Ҳурматли аҳли Ислом биродарлар кейинги пайтларда ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган муқаддас Ислом динига амал қилишда ҳар-ҳил ихтилофлар кўпайиб кетди. Номозда “амин”ни жахрий айтиш, оёқларни кериб туриш, эркак кишининг қўлларини кўкрак устига қўйиши, суннат номозларини ўқимаслик ва ҳокозо. Бундай ихтилофлар Ислом умматининг бирлигига рахна солади, катта хавф-хатарлар пайдо қилади. Шундай ихтилофлардан бири бўлган такбири-тахримада қўлларни елка баробаригача кўтаришга Ханафийларнинг жавоби қуйидагичадир. Жаноб Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо Соллоллоху Алайҳи Васаллам номозда такбири таҳримада кўлларини қулоқлари баробаригача хам, кўкраклари баробаригача хам кўтарганлар. Ҳар иккисига ҳам далолат қилувчи ҳадислар мавжуд.
Барча ҳадисларни мукаммал ўрганган уламоларимиз бу масалада қуйидагича хулоса қилганлар: Совуқда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари кийимлари ичида бўлгани ва у қалин кийимнинг енги бўлмагани сабабли намозга киришда қўлларини елка баробаригача кўтарганлар. Табиийки бундай ҳолатда кўл елкадан тепага кўтарилмайди. Совуқ бўлмаган пайтларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари кийимларнинг ичида бўлмагани учун намозга киришда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар. Бунга машҳур саҳобий Воил ибн Ҳужр розияллоху анхунинг қуйидаги ривоятлари далолат қилади.
Яъни: “Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (ҳузурларига) борганимда У Зотни икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарган ҳолда такбир айтганларини кўрдим. Кейинги йил борганимда эса улар (Пайғамбаримиз ва саҳобалар)нинг устиларида (қалин) кийимлари бор эди. (Улар намозга киришда) қўлларини кўкрак баробаригача кўтардилар” (Имом Таҳовий ривояти).
Машхур муҳаддис Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисдан қуйидаги хулосани чиқарганлар:
Яъни: “Демак, Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини елкаларигача кўтарар эдилар деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлган пайтга тегишлидир. Аммо (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини қулоқларигача кўтардилар деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлмаган пайтга тегишлидир. Шундай экан биз ҳанафийлар такбири таҳримада қўл кўтариш ҳақидаги Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларини барчасига амал қиламиз: Совуқ сабабли қўллар кийим ичида бўлган пайтда қўлни кўтариш мумкин бўладиган жойгача кўтарамиз. У ҳам бўлса елка баробаридир. Агар қўллар кийим ичида бўлмаса Пайғамбаримиз соллоллоху алайхи васалламга ўхшаб қўлларимизни қулоққача кўтарамиз” (“Шарҳ маонил-осор” китоби)
Маълумки ҳозирги кунда қўллар кийим ичида бўлмайди сабаби, барча кийимларнинг енги бор. Демак ҳозирги пайтда намозга киришгувчи киши қўлларини қулоғи баробаригача кўтаради. Азиз биродарлар, келинг, ота-боболаримиздан бизларгача етиб келган Шарияти Исломияга тоза қалб билан амал қилиб, келажак авлодга соф холда етказайлик!
Олтинсой тумани «Саид Махмудов Миён Абдусаид» жомеъ масжиди имом-хатиби Саид Махмудов