Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол

Болалигимизда катталар бизларни «Бемаҳалда ёлғиз юрма, жин чалиб кетади» деб қўрқитишарди. Улғайгач, одамларнинг «Фалончига жин кириб олибди, ҳеч қандай муолажанинг фойдаси бўлмаётган эмиш» деган гапларини эшитиб қоляпмиз. Ўзи жин бор нарсами, унинг одам ичига кириб олиши, унга зарар етказиши ҳақиқатми?

Ҳурмат билан, мухлисангиз Динора

Тошкент шаҳри

Жавоб:

«Жин» сўзи луғатда «тўсилган», яъни одамлар кўзидан тўсилган, яширилган маъносида келади. Халқда «ажина» ҳам дейилади. Жинлар инсонлар кўзига кўринмайдиган, аслида мавжуд ғайбий махлуқлардир. Жинларнинг мавжудлигига Қуръони Каримдаги Жин сураси ва бир неча оятлар далилдир. Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбари хабар берган, аммо бизга кўринмайдиган нарсалар ғайбий саналиб, уларга иймон келтириш исломий ақийданинг асоси ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон бунга иймон келтириши лозим. Қуръон оятларида кўпинча инсон (инс) ва жинга баравар мурожаат қилинган. Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссаломнинг жинларга Қуръон ўқиб берганлари хабари келган. Қуръон ва ҳадис жинларнинг оловдан, кўринмас қилиб яратилганига қатъий далолат қилади. Жинларнинг инсонларга озор бериши, душманлик қилиши инкор этилмайди. Улар инсонлар кўзига туя, сигир, қўй, хачир, от, ит, илон, чаён, қушлар сифатида, ҳатто одам қиёфасида кўриниши мумкин.

Жинлар ҳам инсонлар каби кофир ёки мўмин, турли дин ва ақийдада бўлади, еб-ичади, эркак-хотини бор, шаръий таклифларга мукаллаф бўлади. Жинларнинг кофирлари шайтон-иблислардир. Жинлардан паноҳ тилаш, ёрдам сўраш, уларга атаб жонлиқ сўйиш шаръан ҳаром ҳисобланади. Уламоларимиз баъзи бир ёмон жинларнинг одамларга таъсири бўлиши мумкин дейишган. Масалан, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрамай ҳожатхонага кирган одамга шайтонлар зарар етказишлари мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жинлардан сақланиш учун Фалақ ва Нас сураларини ўқиб дам солиб юришни тавсия қилганлар. Нас сурасининг ўзида жинларнинг ёмонлигидан паноҳ сўраш очиқ-ойдин айтилган.

Ҳозирги пайтда «фалончига жин кириб олибди», «фалончи фолбин жинлар билан гаплашар эмиш» қабилидаги гаплар кўпайиб кетган. Фақиҳларимиз, ким жинлар билан гаплашишни даъво қилса, Қуръони Каримга асосланиб, унинг гувоҳлиги қабул қилинмайди деган ҳукмни чиқаришган. Агар банда Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб юрса, жинлар унга қарши ҳеч нарса қила олишмайди, шайтонга эргашса, унинг малайи бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Мабодо шайтон васваса қиладиган бўлса, дарҳол Аллоҳдан паноҳ сўраш лозим. Шайтон нима қилса ҳам, васвасадан нарига ўта олмайди. Ҳар бир инсон учун шайтоннинг васвасасидан қутулишнинг осон йўли – мўмин-мусулмон, тақводор бўлиш. Аллоҳни ҳар доим эслаб юриш шайтонга қарши энг ишончли ва кучли қуролдир.

Ғайбга (яширин оламга) иймон келтириш исломий ақийда асосларидан биридир. «Ғайб» Аллоҳ азза ва жалла ҳамда Унинг охирги Пайғамбари хабар берган, лекин бизга кўринмаган нарсалардир. Жинлар ҳам ғайбий нарсалардан бўлиб, уларга иймон келтиришимиз лозим. Чунки жинларнинг борлигига Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда далиллар жуда кўп.

