Ислом инсониятни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга, ихтиёрий яхши амалларни қилишга, виждонли, ўта сезгир, иродаси маҳкам, ақли соғлом, хулқи чиройли, жисми бақувват, ўзига ахамият берувчи ва бошкаларни ислох этувчи, динига ҳимматли, жамиятга наф келтирувчи, ватанини ҳимоя килувчи, умматга қалқон бўлувчи, Парвардигорига ибодат килувчи, барча халойиққа яхшилик этувчи, ер юзини обод қилувчи бўлишга, ўзига юклатилган вазифани мукаммал адо қилишга даъват этади.
Ислом шариатида инсон жони ва ақлини сақлаш ўта долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шунга биноан шариатда жон ва ақл ўз вазифасини мукаммал равишда адо этишида риоя қилиниши лозим бўлган илоҳий кўрсатмалар батафсил баён этилган. Агар мусулмон киши Аллоҳ таолонинг бу ҳаётий тавсияларига риоя қилса, унинг икки дунёда ҳаёти намунали кечади ва жамият олдида инсон деган улуғ номни эъзозлаган бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни бошқа мавжудотлардан кўра ақлли ва мукаррам қилиб яратганини, уни денгизу қуруқликларга молик этиб, унга чиройли ризқ-рўз берганини эслатиб, айтади:
яъни: «Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро, 70).
Агар инсон жон ва ақлни эҳтиётлаш борасидаги мана шу мувозанат бузилишига сабаб бўладиган салбий йўлларга қадам қўйса, албатта, у ўзига омонат қилиб топширилган жон ва ақл неъматига ҳиёнат қилган бўлади ва ўзини халокат чўғига ташлаган бўлади. Гиёҳвандлик ҳам ушбу неъматнинг заволига сабабчидир. Зеро, бу Аллоҳ иродасига зид амал. Улуғ Аллох азза ва жалла барчамизни огохлантириб, айтади.
яъни: «…Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..» (Бақара, 195). Бошқа бир оятда эса,
яъни: «…Ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир»
(Нисо, 29).
Бу оятдаги «ўзларингизни ўлдирмангиз!» бирикмаси бир неча хил тафсир қилинган:
- «Бир-бирингизни ўлдиришингиз ўзингизни ўлдирганингиз билан баробардир. Зеро, ҳаммангиз бир хил динга мансуб кишиларсиз».
«Ўз жонингизга ўзингиз қасд килмангиз». Яъни, хаёт кийинчиликларига бардош бераолмай ёки бирор нарсанинг аламига чидай олмай, ўзини ўзи ўлдириш тақиқланмоқда. Ёки шаръан рухсат этилмаган ҳар қандай гиёхвандликка муккасидан кетиш ҳам шулар жумласидандир.
- «Мол-мулкларингизни ўзаро ноҳақ йўллар билан ейишингиз ўзингизни ўзингиз қатл килишингиз билан баробардир».
- «Ҳавойи нафсга берилмангиз. Зеро, бу сизларни халокатга олиб келади» (Насафий, «Мадорикут-танзил…» тафсири). Яъни ақл, молни халокатга олиб келувчи воситалар орқали қотил бўлиш.
Ҳозирги вақтда жахоннинг деярли барча жойларида тарқалган гиёхвандлик офати инсон жони ва ақлини ўз вазифасини адо этишдан маҳрум қилиб, ҳаётга эндигина қадам ташлаб келаётган азиз фарзандларимизни ногирон бўлиб қолишларига олиб келмокда.
Маълумки, Ислом таълимоти инсон ҳаёти учун фойда келтирмайдиган, ақлни тўсадиган ҳар қандай сарҳуш қилувчи моддани зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан қайтаради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай ёмон ишлар қилишни тақиқлаганлар:
яъни: «Пайғамбар (с.а.в.) ҳap кандай маст қилувчи баданни бушаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол килишдан кайтардилар» (Ахмад ва Абу Довуд ривояти).
Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёхвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ман қилинишига Бурхониддин Марғиноний каби олиму-уламолар иттифоқ қилишган.
Имом Бадриддин Заркаший ҳам ўз китобида гиёхвандликнинг зарар ва офатлари ҳақида батафсил маълумотлар берган. Жумладан, ҳозирда гиёхвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ табиб-шифокорлари бир овоздан тасдиқламоқдалар.
Давлатимизнинг доно сиёсати фуқаролар жамиятининг ҳар томонлама комил, соғлом, олижаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турадиган намунали жамият бўлишига қаратилган. Мана шу халқчил сиёсатга асосланган ҳукуматимиз барча турдаги гиёхвандликка қарши изчил кураш олиб бормокда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда «Аср вабоси» деб ном олган гиёхвандликнинг инсон соғлигига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг суратда тушунтирилмокда.
Ҳозирги вазиятда ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши бутун чоралар билан кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди. Бу ишдан мусулмонларимиз ҳам четда турмасликлари, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришлари, уларни пок турмуш тарзи, гўзал одоб-ахлоққа тинмай тарғиб қилишлари зарур бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни соғлом турмуш тарзига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни, Парвардигор ҳаром қилган зарарли иллат ва қусурлардан четда бўлишимизни насиб айласин.
Шўрчи туман
бош имом-хатиби А.Ҳабибуллаев