Аёлнинг қалб кўзи очиқ бўлмаса, рўзғорида файз бўлмайди, дейишади. Чунки қалб кўзи очиқ аёлгина умр йўлдошининг кўнглида кечаётган ўй-фикрларни илғай билади, келтирган бир дона нонини ҳам қандай меҳнат ва машаққат ортидан топиб келтираётганини тушуниб, қадрлайди.
Мен шундай аёлларни биламанки, улар эркакнинг вазифаси топиш-тутишми, марҳамат топиб-тутсин. Мен аёлман, келтирса, пишириб-куйдираман, йўқса, бошимни ҳам оғритмайман, дейишади.
Халқда гул экмаган аёл энг хунук, баъдфеъл аёлдир, деган гап бор. Бунинг замирида нафақат гўзалликка даъват этувчи, балки тадбирли, эпли бўлишга ундовчи чақириқ яширинган бўлса, ажабмас. Момоларимиз умр йўлдошларининг бирини икки қилиш мақсадида қўлларидан келганича тадбиркорлик билан рўзғор юритишган. Кўкламда экиб, ёзда меҳр билан парваришлаган жамбилу райҳон ва ялпизларни кузда қуритиб, майдалаб, халтачаларда сақлашган. Қишда уларнинг бир чимдимгинаси пиширган таомларига хуштаъм бағишлаган. Пишиқчиликда ерга тўкилиб қолган меваларни ҳам қуритиб туршак, қоқи қилишган. Туршак шимиб, қоқидан тайёрланган шарбатларни ичиб болалар камқувватликка чалинишмаган. Исроф бўлмасин, ҳар неъматнинг ҳам уволи бор, дея қуритиб олишган олма, анжир, помидор қоқилар тизимини айвон устунларига илиб қўйишганига гувоҳ бўлиб улғайганмиз…
Оила кичик Ватан. Бу ватаннинг раҳбари эрдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчидирлар. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан баъзи хусусиятларда ортиқ қилгани ва ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир…»(Нисо сураси, 34-оят).
Демак, рўзғорни моддий таъминлаш учун эр масъул. Эрнинг топиб келтирганини тежаб-тергаб ўрнида ишлатиш аёлнинг бурчи. Эрлари уддабурон, аёллари тадбирли уйда барака бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди” дея таъкидлаганлар (Имом Термизий ривоят қилган).
Баъзи оилалар йиллар давомида минг машаққат билан тўплаган маблағини ном чиқариш, обрў орттириш учун бир кунда сарфлаб юборади. Аслида бу пуллар тўй-ҳашамларда аёлларимизнинг ҳою ҳаваслари, бу йўлдаги “олди-берди”лари учун эмас, оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилса, нур устига нур бўлур эди.
Халқимизда “Тежамасанг, тоғ турмас”, деган мақол бор. Бизга берилган неъматлар қадрига етиб, шукрини қилсак, барчасини ўрнига ишлатсак, Аллоҳ таоло уларни янада зиёда қилади.
Тежамкорлик уволнинг олдини олса, уволдан қўрқиш қашшоқликдан асрайди. Яратган барчамизни қашшоқлик билмай умргузаронлик қилиш бахтидан бенасиб этмасин. Меҳрибон Аллоҳ барча аёлларга ақлу заковат берсин.Ҳеч қандай хонадон қашшоқ бўлмасин.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова