Якунига етаётган муборак Рамазони шариф ойи жонажон юртимизда ҳар қачонгидан ҳам файзу футуҳли, барокатли бўлди. Диёримиздаги жомеъ масжидларимизда барча шарт-шароитлар муҳайё қилиниб, таровеҳ намозлари ўқилиб, қориларимиз томонидан хатми қуръонлар қилинди. Мўмин-мусулмонларимиз шундай шукуҳли кунларга етказганига шукроналар айтишиб, жаннатмакон юртимизнинг тинч-осойишталиги, бунданда гуллаб яшнаши, мустақиллигимизнинг бардавом бўлишига тинмай дуои хайрларда бўлишди. Бу муборак ойда бажарилган ибодат ва хайрли амалларга бошқа ойларга қараганда кўпроқ савоб берилишини билган кишилар улуғ ният билан Рамазон рўзасини тутишди, хайрли ишларни кўпроқ қилишди. Бу шарафли ойда тутган рўзаларимиз, ибодатларимиз қалблардаги ғуборларни ювди, ихлосимиз ошиб, саховатпеша бўлишга, ёмонликлардан тийилиб, ўзгаларга яхшилик улашишга ўргатди. Ўзига тўқ сахий кишиларимиз ушбу ойда катта савоблар олиш умидида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ночор оилаларга меҳр-мурувват кўрсатишди. Муборак Рамазон ҳайити айёми арафасида оила-аъзоларимизга ва яқинларимизга қувонч ва меҳр-оқибат намойиш қиладиган, ёр-дўстларимизни зиёрат этиш, беморлар ва ёрдамга муҳтож кишилар ҳолидан хабар оладиган фурсатдир. Ҳайит кунларини ҳар-хил бидъат маросимлар билан ўтказиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш динимизда тақиқланган амаллардандир. Айниқса марҳумларни хотирлаш маросимларини айни ҳайит кунлари ўтказиш шариат кўрсатмаларига зиддир. Ушбу саодатли кунларни хурсандчилик, кўтаринки руҳ билан ўтказиб, мустақиллик ва тинчлик неъмати шукронасини адо этайлик.
Барчамизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Пулхоким жомеъ масжиди имом-хатиби А.Тошматов