Бошқаларни алдаш учун айтилган ва тўғри бўлмаган сўзларга ёлғон дейилади. Динимизда
ҳаром қилинган катта гуноҳлардан бири ёлғондир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло: «… ёлғон сўздан йироқ бўлинглар», — деб буюради.
(«Ҳаж» сураси, 30-оят). Иккинчи бир оятда шундай дейилади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан
қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар» («Аҳзоб» сураси, 70-оят).
Кўпгина нохушликлар ёлғондан пайдо бўлади. Ҳийла, алдаш, зулм, ҳақсизлик,
адолатсизлик, эътиқодсизлик, душманлик каби нарсаларнинг барчаси ёлғон ҳамда
ёлғончиликдан вужудга келган ишлардир.
Ёлғончининг ўз-ўзига ишончи йўқ, одамгарчилиги, ахлоқи ва имони заифдир.
Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: «Ёлғондан сақланингиз. Чунки имон бир томонда,
ёлғон бир томондадир. Ёлғон билан имон бир кишида жам бўлмайди» — деганлар.
Бошқа бир ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: «Тўғриликни қўлдан бой берманг, чунки
тўғрилик одамни яхшиликка, яхшилик эса жаннатга элтади. Киши ҳамиша тўғри сўзласа, Аллоҳ
ҳузурида сиддиқ, энг тўғри инсон, деб ёзилади. Ёлғондан сақланинг, чунки ёлғон кишини
жаҳаннамга элтади. Киши доимо ёлғон сўзласа, Аллоҳ ҳузурида ёлғончи, деб ёзилади».
Ёлғончи одамларни алдаса ҳам, Аллоҳни алдай олмайди. Чунки Аллоҳ одамларнинг
қилган ҳар бир ишини кўриб туради, билади ва сўзланган сўзларни эшитади.
Ёлғоннинг энг зарарлиси ва энг гуноҳлиси қозихонада(судда) гувоҳлик бериш чоғида
гапирилган ёлғондир. «Нисо» сурасининг135-оятида Аллоҳ ўзимизнинг, ота-онамизнинг,
яқинларимизнинг зарарига бўлса ҳам тўғри гувоҳлик беришга буюради. «Бу менинг
қариндошим, яқиним» — деб ҳақсизлик билан кимнидир ёқлаш ярамайди.
Ислом динида баъзи ҳолатларда ёлғон сўзлашга рухсат этилган:
— бир-бири билан сўзлашмаётган эр билан хотинни ёки икки мусулмонни келиштириш
учун;
— уруш чоғи душманни алдаш учун;
— бир кишининг жонига, молига, динига ва номусига зулм ва ҳақсизлик билан зарар
етказилса, уларни қутқазиш учун;
— касалларга умид ва қувват бериш учун; пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай
деганлар:-«Одамлар орасини келиштириш учун яхшилик нияти билан ёлғон сўзлаган
киши ёлғончи эмасдир».
Ҳийла ҳам алдаш демакдир. Ёлғон каби ҳийла ҳам ҳаромдир. Ҳийлакор киши икки
юзламачи бўлади, бошқаларни алдаш учун икки қиёфада кўринишга интилади. Ҳақиқий
мусулмоннинг сурати сийратидек, сийрати эса сувратидек бўлади. Ислом динида инсон
ҳурматли бир мавжудотдир, ҳийлакор кишининг эса бошқалар олдида ҳурмати бўлмайди. У
бошқаларни тубан билиб, фақат ўзини ўйлайди.
Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: «Бир мусулмонга зарур еткизган ва уни алдаган
киши биздан эмасдир», — деган эдилар. Ёлғончи ва ҳийлакорларнинг дўстлари, қадрдонлари
йўқдир. Бирон кимса уларга ишонмайди.
ШЎРЧИ ТУМАНИ “ ТОЛЛИ ОТА” ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ ХАТИБИ РАШИДОВ ҲАЙБАТУЛЛО