Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг азалий иродаси ва қудрати билан инсон зотини барча мавжудотлардан ақл, тафаккур билан афзал ва мумтоз этиб яратди. Инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб, чегараси, қадр-қиймати билан халқ этди.
У Зот Қуръони Каримда хабар бериб бундай дейди: «Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир».
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз вақтларига жуда қизғанчиқ бўлишган. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканлигини яхши билишган ва шунга мувофиқ амал қилишган.
Ҳамонки, ёзганимиз инсон умри ҳақида экан, авваламбор шуни айтиш лозимки, умр инсониятга берилган энг бебаҳо неъматдир. Инсоннинг яралиши, ҳаёт кечириши ва охир-оқибат дорулфанодан дорулбақога риҳлат этиши Аллоҳ томонидан жорий қилиб қўйилган ўзгармас қонундир.
Хўш, инсонга умр ўзи нима учун берилади, инсон бу умрда нималар қилиши керак, деган саволлар туғилиши табиийдир. Ушбу саволларга жавобан Ҳақ таборака ва таоло Қуръони Каримнинг Мулк сурасинин 2 оятида бундай марҳамат қилади:
«У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир ».
Ушбу ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни беҳуда ишлар, кайфу сафо ва бекорчилик, дангасалик ва танбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки хайрли амаллар, фойдали ишлар, Элу Юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун заҳира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани ойдинлашади.
Инсон умри чекланган. У маълум йиллар, маълум ойлар, кунлар, соатлар, дақиқалардан иборатдир. Шундай экан, ўтаётган умримизнинг қадрига етмасак, вақт ҳамиша бизнинг зараримизга ишлайди
Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий ҳазратлари: «Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир», деган эканлар.
Охиратда инсонлар ўз умрларини, вақтларини қандай ўтказганлари ҳақида сўраладилар. Албатта, инсонга бу дунёда берилган ҳар бир неъматнинг қиёматда савол-жавоби ва ҳисоб-китоби бор. Киши ўзига берилган неъматлар ва имкониятларни қай тариқа тасарруф қилди, уларни қандай ишларга сарфлади, неъматлардан тўғри фойдаландими ёки суистеъмол қилдими, шулар ҳақида ҳар бир киши, албатта, сўралади.
Аллоҳ таоло Такасур сурасида марҳамат қилиб айтганидек, «Сўнгра, албатта, Ул кунда (охиратда) неъматлар ҳақида сўралурсиз!» Инсониятга ато этилган неъматлардан бири вақт ва умр неъматидир. Шундай экан умрнинг Қадрига етинг азизлар
Шўрчи туман бош имом-хатиби А. Ҳабибуллаев