Намоз Исломнинг беш рукни ичида иймондан кейин турадиган иккинчи муҳим ибодатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг сўнгги дамларида умматларига намозга маҳкам бўлишни бекорга қаттиқ тайинламаганлар. Намознинг мақомига яраша намозхонга бериладиган ажр ҳам беҳисоб бўлади. Намозхонлар охиратда етти ухлаб тушларига кирмаган ноз-неъматлар билан сийланади. Намозни тарк этувчилар эса жиддий ҳисобга тортиладилар, уларни оғир жазолар кутади.
Намозхон бошини ерга қўйиб Аллоҳга сажда қилар экан, Аллоҳ унинг мақомини олийларга кўтаради. Унинг боши ерда турсада, аслида мақоми самоларда бўлади. Намозхонни жамиятда ҳам деярли ҳамма ҳурмат қилади. Намозхонларнинг олдида очиқ гуноҳлар қилишдан уяладилар. Масалан ичувчи ё чекувчи намозхонни кўрганда дарров ўзини тузатишга уринади, гуноҳини яширишга ҳаракат қилади. Бу намозхонга берилган илоҳий шараф туфайлидир.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Адаб ал-муфрад” асарида Абу Умома розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ривоятини келтиради:
اقبل النبى صلى الله عليه و سلم معه غلامان فوهب احدهما لعلى صلوات الله عليه و قال لا تضربه فانى نهيت عن ضرب اهل الصلوة و انى رايته يصلى منذ اقبلنا
و اعطى ابا ذر غلاما و قال استوص به معروفا فاعتقه فقال ما فعل فقال امرتنى ان استوصى به خيرا فاعتقته
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ғулом (қул) билан келди. Бирини Али розияллоҳу анҳуга ҳадя қилди ва унга: “Уни урмагин! Чунки мен намозхонларни уришдан қайтарилганман. Бу қул йигитни кўрдимки у келганидан бери намоз ўқийди”—дедилар. Яна бирини эса Абу Зарга берди ва унга “унга яхши муомала қилгин”—дедилар. Абу Зар у қулни озод қилиб юборди. Расулуллоҳ: “мен берган қулни нима қилдинг?”—деб сўраган эди Абу Зар: “сиз менга унга яхшилик қилишни тайинладингиз, мен шунинг учун уни озод қилдим”—деди. (Адаб ал-муфрад / 163).
Ривоятга диққатла этибор берилса шулар маълум бўлади:
Намозхонларни уришдан Аллоҳ таоло жанобимизни қайтарган экан;
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозхонларни ҳатто қул бўлса ҳам алоҳида ҳурмат қилганлар;
Расулуллоҳ намозхонларни калтакланишига йўл қўймаганлар;
Жамиятда намозхонларни биз ҳам ҳурматини билишимиз лозим;
Хўжайинларга қўл остидаги хизматкорига яхшилик қилишни тайинлаганлар;
Қулларни озод қилиш улар учун қилинадиган энг яхши муомала бўлган;
Ислом жамияти қулдорлик тузумига қарши бўлган!
Cирожиддин МУХИДДИНОВ
Сурхондарё вилояти олтинсой тумани «Саййд Мухиддинхон»
жоме масжид имоми
Манаба: http://ahlisunna.uz/uni-urma-u-namozxon