Ислом таълимотига кўра саҳар вақти яъни туннинг охирги қисми, тонг отишидан олдинги вақт ибодат ва дуо қабул қилинадиган улуғ дақиқалар ҳисобланади.
Шу хусусда эслаб ўтиш жоизки, Луқмони ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида, «Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб, қичқирмасин «- деган. Бинобарин, улуғ кишилар тунлари билан таҳажжуд намозларини ўқиб, субҳдан олдин саҳар чоғида дуо ва истиғфор билан машғул бўлишган.
Ҳадиси шарифда айтилган: «Ҳар кеча туннинг охирги учинчи бўлагида Аллоҳ таоло биринчи осмонга тушиб хитоб қиладики, ким дуо қилса, ижобат қиламан, ким сўраса бераман, ким истиғфор айтса гуноҳидан кечаман». 🖇Ҳадисда қайд этилган «Аллоҳнинг осмонга тушиши» мажозий маънода бўлиб, дуо қилувчи бандага ўзининг нақадар яқин эканини билдириш учун айтилган иборадир.
Аллоҳ таоло беш хил тоифадаги мўминларни мадҳ этиб, сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва сахарҳез (саҳарда туришга одатланган) кишиларнинг ҳар бирини алоҳида мақтаган. Бошқа жойларда уларни солиҳ, тақводор ёки аброр деб атаган.
Бир ривоятда келишича, бир олим кишидан сўрашибди: » Нима учун ит 🐕 бир йилда бир неча бор туғишига, яна ҳам бир нечта туғишига қарамасдан, бир йилда бир марта битта-иккитадан туғадиган қўйларга 🐑 нисбатан сони оз». Шунда, у доно киши «чунки, итлар кечаси билан юриб-юриб тонг саҳарда ухлаб қолишади, қўй эса тонггача дам олиб, айни саҳар вақти туриб ризқини талаб қилади » дея жавоб берган экан.
Шундай экан эрта туриб, саҳар вақтининг баракотидан баҳраманд бўлайлик.
Қизириқ тумани «Чилгаз ота» жоме масжиди мутаваллиси
Муҳаммадиев Шуҳрат