Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ва жаноб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбаримизга саловатлар бўлсин.
Биродарим, зинога тушиб қолиш сабабларидан бири кўзни ҳаром қарашдан сақламаслик яъни «ҳаром қараш» борасида Аллоҳ таоло Нур сурасида: «(Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан)сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Оллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ваавратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда (зарурат сабабли) кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкларкларини рўмоллари билан тўссинлар!» (30, 31 оятлар)
Аллоҳ таоло мўмин ва мўминаларни авратларини ҳаромдан сақлашга буюришдан аввал кўзларини ҳаром қарашдан сақлашга амр этгани эътиборга лойиқдир. Чунки кўз қалбга туйнукдир, кўз кўради, қалб хоҳлайди, фарж (жинсий аъзо) уни тасдиқлайди ёки бекор қилади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Оллоҳ Одам фарзандига зинодан бўлган улушини битиб қўйди, у унга сўзсиз етгусидир. Кўзнинг зиноси қараш, тилнинг зиноси сўзлаш, кўнгил орзу қилади ва хоҳлайди фарж эса унинг ҳаммасини тасдиқлайди-амалга оширади ё бекорга чиқаради». (Муттафақун алайҳи)
Зинога тушиб қолиш сабабларидан яна бири юқоридаги оятнинг охирида зикр қилинганидек, аёлларнинг шаръий ҳижоб киймасликларидир. Муслима аёл роббисининг буруғига бўйсунган ҳолда баданини кийимлари билан, боши ва кўкрагини рўмоли билан тўсади. «Ҳамда (зарурат сабабли) кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга)кўрсатмасинлар ва кўкларкларини рўмоллари билан тўссинлар!»
Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: зийнат икки қисм бўлади: халқий (табиий), муктасаб (ғаритабиий), халқий-табиийси унинг юзи. Юз аёл зийнатининг аслидир. Муктасаб — ҳаракат билан эришилган зийнатга, аёл киши улар билан ўзига оро беришга ҳаракат қилаётган нарсалар, кийим, тақинчоқ, сурма ва бўёқлар киради.
Аҳзоб сурасининг 59-оятида Оллоҳ таоло пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай буйруқ қилади: «Эй Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам), жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Оятдаги «ёпинчиқ» сўзидан ҳаммага маълум бўлган паранжи-ҳижоб эканлигини изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.
Зинога тушиб қолиш сабабларидан яна бири қўшиқ, мусиқа тинглаш, филм ва спектакллар ҳамда фаҳш суратлар билан тўлиб тошган ойномаларни томоша қилиш.
Бугунги кунда ойнайижаҳон, кино театрларда намойиш қилинаётган нарсаларнинг барчаси севги қиссаси, бошқаларнинг аёллари билан қандай қилиб яширин алоқа қилиш йўлларини ўргатиш, бу бузуқ ишларга қандай киришиш, нима ҳаракатлар қилиш, қандай сўзлар билан бошлашни таълим беришдир. Ҳолбуки бу филмларни ишловчилар ҳеч қачон бу мақсадларини ошкор айтмайдилар. Бу филмларни ота-она, ўғил-қизлар биргалашиб ўтириб томоша қилганларидан сўнг уларнинг барчаларидаги ҳаё пардалари йиртилади ва фаҳш ишларга тушиб қолиш енггиллашади.
Бугунги кунда аксар фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар бизнинг бу йўлга кириб қолишимизга етшмовчиликлар сабаб, (уларнинг баъзилари) эрим, фарзандларим бор, уларни боқиш керак, дейдилар. Ажабо, буни ҳам сабаблар сирасига киритайликми?! Ақлли киши буни сабабларга қўшишдан ҳазар қилади. Агар ҳақиқатда қийинчилик, етишмовчилик бу ярамас ишга тушиб қолишга сабаб бўладиган бўлса, нима учун ҳамма қийналиб қолган аёллар шу йўлни тутмаяптилар?! Моддий қийналган аёллардан неча фоизи шу йўлни тутдилар?! Бу йўлни фақат иймонсиз, енгилтак, ўз қадрини билмаган, обрўсини қадрламайдиган аёлларгина танлайди. Мўмина аёл эса, бу амал ҳаромлиги, унинг оқибати ваҳимали эканини яхши билиши билан бирга шуни ҳам аниқ биладики, Оллоҳ тақсимлаб қўйган ризқидан заррача ортиқ ҳам кам ҳам олмайди, бу ризқ унга ҳалол йўл билан ёки ҳаром йўл билан бўлсин албатта етишига иймони комил бўлгани учун фақат ҳалол йўлни танлайди. У фоҳишалик қилиб яшагандан кўра оч қолиб ўлишни ўзига фахр деб билади.
