Абдуллоҳ ибн амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади;  “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам; “Мусулмон — мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир.”  дедилар.”   Нақадар пурмаъно сўз. Пайғамбар алайҳиссаломнинг шу биргина сўзларидан қанча нарсани англаса бўлади. Бу сўзлар ислом динининг ҳақ динлигини, унинг одобини, ҳеч қачон ёвузликка бошламаслигини қисқаси динда ҳеч қандай терроризм ва экстремизм йўқлигига далил бўладиган ҳадиси шарифдир.     

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Лекин ғоялар кураши авж олган XXI асрда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар юзага келаётгани, кишиларнинг тинч ширин ҳаётини издан чиқаришга қаратилган янги шаклдаги таҳдидларнинг кун сайин пайдо бўлаётгани ва бунинг натижасида бузғунчи ғояларнинг ҳамма томонни  қуршаб олишга ҳаракат қилаётгани барчамиздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб этмоқда. Улар ўз раҳнамолари топшириғини шу даражада бажаришаяптиларки ҳаттоки ҳозирги вақтда инсонлар бошига тушаётган пандемийя тарқаган  оғир синовли кунларда ҳам ҳеч тўхташмаяпти.

Шундай экан, юрт тинчлиги, бирдамлиги ва соғлом муҳитни қарор топтириш учун одамларда энг аввало, дахлдорлик, ён-атрофдаги нохушликларга бепарво бўлмаслик ҳиссини кучайтириш даркор.

Дарҳақиқат, тинчлик — уруш ва низоларга ва турли хилдаги фитналарга  барҳам бериш орқалигина таъминланади. Афсуски, турли қарама-қаршилик ва зиддиятларни келтириб чиқариш йўли билан ўз мақсадларига эришишни кўзлайдиган кучлар бор экан, сунъий равишда низоли вазиятларни вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам тўхтамайди. Зеро, ҳозирги асримизда ҳам тинчлик неъмати кўплаб мамлакатлар учун ҳамон орзу бўлиб қолмоқда.

Яқин Шарқ давлатларида рўй берган ва ҳамон давом этаётган қонли тўқнашувлар, оммавий тартибсизликлар, ҳунрезликлар, бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритаётганларнинг ҳам аксарияти динни ниқоб қилиб олган кучлар экани, улар экстремистик оқим ва террористик гуруҳлардан фойдаланаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Сўнгги йиллардаги воқеалар республикамиздаги ижобий ўзгаришлардан талвасага тушаётган кучлар ғаразли геосиёсий мақсадлари йўлида мафкуравий хуружни амалга ошириш, аҳоли онгини заҳарлаш, хиёнаткор ва фитначи гуруҳларни тарбиялашга янгича тус бераётганларини кўрсатди. Ғанимларимиз исломни ниқоб қилиб олиб, ўта маккор услубларни қўллаётган, улкан маблағлар эвазига ахборот хуружини кучайтираётган даврда халқимиз, айниқса ёшларда миллий қадриятлар билан йўғрилган маърифатни камол топтириш, уларни мустаҳкам иймон эътиқодли, ватанпарвар кишилар қилиб тарбиялашда мутасадди кишиларга яни (диний идора тизимида ишлайдиган) диний мазмундаги материаллар – мақола, нашр, видео, аудио ва компьютер маҳсулотларининг ўрни долзарб бўлиб қолмоқда.

Чунки ижтимоий тармоқларга эътибор бериб қарайдиган бўлсак турли хил оқимдаги кишилар ва уларнинг тарафдорлари томонидан тарқатилаётган мусулмонларни чалғитадиган ихтилофли масалалар, этиқодимизга мазҳабимизга ёт ғоялар дин-у диёнатга ихлос этиқоди бор ёшларимизни ўз таъсир доирасига тушириб қўйиши мумкин. Айниқса YouTube ва Facebook каби каналларга қарайдиган бўлсак, ҳизбийлик ва салафийлик каби ботил этиқод намоёндалари ва тарафкашларининг юртимиз уламоларидан тортиб улуғ аждод олимларимиз ҳатто  Мотрудий ва Ашъарий каби аҳлисуннанинг ақидавий йўналишдаги улуғ олимларига ҳам тош отишаётганига, уларга туҳмат қилаётганига,  талашиб тортишаётганига  гувоҳ бўламиз. Аллоҳга шукрлар бўлсинки уларга ҳаддини билдириб қўяётган, уларнинг ғоялари ботил ва пуч эканлигини билдириб қўяётган ва уларни тинглаб нима қилишини билмай гангиб юрган ёки  уларга эргашаётган ва адашган биродарларимизни қайтараётган юртимизнинг элпарвар, юртпарвар ва динпарвар олимлари бор. Уларга раддиялар беришяпти, илмий баҳслар қилишяпти. Бу каби олимларимизнинг ғайрат шижоатлари ва илму ирфонлари сабаб кўп инсонлар тўғри йўл топмоқда. Бизлар ҳам огоҳ бўлишимиз беғам бўлмаслигимиз ёшларимизга ва ўқиётган оммавий ахбарот  воситаларимиздаги хабарлар ва материалларимизга этиборли бўлишимиз лозим. Ҳар бир эшитган ёки ўқиган нарсаларимизга ишониб шундай экан деб уни тарқатмасдан балки текшириб кўриш мақсадга мувофиқ бўлади.

Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кишининг ёлғончилигига ҳар бир эшитган нарсасини текшириб кўрмасдан гапириб юришлиги кифоя қилади” деганлар.         

 Бойсун  туман  “С.Баҳромхон” жоме масжиди имом хатиби Ў.Алимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here