Ҳар бир миллатнинг ўзига хос урф–одати, турмуш тарзи мавжуд. Урф-одат авлоддан-авлодга мерос бўлиб қолади ёки ўзга бир миллатдан ўзлаштирилган бўлади. Тўй ҳам шундай урф-одатлардан бири бўлиб, бегона эркак ва аёлни бир-бирига ҳалол қилувчи никоҳнинг эълони сабабли бериладиган зиёфатдир. Тўй —суннат амал. Аммо ҳозирда унда бўладиган баъзи бир қўштирноқ ичидаги одатларни “миллий мерос” деб халқимиз томонидан амалга оширилаётгани ачинарли ҳол.
Тарихга назар солсак, тўйлар ва маросимлар ҳақида турли даврларда ҳар хил фикрлар айтилган. Албатта, ҳар бир даврнинг ўз тошу тарозиси бор. Истиқлол деган тотли неъматга эришган ҳозирги даврда бундай маросимларни тартибли, ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш керак эмасми?!
— Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган “Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида”ги Фатвода таъкидланганидек, марҳумлар руҳини шод этиш учун катта-катта харажатлар эвазига амалга ошириладиган маърака–маросимлар ўрнига муҳтож ва ночор оилаларга, меҳрибонлик уйларига ёки ободончилик ишларига моддий ёрдам кўрсатиш афзалдир. Шунингдек, мазкур фатвода турли тўй-олди, тўй ва тўйдан кейинги дабдабали, серҳашам тадбирлар қисқартирилиб, қолганларини ҳам ихчам тарзда жойлардаги маҳалла фаоллари ва хотин-қизлар қўмитаси ҳайъати аъзолари билан келишилган ҳолда ўтказилиши мақсадга мувофиқлиги айтилган.
Ҳозирда маҳалла фаоллари, оқсоқоллари, тўй ва маросим ўтказиш ҳайъати аъзолари ҳар бир оиланинг иқтисодий имкониятларини инобатга олган ҳолда жойларда тўй ва бошқа маросимларимизнинг ихчам ўтказилишига эътибор бермоқдалар. Лекин ҳамма жойда ҳам бу нарса бир хил деб бўлмайди. Бугунги кунда, оз бўлса-да, ҳали ҳам юртимизда исрофгарчиликка йўл қўяётган фуқароларимиз бор.
Тўй қиламан деб, бола-чақанинг ризқини қийиш — бу катта хатодир. Борди-ю, “мен маҳалла, юрт ошини еганман, маҳаллага ош бермасликка номус қиламан”, деб бошқалардан қарз олиб ёки олмасдан ҳам эҳсон қиладиган бўлса, бу айни гуноҳнинг ўзидир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг баракотли никоҳ оз харажат қилинганидир”, деб марҳамат қилганлар. Баъзилар тўйни дабдабали қилиш билан фарзандларининг бахтини эмас, балки ўзларининг обрўларини ўйлайдилар. Маълумки, риёкорлик билан қилинган ҳар қандай ишда барака бўлмайди.
Минг афсус, кўпчилик инсонлар қарзга тўй қилиб, кейин қийналиб юришади. Аслида имкониятдан келиб чиқиб камтарона тўй қилиш ва отриқча орзу-ҳавасга берилмаслик керак.
Бир тўйга кетадиган маблағнинг бир қисмини ёшларнинг эҳтиёжига, оила юмушларини енгиллаштиришга, эртага туғиладиган гўдакларни соғлом қилиб ўстириш, болаларимизга чуқур билим бериш, замонавий ҳаёт ва турмуш тарзига жавоб берадиган мақсадларга сарф қилсак, бу энг тўғри ва савоб иш бўларди.
Бойсун туман бош имом хатибининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Рамозонова Муқаддам