Ҳар йили муҳтарам биринчи президентимиз И.А.Каримовнинг шарофатлари билан “1-октябрни устозлар ва мураббийлар” куни сифатида нишонлаймиз. Улар эса бунга албатта арзийдилар. Чунки устозлар бўлмаса келажак авлод таълим тарбиясиз, илмсиз, одоб аҳлоқсиз бўлиб ўсарди. “Таълим” бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. “Таълим бериш”, “дарс бериш” ва “ўргатиш” сўзларининг маънолари бир-бирига яқин бўлиб, маълумотларни муаллимдан мутаъаллимга (таълим олувчига) нақл қилишни билдиради. Таълим шарҳлаш, очиқлаш, яқинлаштириш, хужжатлаш, далил келтириш, тарбия бериш ва насиҳат қилиш каби ишлардан иборатдир.
Таълим бериш билан таълим олиш бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Бирисиз иккинчиси бўлмайди. Шунинг учун ҳам талаба бўлиб илм олишга қанчалик тарғиб қилинган бўлса, олим бўлиб таълим беришга ҳам шунчалар тарғиб қилинган ва бу ишга ҳам савоб мартабалар ваъда қилинган. Илм талаба қилиш фарз бўлгани каби, таълим бериш ҳам фарз қилинган.
Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарздир. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “Ўқи” деган амр бўлган эди. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бешикдан қабргача илм изла”, деб таълим берганлар. Исломнинг таълимга берган аҳамиятидан таълим ходимлари бўлмиш муаллимларни улуғлаш ва уларга бўлган ҳурмат-эҳтиром юзага келган. Абу Улома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару-ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўртатувчига саловат айтадилар” дедилар” (Термизий ривоят қилган). Ушбу ҳадиси шарифдаги одамларга яхшиликни ўргатувчилар асосан мусулмон муаллимлардир. Бу шарафга муяссар бўладиганларга кичкинтойларга алифбе ҳарфларини ўргатаётган муаллимлардан тортиб, фан докторлиги илмий ишларига раҳбарлик қилаётган устозлар, илмий кашфиётларни бошқараётган раҳбарларга барчалари киради.
Абу Ҳурайра розияллолоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи ўлганида амали кесилади. Илло 3 нарса: жорий садақа, манфаат олинадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд” дедилар (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилган).
Шу фурсатдан юртимиздаги барча устоз ва мураббийларимизни байрамлари билан чин дилдан табриклаб қоламиз. Юрт равнақи учун қилаётган ишларида улкан зафарлар тилаб, уларнинг ҳақларига дуо қиламиз.
Олтинсой туман “Раҳмонберди ҳожи” жоме масжиди имом хатиби Х.Эрназаров