Аллоҳ таоло Ар-раҳмон сурасининг 46-оятида айтади:
«Парвардигори (ҳузурида қиёмат куни) туришидан қўрққан (ва Унинг буйруқларига бўйсиниб, қайтариқларидан тийилган) киши учун икки жаннат бордир.»
Ван-нозиот сураси 40,41-оятларида айтади:
«Энди ким Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Етти тоифа одам борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда уларни Ўз соясида соялантиради: адолатли имом-раҳбар; парвардигорининг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғланган киши; Аллоҳ йўлида дўстлашган, Унинг йўлида бирлашиб, Унинг йўлида ажрашувчи икки киши; мансабли ва соҳибжамол аёл ўзига чорлаганда: «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши; махфий ҳолда садақа берган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли билмаган киши; Аллоҳни холиликда зикр қилиб, кўзёши тўккан киши».
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Иккита (одамнинг) кўзига – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга ва тун бўйи Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб чиққан кўзга дўзах ўти тегмайди».
Аллоҳдан қўрқиш фақат иймони содиқ мўмин кишидан содир бўладиган қалб ибодатидир. Шунинг учун ҳам динимизда унинг манзилати шу қадар олий ва даражаси юқори. Соҳибини тоат-ибодатларга ундайдиган ва гуноҳ-маъсиятлардан тўсадиган қўрқиш ҳақиқий мақтовга сазовор қўрқишдир.
Шеробод тумани «Шеробод» жоме масжиди имом ноиби Пулатов Самандар