“Силаи раҳм”, “сила” “боғлаш, улаш” маъноларига эга, “раҳм” эса “бачадон”, яъни “онанинг қорни” деган маънони билдиради. Силаи раҳм сўзи биргаликда: “қориндошлик алоқаларини боғлаш” деган маънони билдиради. Динимизда қариндошларни зиёрат қилиб туриш, уларга меҳр шафқат кўрсатиш, қариндош-уруғчилик вазифаларини адо қилиш фарздир. Бу алоқани узиш эса ҳаромдир. Кулайб ибн Манфаъанинг боболари Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, кимга яхшилик қилай?”. Жаноб Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам: “Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга ва улардан кейин келадиган яқинларингга вожиб ҳаққдир ва силаи раҳмдир”, деб жавоб бердилар. Бундан келиб чиқадики, ҳар бир инсон мана шу яқинларига яхшилик қилиши керак экан. Агар булар ҳаёт бўлмасаларчи деган савол туғиладики. Унда уларнинг опа-сингиллари, ака-укаларига яхшилик қилиш лозим, яъни хола аммаларга, тоға амакиларга. Кейин ўзимизнинг ака-укаларимизга яхшилик қилишимиз лозим бўлади. Ҳикоя қилинишича “Бир куни йўлдан бир аъробий ўтди. У аъробий ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг яқин дўстлари эди. Аъробий Умар розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарга: “Сен Умарнинг ўғлимасмисан?”, деди. Абдуллоҳ: “Ҳа”, деб жавоб бериб, ўша аъробий оталарининг дўсти эканлиги эсларига тушди. Шунда эшакларини ва бошларидаги саллаларини унга бердилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларидаги киши: “Унга икки дирҳам берсангиз бўлмасмиди?” деди. Ибн Умар унга: “Мен Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Отангнинг дўстлигини муҳофаза қил. Уни кесма. Тағин, Аллоҳ нурингни сўндириб қўймасин”, деганлар” деди. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам: “Насабларингизни ўрганинг! Шу сабабдан қариндошларингиз билан борди-келди қиласизлар. Зотан, қариндошлар билан борди-келди қилиб туришлик орада меҳрни зиёда қилади, ризқни зиёда қилади ва силаи раҳм кейингиларга одат бўлиб қолади”. Айримларимиз борки, ўзларимизнинг отамиз томонидан ёки она томонидан қариндошларимизни танимаймиз. Ёки молу дунёсини билан, ўлчаб ўзимизни танимасликка соламиз. Шу сабабдан қондош-қариндош болалар ўзларининг хешу ақробаларини танимайдилар. Бу албатта, жуда кўп ёмонликларга олиб келади. Инсонни худбинликка, бераҳм ва қашшоқликка олиб келади. Агар Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидек бўлса, қариндошларини ҳаммасини билса, борди-келдилари туфайли бир-бирларига меҳрлари ошади, бирор мушкулликка тушиб қолса, сезмаган ҳолда ундан тезда чиқиб кетади, тўю- маъракаларни қийналмасдан адо этади ва бу чиройли одат кейинги авлодларга урф бўлиб қолади. Арофат кечасида Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Айтиб қолдиларким: “Силаи раҳмни узган киши бу кеча мен билан бирга ўтирмасин, биздан кетсин”. Мажлиснинг четида ўтирган йигитдан бошқа ҳеч ким турмади. Бир оз вақт ўтгандан кейин у йигит қайтиб келиб, ўз жойига ўтирди. Шунда Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун сендан бошқа ҳеч ким даврамиздан турмади?” деб сўрадилар. У йигит айтдиким: “Ё Расулаллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам сиздан бояги танбеҳни эшитиб, холамникига бордим. У киши билан жанжаллашиб орамиз бузилган эди. У киши мени кечирди, мен у кишини кечирдим”. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам бу гапни эшитиб: “Яхши қилибсан, бу кечани биз билан бирга ўтказ. Огоҳ бўлингларким, Аллоҳнинг раҳмати силаи раҳмни узган қавмга тушмайди”. Хотинларнинг гапига кириб қанча-қанча ака-укалар юз кўрмас бўлиб кетишади. Бир ҳовлини иккига бўлиб, девор олишади. У девор билан улар Аллоҳнинг раҳматига ҳам девор қўйишади. Дунёнинг бир матоҳи учун ёки кечириб бўладиган айрим гаплар учун опа-сингиллар юз кўрмас бўлиб кетишади. Қиёматга қадар аразлашиб, бири борган тўйга бошқаси бормайди. Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бомдод намозидан кейин жамоат билан халқа ўтирганларида қаттиқ таъкидлаб дедилар: “Худо ҳаққи, қон-қариндошлик алоқаларини узганлар орамизда бор бўлса, туриб кетсин! Биз Роббимизга дуо қилмоқчимиз. Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор жойда осмон эшиклари ёпиқ бўлади, дуолар қабул этилмайди”.
Олтинсой туман “Рахмонберди ҳожи”
жомеъ масжид имом хатиби: З.Абсаломов