёл кишининг гувоҳлиги қабул қилинади. Икки аёл кишининг гувоҳлиги бир эркак кишининг гувоҳлигига баробар келади. Гувоҳлик, агар унда эркаклар умуман қатнашмаса, тўлиқ ҳисобланмайди. Қуръони каримнинг қуйидаги оятида шундай ҳукм бор: «… Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни — бири унутиб адашса, яна бири унга эслатади — гувоҳлик қилинглар! Гувоҳлар (гувоҳлик учун) чақирилганда бош тортмасинлар!..» (“Бақара” сураси, 282-оят).
Икки аёл гувоҳлиги бир эркак гувоҳлигига тенг, дейилмоқда. Сабаби — аёл гувоҳнинг бири унутса ёки чалғиса, бошқаси эслатиб туриши учундир. Чунки аёл кишида ҳис-туйғу, эҳтирос кучли бўлади, воқеа-ҳодисалардан кучли таъсирланади ва ваҳимага тушиб қолади. Бу ердаги ҳикмат шуки, гувоҳликда икки аёл бир-бирига ёрдам бериб, бўлиб ўтган воқеани ва ўз ҳуқуқларини эслатиб туради.
Аллоҳнинг ҳар бир амрида улкан ҳикмат бор. Биз бу муқаддас амрларни эшитарканмиз, соф, холис кўнгил ила: «Эшитдик ва итоат этдик», дейишимиз лозим. Шундагина ҳаётимизда рўй бериши мумкин бўлган кўплаб кўнгилсизликларнинг олдини олган бўламиз.
Аёллардан пайғамбар чиқмаган, аммо пайғамбарларни дунёга келтирган. Аёлларнинг меҳнати самараси юртимизда дунёни илм зиёси билан ёритган имом Бухорий, Термизийлар, ўзининг қудрати билан жаҳонни ларзага келтирган Амир Темур, Жалолиддин Мангубердидек тарихда из, келажакка ўрнак бўладиган инсонларни тарбиялашган.
Чориев Маъсидхон Амириддинович
Термиз шаҳар “Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби