Якунига етиб бораётган йил мамлакатимизда барча йўналишларда бўлгани каби диний-маърифий сохада ҳам янгиликлар, ислоҳотларга бой йил бўлди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ислом маърифатини таратиш, аждодларимизнинг бой маънавий меросини янада чуқур ўрганиш йўлида муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида кўплаб эзгу ташаббуслар, хайрли лойиҳалар амалга оширилди. Бу ишлар негизида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги имом-хатиблар томонидан дин равнақи, халқ фаровонлиги, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида аҳамият касб этади.
Имом-хатиб дин тарғиботчиси, шариат пешвоси. Шу билан бирга у жамиятдаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланган. Динимиз софлигини асраш, халқимизга зиё ва маърифат тарқатиш, тинч ва осуда дамларимизга шукроналик ҳисси билан яшашга ундаш айни диний соҳа ходимининг хизматларидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда “Энг маърифатли имом” кўрик танлови ўтказиб келинади.
Танловнинг мақсади бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имомларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдир.
Танлов уч босқичда: туман-шаҳар, вилоят ва Республика миқёсида ўтказилади. Бундан аввал жойларда танловнинг вилоят босқичлари ўтказилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Жорий йилнинг 12 декабрь куни пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажумасида танловнинг ҳал қилувчи — Республика босқичи ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичи ғолиблари иштирок этдилар.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан очилди. Сўнгра Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов иштирокчиларга муваффақият тиладилар. Бу каби танловлар имом-хатиблар учун жуда зарур эканлиги, билим ва тажрибаларининг ўсишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Иштирокчилар Қуръони карим қироати ва тафсири, Ақоид, Фиқҳ илми, ижтимоий-маънавий соҳага оид саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, йил давомида амалга оширган ишлари, ОАВларидаги иштироки, тарғибот тадбирлари бўйича тақдимот қилдилар.
Айтиш мумкинки, бу йилдан танлов Низомига мувофиқ уни ўтказиш савиясига жиддий эътибор қаратилди. Иштирокчиларга бериладиган саволлар мураккаблашди. Чунки имом-хатиблар бугун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ ўз устида ишлашлари, билимларини ошириб боришлари лозимлигини давримизнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни белгиланган тизимда баҳолаб бордилар. Якуний натижаларга кўра қуйидаги иштирокчилар юқори ўринларни қўлга киритдилар:
1-ўрин – Муҳаммадраҳим Абдуқодиров, Тошкент шаҳри “Доруссалом” жоме масжиди имом-хатиби.
2-ўрин – Абдулбосит Нусратуллаев, Тошкент вилояти “Абдулқодир Махсум” жоме масжиди имом-хатиби.
3-ўрин – Юнусхон Мамарасулов Фарғона вилояти “Саид Жалолхон тўра” жоме масжидид имом-хатиби ва Қўзибой Машарипов Хоразм вилояти “Мискин бобо” жоме масжиди имом хатиби га насиб этди.
Шунингдек, танловга ҳамоҳанг равишда йил давомида фаол хизмат кўрсатган, фидоий ва ўз ишида намуна кўрсатган имомлар қуйидаги йўналишларда тақдирландилар:
“Энг кўп обуна уюштирган имом” – Парпиев Шаҳобиддин, Андижон вилояти Асака тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби.
“Энг кўп мақола чоп этган имом” – Эрназапов Суннатуллоҳ, Тошкент вилояти “Собиржон ота” жоме масжиди имом-хатиби.
“Энг обод масжид” – Жиззах вилояти Жиззах шаҳри “Хўжа Нуриддин ҳожи” жоме масжиди
“Энг интизомли имом” – Эргашев Дилшод, Навоий вилояти “Оқтош” жоме масжиди имом-хатиби.
“Энг фаол имом” – Мухторов Фазлиддин, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-хатиби.
Ғолиб ва совриндорлар танловнинг махсус дипломи ва статуеткалари, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар.
ЎМИ Сурхондарё вилояти Матбуот хизмати