Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
Аллоҳ азза ва жалла: «Солиҳ бандаларим учун уларга берган нарсаларимдан ташқари заҳира қилиб, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирорта инсоннинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни тайёрлаб қўйганман», деяпти, дедилар, сўнг ушбу оятни ўқидилар:
«Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот бўлсин, деб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирор жон билмас» (Сажда, 17)
Муслим ривояти.
Усома ибн Зайд розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни асҳобларига:
«Жаннатга кириш учун енг шимарувчилар борми? Чунки у таърифга ожиз. Каъбанинг Раббига қасамки, жаннат чарақлаган нур, тебраниб турган райҳонлар, тикланган қасрлар, тўлиб оқувчи анҳорлар, пишиб етилган турли хил мевалар, гўзал ва чиройли жуфтлар, софлиги ва тиниқлиги абадий бўлган кўпдан-кўп зеб-зийнатлар диёридир. У олий, ажойиб, тинч ва осойиштадир», дедилар. Асҳоб: «Биз жаннат учун енг шимарувчилармиз, эй Расулуллоҳ! » дейишди. Ул зот: «Иншааллоҳ, денглар», дедилар… »
Ибн Можа ривояти.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Махлуқлар нимадан яратилган?» деб сўрадим. «Сувдан», дедилар. Сўнг: «Жаннат нимадан бино бўлган?» дедим.
«Кумуш ва олтин ғиштлардан. Унинг пойдевори мушк, тошлари дур ва ёқут, тупроғи заъфарон. Ким унга кирса, неъматланади, умидсиз бўлмайди, абадий туради, ўлмайди, кийимлари эскирмайди, ёшлиги ҳам кетмайди (қаримайди)», дедилар»,
Термизий ривояти.
Иброҳим ибн Муовия Саид Тоийдан ривоят қилади:
«Менга уммул мўмининнинг озод этган қули Абул Мудалла Абу Ҳурайранинг ушбу ҳадисини айтди: Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Нима учун сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда қалбларимиз юмшаб, охиратни ўйлаб қоламиз. Қачон сизнинг олдингиздан кетиб, бола-чақамиз олдига борсак, дунёга машғул бўлиб кетамиз», дедик». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизлар мени тарк қилган чоғингизда ҳам, ҳузуримда бўлганингиз каби ҳолатда турганингизда, фаришталар сизлар билан, албатта, қўл бериб сўрашар, сизларни зиёрат қилиш учун уйларингазга келишар эди. Агар сизлар ҳеч гуноҳ қилмаганингизда, Аллоҳ таоло гуноҳ қиладиган қавмни келтирган бўлур эди, сўнг у қавм истиғфор айтиб, гуноҳларини кечиришини сўрар ва Аллоҳ уларни кечирар эди», дедилар. Биз: «Эй Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат ҳақида хабар беринг, у нимадан бино бўлган», дедик. «Олтин ва кумуш ғиштдан. Унинг лойи хушбўй мушк, майда тошлари дур ва ёқут, тупроғи заъфа-рондир. Унга ким кирса, боқийдир, умидсиз бўлмайди, абадийдир, ўлмайди, кийими ҳам эскирмайди, ёшлиги ҳам кетмайди», дедилар»
Абу Довуд Таёлисий чиқарган.
Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Сайёдга:
«Жаннатнинг тупроғи нимадан? » деб савол қилдилар. У: «Оппоқ мушкдан бўлган тупроқ, эй Абул Қосим!» деди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўғри айтдинг», дедилар.
Муслим ривояти.
Имом Қуртубийнинг “Жаннат васфи” китобидан.
✍️✍️Ангор туман «Маърифат» жоме масжиди имом-хатиби М.Рахимқулов