Ислом динида инсоннинг дини, мол-мулки, ақли, соғлиги ва жонини муҳофаза қилишни зиммасига олган. Уларнинг бирига қилинган тажовуз барчасига қилинган тажовуз деб тушунилади. Аллоҳ таоло инсон зотига бу беш омилни омонат қилиб берган. Айни вақтда жон ҳам омонатдир. Охирги пайтларда ёшлар ичида айниқса, аёллар ўртасида ўз жонига қасд килиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Ўз жонига қасд қилиш ўта оғир гуноҳ ҳисобланади. Бу тўғрида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаттиқ огоҳлантирилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалллам: “Эй инсонлар мен сизларни нимага буюрган бўлсам шуни қилинглар, нимадан қайтарган бўлсам шундан қайтинглар” деб марҳамат қилганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ушбу ҳадисда амр ва буйруқларни қўлидан келгунча, аммо қайтариқлардан эса мутлоқ қайтишни таъкидлаганлар.
Бу мудҳиш жиноят ўта оғир гуноҳ эканлигини аввало ўзимиз англаб етиб қолаверса, ёшларга ҳам тушунтиришимиз зарурдир. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 29-оятида: “Эй имон келтирганлар ….. ўзингизни ўзингиз ўлдирманглар (жонларингизга қасд қилманлар) Аллоҳ сизларга меҳрибон зотдир” деб марҳамат қилади.
Абу Ҳурайра (р.а) ривоят килади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “У шундай одамки, ўзини ўзи осди. Дузахда ҳам абадий осиғлик ҳолда туради. У шундай одамки, ўзин пичоқ билан ўлдирди. Дузахда абадий пичоқланган ҳолда туради” деб айтадилар (Имом Бухорий ривояти). Яна бошқа бир ҳадисда Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса жаҳаннамда ўзини тоғдан ташлаган ҳолда абадий дузаҳда азобланади. Кимики, ўзини заҳар ичиб ўлдирса, унинг заҳари қўлида булади. Киёматда абадий мана шундай азоб билан азобланади. Ким ўзини бир тиғ билан ўлдирса, унинг тиғи қўлида бўлади қиёматда абадий мана шундай азоб билан азобланади” дедилар. (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Киши ўзини ўзи қасддан ўлдиришининг бирдан бир сабаби шуки бу ҳам бўлса имоннинг сустлиги, носоғлом эътиқод сабабидан келиб чиқаяпти десак хатодан холи эмас. Ҳакикий мўмин ҳаётда бахтли ҳаёт кечириши билан биргаликда баъзида бошига турли хил кулфат ва балолар ҳам тушиши табиий. Агарда имонли киши бошида бирор бир кулфат ёғилса у такдир Аллоҳдандир деб ўзига ўзи сабр тилайди. Ўз жонига зулм қилмайди. Агар кишининг имони суст, эътиқоди маҳкам бўлмаса ўзига ўзи зулм қилиши турган гап.
Усмон (р.а.) қабристон ичидан ўтиб кетаётганда қабр устига дод-фарёд килиб ўтирган кишини гувоҳи бўлдилар. У киши қабр устида: “Қани эди сени ўрнингда мен бўлсам” деб айтаётган эди. Усмон (р.а.) у кишига: нега ундай деяпсан сен уни ҳозир қандай ётганини биласанми? Унга берилган неъмат ва имконият сенга берилган неъмат ва имкониятдан яхши эканлигига ишонасанми? Билмаган нарсангни сўрама, шак қилган нарсанга қадам қўйма! деб танбеҳ берди.
Ўз жонига қасд қилиш ўта оғир гуноҳдир. Буни олдини олиш ёшларни жар ёқасидан олиб қолиш ҳаммамизнинг мўминлик бурчимиздир. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг мукаррамроғи уларнинг ўзгаларга манфаатлироғидир” деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Инсон ўзига омонатга берилган жонни ўз қўли билан таҳликага отиши, яъни ўз жонига ўзи қасд қилиши восвос касаллигининг энг юқори даражаси ҳисобланади. Чунки, ўз жонига ўзи қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан берилган умр – ҳоли ҳаётга ношукурлик ҳамда Одилу Ҳакам зотнинг белгилаб қўйган тақдирига нисбатан кечирилмас исёндир. Инсон томонидан қилинадиган гуноҳларнинг аксарини унинг ҳақиқий, сидқидилдан қилинган тавбаси сабабли Аллоҳ таоло мағфират қилар экан. Аммо инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатида, агар унинг бу ҳатти-ҳаракати амалга ошса, унга бу гуноҳдан тавба қилишнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун ўз жонига қасд қилиш инсонга нисбатан шайтон васвасасининг энг авж нуқтаси ва шайтоннинг бир инсон устидан тўлиқ ғалабаси ҳисобланади. Жумладан, бу дардга аксар ҳолда ёшларнинг мубтало бўлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Хўш, ундан қандай сақланмоқ керак?