Аллоҳ таолонинг буйруғи билан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом инсонларга жин ҳақида бундай маълумот бермоқдалар: «Менга ваҳий орқали аён бўлишича, жинларнинг бир гуруҳи (етти нафари) Қуръон ўқиётганимда тинглаб ўтиришди ва кейин шерикларининг олдига бориб: «Бизларни Ҳақ сўзга ҳидоят қиладиган ажойиб бир Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга имон келтирдик», дейишди». Бу ҳодисанинг баёни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда келган:

«Бир кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Кейин у кишини йўқотиб қўйдик. Аллоҳнинг элчисини водий ва даралардан изладик. Ўзимизча: ё олиб қочиб кетишган ёки у зотга суиқасд бўлган деб ўйладик. Шу тун бизга энг ёмон кеча бўлди. Тонг отганида у зотнинг Ҳиро томондан келаётганларини кўрдик. Биз: «Эй Расулуллоҳ, сизни йўқотиб қўйиб, изладик. Лекин топа олмадик ва жуда ёмон тунни ўтказдик», дедик. Шунда Расулуллоҳ: «Менга жинларнинг даъватчиси келди, у билан жинлар олдига бордим. Мен уларга Қуръон ўқидим», дедилар. Ибн Масъуд айтадилар: «Расулуллоҳ биз билан бориб, уларнинг изларини ва ёққан оловларининг асарини кўрсатдилар. Жинлар емишлари ҳақида сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг исми зикр қилинган ҳар бир суяк сизларнинг қўлингизга тўлиқ гўштли бўлиб тушади, ҳар бир тезак эса уловингизга ем-хашак бўлади», дедилар. Кейин бизга: «Бу икки нарса билан истинжо қилманг, чунки улар биродарларингизнинг емишидир», дедилар» (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло хабар берадики, махлуқотлари орасида жин ҳам мавжуд, у оловдан яратилган, Иблис ҳам жинлардан. Жинлар одамларни кўради, овозини эшитиб-тушунади, инсонлар эса уларни кўра ё эшита олишмайди. Улардан инсонлар каби иймонли ва кофирлари, яхши-ёмонлари бор. Жинлар залолатга кетган инсонларни йўлдан оздириб, фикрига таъсир кўрсатиши мумкин.

Моддий оламнигина тан олиб, ғайбий (яширин) руҳий олам борлигидан бехабар ёки бунга ишонмайдиган айрим нодон кимсалар жинларнинг ҳам мавжудлигини инкор қилишади. Улар жинларни кўрмаганлари учун унга ишонишмайди. Ваҳоланки, атрофимизда инсон кўзига кўринмайдиган, аммо мавжудлиги ҳақиқат бўлган қанча-қанча нарсалар бор. Масалан, электр токини кўролмаймиз, лекин унинг симда юришини, чироқни ёндиришини ҳамма билади. Нафас олаётганда ҳавони кўрмаймиз, бироқ унинг борлигини, усиз бир дақиқадан ортиқ яшаб бўлмаслигини ёш бола ҳам англайди. Агар кўзларга кўринмайдиган руҳ танани тарк этса, у жонсиз гўшт-суяк йиғиндисига айланиб, одам ҳаёти тугашини билмаган киши топилмаса керак. Шу каби кўзга кўринмас жинларнинг борлигига мўминлар иймон келтиришади.

