Аллоҳ таоло инсониятни беҳисоб неъматлар билан сийлаган. Улар орасида инсон учун энг бебаҳоси – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир. Дарҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд инсон уларнинг қадрига етиши лозимдир. Лекин унутмаслик керакки, баъзи ҳолларда Аллоҳ таоло бандаларига турли-туман синовлар юбориши мумкин. Гоҳида банда касалликка чалинади, гоҳида эса муаммолар сабаб хотиржамлигини йўқотади…

Хасталик ёш танламайди, гўдакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди. Шундай вазиятда, яъни дард берилганида инсон сабрли бўлиб, Аллоҳ таолонинг имтиҳонига бардош кўрсатса, гуноҳлари кечирилиб, савобга эришади. Аммо сабрсизлик қилса, гуноҳкор бўлади.

Бандага берилган дард фақат унинг учун эмас, атрофидагиларга ҳам бир синов. Улар бетоб ётган кишини зиёрат қилиб, ҳол сўрашлари, хизматида бўлиб, ёрдам кўрсатишлари шарт.

Шунда мўмин-мусулмонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳамжиҳатлик зиёда бўлади.
Аллоҳ таоло ўз бандаларини ҳузуридан келадиган синовлар – ҳар хил дард, фақирлик ва фарзандсизлик кабилар билан синайди. Қуръони каримда бундай амр этилади:
Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят).

Зумар сураси, 10-оятида эса бундай дейилади: «(Эй Муҳаммад!) Менинг имон келтирган бандаларимга айтинг: “Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир. Аллоҳнинг Ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари
беҳисоб берилур
”.

Сабр борасидаги чиройли хушхабарлар ҳадиси шарифларда ҳам кенг ёритилган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб бундай деди: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин”. У зот: “Агар хоҳласанг, дуо қиламан ва Аллоҳ сенга шифо беради. Агар сабр қилсанг, (охиратда) сен
ҳисоб-китоб қилинмайсан”, дедилар. Шунда у аёл: “(Бўлмаса,) сабр қиламан
”, деди» (Имом Бағавий ривояти).

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ
(соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминга тикан кирса ва ундан каттароқ мусибат етса ҳам, албатта, Аллоҳ ўша сабабли унинг даражасини кўтаради ва гуноҳини ювади”, деганлар» (Имом Термизий ва Имом Муслим ривояти).

Мусибат етган пайтда сабр қилган мўминнинг даражаси кўтарилиб, хатолари ўчирилади.

Абу Мусо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Қачон банда бемор бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, Аллоҳ таоло унга соғлик ва муқим вақтида қиладиган амалларнинг ажрини ёзади, дедилар» (Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибончилигининг юксак намунаси. Мўмин касал бўлса, соғлигимда қиладиган савоб ишларим, нафл рўза, намоз, зикрларим қолиб кетди, деб ўксимаслиги учун унга худди соғлигида амал қилиб оладиганчалик савоб ёзилади. Шу сабабли ҳам бундай ҳолда сабрли бўлган маъқул. Шунингдек, ушбу ҳадиси шариф мусулмонларни соғлик пайтида янада кўпроқ нафл ибодатлар қилишга тарғиб этади.

Бандадан энг улкан сабр талаб қиладиган дам яқин кишисини йўқотган пайтдир. Бу борадаги ўрнакни ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у зотнинг саҳобалари ҳаётидан олишимиз мумкин.

Сийрат китобларидан маълумки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг барча ўғил фарзандлари гўдак ёшида вафот этди. Фотима (розияллоҳу анҳо)дан бошқа қизлари ҳам улғайиб, оилали бўлганларига қарамай, у зотдан аввалроқ дорулбақога риҳлат қилдилар. Шунингдек, ҳам моддий, ҳам маънавий дастак бериб турган икки инсон – амакилари Абу Толиб, Хадича (розияллоҳу анҳо), кейинроқ эса амакилари Ҳамза (розияллоҳу анҳу) нинг шаҳид этилиши чоғида кўрсатган сабр-матонатлари мўминларга ўрнак.

Энди у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг касалликка сабрлари қандай бўлганига биргина мисол келтирайлик. Ато ибн Ясор (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Абу Саъид (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига кирса, у зотнинг иситмалари кўтарилиб кетган экан. Устларига ёпқич ёпилган. Абу Саъид (розияллоҳу анҳу) қўлини ёпқичнинг устига қўйиб кўриб:

– Иситмангиз бунча ҳам баланд, ё Расулуллоҳ?! – деди.

– Биз шундаймиз, биз учун бало шиддатли қилинади, ажр
кўпайтирилади
, – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг расули, одамлардан энг шиддатли балога учрайдиганлар кимлар?
– деди.

– Набийлар.

– Яна кимлар?

– Уламолар.

– Сўнгра кимлар?

– Солиҳлар… – дедилар»

(Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).

 Мусулмонлар орасида беморлик пайтида ва яқин кишиси ўлганида сабр ва розиликнинг нодир намуналарини кўрсатган кишилар кўп бўлган.

Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу)нинг оёғи қорасон бўлгани сабабли кесиб ташланган куни ўн еттига кирган ўғли отдан йиқилиб вафот этади. Келганларнинг барчаси ўзлари билганларича таъзия билдиришади.

Аҳли фозиллардан бири:

– Бир оёғингни олиб, жонингни омон қолдиргани учун, битта болангни олиб, бошқаларини омон қолдиргани учун Аллоҳга шукр қил, – дейди.

Шунда Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу):

– Мусибатимга сендан яхшироқ таъзия билдирган одам бўлмади, – дейди.
Касалликка чалинган ёки мусибатда қолган мўмин бундай вазиятнинг аввалида чиройли сабр кўрсатиши, қийинчиликдан қутулишнинг энг осон йўли – ўлимни орзу қилмаслиги керак. Зеро, Анас (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Сизлардан бирингиз ўзига етган мусибат сабабли ўлимни орзу қилиб қолмасин. Зотан, бўладиган иш аниқ бўлади.
Балки: 
“Аллоҳумма аҳйиний ма каанатил ҳаяту хойрон ли, ва таваффаний ма каанатил вафаату хойрон ли” (“Аллоҳим, тириклик менга яхши бўлса, тирик қолдир. Қачон менга вафот этиш яхши бўлса, мени вафот эттир”), десин (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мўмин бошига тушган мусибатларга сабрли, саботли бўлиши, қийинчиликларга бардош бериши, касаллик ва моддий қийинчиликка чидам кўрсатиши лозим. Шунда даргоҳи илоҳийда мартабаси ошиб, Аллоҳ таоло хушхабар берганидек, ажру савобга ноил этади: …Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бақара сураси, 249-оят). Шоир айтгандек: “Бесабр қул тез йўлиқар балога, сабрли қул бора-бора шод бўлар”.

                                                                                       Дилмурод домла Давлатов                                                      Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари, Денов туман бош имом хатиби ҳамда Денов туман «Имом Бухорий» жомеъ масжиди имом хатиби:

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here