Мазкур дарднинг келтириб чиқарувчи энг асосий омилларидан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, ҳаётни енгил-елпи кинолар орқали тасаввур қилиши, жумладан, миллий қадриятларимиз ҳамда Ислом дини таълимотларидан йироқлашиб кетишлик ҳам бунинг бош сабабларидан бири ҳисобланади. Чунки, миллий қадриятларимиз замирида ва Ислом дини таълимотларида, хоссатан Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида жон эгасининг ўз жонига қасд қилишидан қатъиян қайтарилган.
Инсон онгига таъсир этувчи телвидение ва матбуотларда бу борада омманинг фикрини тўғри йўналтира оладиган фикрларни олға суриш керак, токи бу маълумотлар инсонни ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмак берадиган оқилона билимларни ўзида ҳосил қилишга ёрдам берсин. Зеро, инсоннинг оқилона билимлари унга хато йўлни англаш имконини бериб, беҳуда фикрлардан иборат шайтон васвасасидан халос бўлишига ёрдам беради. Ана шундай оқилона билимлар мажмуасининг энг мукаммали Ислом дини асоси бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шарифда баён қилинган кўрсатмалар ҳисобланади. Чунки, Ислом динида бошга мусибат етганда, унга сабр-тоқат билан бардош беришга чақирилади
Ўз жонига қасд қилиш азалдан ҳар қандай жамият ва тузумда юз бериб келаётган воқеадир. Аммо илгари асосан катта ёшлилар орасида учрайдиган бу ҳолат, кейинги пайтларда тобора “ёшариб” бораётгани кишини ташвишга солади…
Менимча, ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари илдизини, аввало, оиладан қидириш керак. Ота-она фарзандини моддий томондан бекаму-кўст таъминлаб қўйиши, чиройли кийинтириши, телефон, компьютер олиб бериши, чўнтагига катта-катта пул солиб қўйиши мумкин ва ҳоказо. Лекин буларнинг бирортаси болага бериш керак бўлган ҳақиқий меҳр ва ажратилиши керак бўлган вақтнинг ўрнини боса олмайди. Бола билан уч ёшгача подшоҳ, ўн ёшгача қул, ўн ёшдан кейин дўст сифатида муносабатда бўлиш керак, деган гап бор. Аксарият ҳолларда фарзанди орзу қилган барча шароитларни муҳайё қилган ота-она боласининг айни дамдаги ўй-хаёли, режаси, муаммоси ҳақида у билан бир кунда ярим соатгина самимий суҳбатлашишни ортиқча деб билади. Ўз уйида топа олмаган эътиборни бола кўчадан, бегоналардан топиши ҳам қийин бўлади. Оилада ва жамиятда ёлғизланиб қолган ўсмирда ҳаётда ўз ўрни борлигини кўрсатиб қўйиш истаги туғилади, онгида ҳаёт зиддиятларига қарши кураш бошланади ва бу кураш жараёни болада асабийлик, руҳий зўриқиш ҳолатларини ривожлантириб, эффект ҳолатигача олиб боради ҳамда, афсуски, айрим ҳолларда бу ўз жонига қасд қилиш билан тугайди.
Бундан ташқари, бугун кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган ўзини осиш, заҳар ичиш каби очиқ саҳналар кўрсатилаётган телесериаллар, миллий менталитетимизга ёт турли реклама роликлари, клиплар каби оммавий тарғибот воситалари орқали тарқатилаётган маҳсулотларнинг мазмун-моҳияти, ғоявий-бадиий қиймати, уларнинг онгига таъсир даражасини аниқ билмай туриб оммалаштирмаслик чораларини кўриш керак.
Хулоса қилиб айтганда, суицид – ижтимоий касаллик, уни даволаш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси, оила, мактаб, маҳалла, таълим муассасаси, давлат ва жамоат ташкилотларининг уйғунликдаги фаолияти концепциясини ишлаб чиқиш лозим.
Бойсун тумани “Пулхоким” жомеъ масжиди имом – хатиби А. Тошматов