Аммо қадимда ҳам, ҳозир ҳам жин ҳақида турли хурофий ва бидъат тушунчалар, ирим-сиримлар шу қадар кўпайиб кетганки, одамлар жинлар борлигига ишонмаганлари туфайли ана шу ёлғон эътиқодга бўйсунишяпти ёки дунёдаги ҳамма нарсани жинлар бошқармоқда деган ботил тасаввурга бориб қолишган. Жин ва сеҳр масаласи баҳслар, изланиш ва далиллар билан аниқ жавоб бериш керак бўлган муҳим мавзулардандир. Чунки у жамият воқеълигида ўзини бутун бўй-басти билан намоён этмоқда. Муттаҳам фолбинлар заиф, содда кимсаларни алдаб ундирадиган сариқ чақалар эвазига кечаю кундуз фасод ва бузғунчилик қилиб, жинларни ҳамма нарсага кучи етадиган қудратли махлуқлар ёки инсонлар тақдирига таъсир ўтказа оладиган ёвуз кучлар сифатида кўрсатишга уринмоқда. Бугунги кунда уламоларимиз бундай бузғунчиликларнинг хатари ва зарарини одамларга баён этиб, тушунтириб беришлари вожиб бўлиб қолди. Бундан ҳам муҳимроғи, уламолар кишиларни ўз муаммоларини ҳал этиш, турли хасталикларига даво излаш учун «жинлар ҳамласидан қутқара оладиган» фолбинларга мурожаат қилишдан қайтариб, бунинг ўрнига сеҳр ва касалликка қарши шаръий муолажани тақдим этишлари керак.

Ислом келмасидан олдин баъзи одамлар жинлардан қўрқиб, улардан паноҳ сўраб юришар эди. Қадимда (ҳозир ҳам) баъзи одамлар сафарга чиққанида бирор хилватроқ ерда тўхтаб ўтмоқчи бўлса, ўша ернинг «эгалари» бўлган жинларнинг улуғларидан паноҳ сўрашарди. Буни билган жинларнинг муттаҳамлиги янада ортиб, «Мана энди биз фақат жинларга эмас, ҳатто инсонларга ҳам хўжайинмиз», деб ғурурланишар эди. Қуръони Карим бундай тушунча, фикр-ўйнинг ботиллигини баён этиб, жинлар ҳам худди инсонлар каби Аллоҳ махлуқи ва бандаси эканини, Парвардигорнинг изн-иродасисиз ҳеч кимга фойда ё зарар етказа олмаслигини билдиради. Қатода айтади: «Агар одамлар Аллоҳни қўйиб, жинлардан паноҳ тилашса, жинлар ана ўшанда уларни озор бериш билан қўрқитади».

Қуръони Карим хабарига кўра, жинларнинг даъватчиси улар ҳам Аллоҳ таоло Ер юзида жорий қилган низом ва қонунларга қарши боролмаслигини тан олган. Инсонларнинг ҳаёт тарзи ва қисматига таъсир ўтказа олмайди. Агар бирор киши жинлар жамоаси аъзосига зарар етказса, шундагина улар ўша кишига ёмонлик қилиши мумкин. Аллоҳ таоло инсонларнинг итоатсизлиги, осийлиги, ҳаддан ошгани учун қандай жазо жорий қилса, бу жинларга ҳам тааллуқли. Улар ҳам инсонлар каби Яратганнинг жазосидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайди. Ҳақиқатан, сеҳргар ва коҳинлар ёрдам сўрайдиган жинларнинг ғайбни билишга кучи етмайди.

Уламолар жинларга атаб жонлиқ сўйишнинг ҳаромлигига иттифоқ қилишган. Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйиш ширкдир. Аллоҳдан бошқага атаб сўйилган нарсадан тановул этиш мусулмонга ҳаромдир. Фолбин ва азайимхонлар сеҳрни ечдириш, жин чалган кишини муолажа қилдириш ва шунга ўхшаш ишларни истаб келган жоҳил кишилардан муайян сифатли ҳайвонни келтиришни талаб қилишади. Сўнг уни сўйиб, қонини касалга суришни буюришади. Жонлиқ сўювчи гарчи жиннинг номини талаффуз этмаса-да, лекин амаллари ниятга қараб бўлади.

 

Ақийда китоблари асосида тайёрланди

«Ҳилол» журналининг 5(14) сонидан.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here