Зинонинг уқубати икки ҳил бўлади: жамоавий, шахсий.
Жамоавий уқубат: зинонинг зарари фақат зинокорларгагина чекланиб қолмайди, балки у бошқаларга ҳам таъсир қилади. Зино ёйилган қавмга Оллоҳнинг азоби келади, уларда бедаво касалликлар вужудга келади ва ўлим кўпаяди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда ул зот шундай марҳамат қиладилар: «Агар зино ва рибо бирон қавмда фош бўлса, улар ўзлари учун Оллоҳнинг азоби келишига йўл қўйибдилар» (Ҳоким ривоят қилган, санади саҳиҳ)
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар, расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга юзланиб дедилар: «Ҳой Муҳожирлар, беш нарса бор, агар улар билан балоланиб қолсангизлар, у нарсалар сизларга етиб қолишидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман: Бирон қавм ўртасида фоҳишалик ёйилса ва улар буни ошкор қилиш даражасига етсалар, албатта уларда вабо ва ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқайди….» (Ибн Можа ривояти, 4019) бугунги кунда дунё олимларининг бошини қотираётган, бедаво дард «спид» нинг асосий сабаби «зино» экани ҳаммага маълум.
Шахсий уқубат, зинокор эркак ва аёлга Оллоҳнинг ҳукмини ижро қилиш, агар улар турмуш кўрган бўлсалар тошбўрон қилиб ўлдириладилар. Уларнинг ҳар иккаласи ёки биттаси шаръий турмуш қурмаган бўлса уни 100 дарра урилади ва бир йилга сургун қилинади. Бу ҳукмнинг ижро этилмаётгани боис кўплаб зинокорлар ҳаёти дунёда жазодан қутилиб қолаётган бўлсалар ва тавба қилмасдан ўлиб кетсалар, охиратда улар учун аламли азоб бор. Юқорида имом Бухорий ривоят қилган ҳадисни келтирдик, унда: «… юриб бориб, тандирга ўхшаган бир нарсанинг олдига етдик. Унинг ичидан шовқин-сурон ва ҳар ҳил овозлар келарди, унинг ичига қарадик, унда кўплаб қип-яланғоч эркак ва аёлларни кўрдик. Уларнинг остларидан аланга келади, аланга уларга етганида улар чинқириб юборадилар (бошқа бир ривоятда, остларидан аланга келса, улар кўтариладилар ҳаттоки ундан чиқиб кетай дейдилар). Булар кимлар деб сўрадим… улар менга «улар зинокор эркак ва аёллар» дедилар.
Ушбу гуноҳ кабирага тушиб қолишдан сақланиш учун юқорида зикри ўтган зинога тушиб қолиш сабабларнинг зиддини қилиш кифоядир. Бунинг учун ҳар ким мазкур сабабларни диққат билан ўқисин ва уларда зикр қилинган нарсалар яхшилаб тушиниб, уларнинг акси бўлган солиҳ амалларни қилсин. Биз шунинг билан бу муҳим мавзу устидаги суҳбатимизни якунлаймиз. Аслида бу мавзу анчагина кенг ёритишга муҳтож, бироқ «дин насиҳатдир» асосига кўра оз бўлсада баён қилдик.
Паравардигоримиз барчаларимизни, оила аъзоларимиз, фарзандларимизни зино кабирасидан узоқ қилсин, Ҳақ йўлда собит қилиб, Ўзининг каломи Қуръон ва пайғамбарининг суннатига амал қилишни насиб айласин.
Абдурахмон Хурсандов
Термиз шаҳар “Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби