Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Дунё мўъжизаларга бой бўлиб, улардан бири она сутининг мўъжизаси энг ҳайратланарлисидир. Гўдак туғилиб чинқириб йиғлайди, она кўкрагини боланинг оғзига солиши билан эма бошлайди. Онанинг меҳр-муҳаббати жўшиб, кўксидаги сут томчилайди. Аллоҳ таолонинг мўъжизасини қарангки, сутнинг харорати билан гўдакнинг харорати бир хилда, на иссик ва на совук, бу илиқ сут на ачийди ва на совиб қолади. Кундузи-ю кечаси бир хилда камайиб, кўпайиб бораверади. Аёлнинг яратувчан қилиб яратилиши Қуръони Карим оятларида батафсил ёритилган. Ҳатто ундаги суралардан бирига «Нисо» — аёл номи берилган.
Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида «Жаннат — оналар оёғи остидадир» деганларида ҳам она гўдагини дунёга келтириб, уни бағрига босиб эмизганлигини назарда тутганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай мархамат қилади:
«…Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир…». (Аҳқоф сураси, 15 оят)
Ҳомиладорлик катта машаққатдир. Ҳомила пайдо бўлиши билан онанинг машаққатлари бошланади. Кўнгли айнийди, заифлашади ва бошқа турли қийинчиликларни бошидан ўтказади. Вақт ўтиб, ҳомила катталашиб борган сари онанинг машаққати ҳам катталашиб боради. Бу машаққатларни фақат Аллоҳ берган оналик меҳригина енгиллаштириши мумкин.
Кейингиси энг қийин жараёнлардан бири туғиш пайтидир. Ҳар бир она ўз фарзандини катта қийинчилик билан дунёга келтиради. Тўлғоқ, туғиш – булар ҳаммаси фақат Аллоҳнинг инояти билан амалга ошади. Ҳар бир инсон ана шу қийноқларни бошидан кечириб туққан ўз онасини ҳар қанча эҳтиром қилса, шунча оз. Сўнгра туғилган болани эмизиб, ювиб-тараб, тарбиялаб, катта қилиш керак бўлади. Болага ҳомиладор бўлгандан тортиб, уни сутдан ажратгунгача бўлган даврда қанчадан-қанча машаққатлар ўтади. Инсон боласи энг ожиз бўлиб туғиладиган жонзотдир. Барча ҳайвонларнинг боласи туғилганидан бир оз вақт ўтганидан сўнг, ўзининг кунини ўзи кўриб кетаверади. Аммо инсон боласи узоқ муддатли парваришга муҳтождир. Бу меҳнатни ҳам асосан она бажаради. Шунинг учун онани ҳурмат-эҳтиром қилиш алоҳида таъкидланади.
Аёл қалбида меҳр товланса, кўкрагидаги меҳр булоғи чашма каби отилиб чиқади. Гўдакнинг очиққанини у йиғламасидан беш ўн дақиқа олдинроқ она ҳис қилади гарчи у йироқда бўлса ҳам.
Она сутининг фойдали хусусияти ҳеч бир жонзот сутининг калориясига тенглаштирилмайди. Она сути болага куч-қувват бериши билан бирга ақлий мўъжиза яратиш имконини беради.
Ривоятларда келтирилишича кунлардан бир куни овчининг ўлжасига она кийик тушиб қолибди. Унинг бўйнига чилвир солган мерган қараса кийикнинг кўзидан ёш тирқираб оқар, елинидан сут томчилаб турар эмиш. Титраётган жониворни кўрган мерганнинг раҳми келиб, «Ҳа жонивор эмизикли экансанда» дея қўйиб юборибди. Чопиб кетаётган кийик тез-тез ортига қарар, гоҳида бошини силтаб миннаддорчилик билдираётгандек эди. Мерган аста кийикнинг ортидан бориб пойлабди. Ғорга кириб боласини эмизаётган кийик инграр, унинг ноласи дилни пора-пора қилар, унинг инграшидаги нолани шундай англабди.
Бугунлигинг эмгинда тўйгин болам,
Эртан яна деярингни қўйгин болам.
Мерган бу сўзларни ҳис қилиб она кийикга раҳм-шавқати ортиб уйига қайтиб кетибди. Бу ходисани қўни-қўшни қавм-қариндошларга етказибди. Шундан буён бу ривоят халқ орасида машҳур бўлиб кетган экан.
Дарҳақиқат, кўзи ёриган она дарҳол ўзини эмас боласини ўйлайди, унинг соғ-саломат туғилганини билмокчи бўлиб дояга мурожаат қилади. Илиқ гап эшитгач кўнгли таскин топади. Шу аснода гўдак ила онанинг меҳр — муҳаббат риштаси томирларида жўш уради. Кўксини тутиб боласини эмизиш тараддудини кўради. Бола тамшанади. Эндигина дунёга келган гўдак бу ҳолатни қаердан, кимдан ўрганди экан? Аллохнинг мўъжизаси бу, юқорида айтиб ўтганимиз бу икки ёшгача эмизиш она сутининг болага фойдалари хақида эди. Тиббиётнинг исботлашича, боласини кўп эмизган онада кўкрак саратони хасталиги учрамайди.
Бу воқеага узоқ йиллар бўлди. Аниқроғи 70-йиллар эди. Катта опамиз туғрукхонадан келгач, йигирма кунлар ўтиб, хасталаниб қолади. Ҳамма яқинлари бемор билан овора бўлиб чақалоқни унутиб қўядилар. Тўғрироғи иши бўлмайди, нима бўлса ҳам онасини саломат сақлаб колиш ҳаракатида бўладилар. Аммо опамизнинг яқиндагина кўзи ёриган овсини чақалоқни қўлига олиб ўз уйига олиб келади ва чақалоқни эмизади. Икки гўдаклар битта онани эмадилар. Бундан хабардор бўлган бемор кунига соғайиб боради. Болани эмизган овсинига эса тасаннолар айтадилар. Ака-сингил бўлган чақалоқлар ҳозир ҳар-бирлари уйли-жойли бахтли ҳаёт кечириб бир-бирлари билан борди-келди қиладилар. Фарзандларига ҳам биз ака-сингилмиз дейдилар.
Баъзида боласини сунъий озиқлантириб, қадди-қомат бузилади, деб эмизмаётган ёки боласини кўча-куйда ташлаб кетаётган ёки аборт йўли билан нобуд қилаётган аёлларни кўриб ёқа ушлайсан киши. Наҳотки, ўз зурриёдини ўз қўли билан нобуд қилса, вақтинчалик хузур-ҳаловат деб гўдак умрини хазон қилса. Гўзал ҳулк билан эл-халқга нафи тегадиган, вақтини ўтказмай, тинч юртда, соғ-саломат шукроналикга не етсин. Хаётда яшаётганингни ўзи ҳам –мўъжиза. Аллоҳ ҳар биримизга гўзал саодат билан яшаш бахтини берсин.
Islom.uz