Оналар табаррук, улуғ зот. Ота-онага оқ бўлиш Аллоҳ таолога ширк келтириш билан баробар оғир гуноҳ. Шундай экан, унда нега “она” сўзи олдига “қайн” қўшимчаси қўшилиши билан у энди ёвуз бир кимсага айланиб қолиши керак? Нега келинлар бу сўзни эшитиб ранглари ўчиши, ғазабга минишлари керак? “Келин билан қайнона бир қозонда қайнамас” деб биринчи кунларданоқ душманлик уруғлари сепилиши нега керак? Бу тарбия кўрмаганликдан бошқа бир нарса эмас. Яхши ниятлар билан келин олиб, кўзининг оқу қораси бўлмиш суюкли ўғлини унга топшириб қўйиб, энди ўша азиз келин билан олишиб юриш қайноналарнинг оналик ҳам асло мос келмайди.
Афсуски, айрим келин-куёвлар оила ошёнларини барпо қилган никоҳни қадрига етишмайди. Бўлар-бўлмас гап-сўзлар билан ширин турмушларини оғуга айлантиришади. Бир-бирларини тушунмасликдан, муроса илмини билмасликдан эр-хотин бўлиб яшаётган икки ёш душманга айланади. Буни оқибатидан қанча оилалар бузилиб, болалар эса етим бўлиб қолишади.
Оиланинг мустаҳкамлиги учун келин-куёв ҳам, ота-оналар ҳам, оила ташқарисидагилар ҳам, кенг жамоатчилик ҳам баравар ҳаракат қилишса, кўзланган мақсадга эришилади. Янги оила қурган куёв хотинини ортиқча эркалатиб юбормай, турмуш синоатларига тайёрлаб борса, хотиннинг энг асосий бурчи эрга итоат эканини етказа олса, орада уруш-жанжаллар келиб чиқмаган бўлар, икки ёшнинг бахти завол топмас эди. Агар келин ҳам бир гапдан қолса, янги тушган жойидагилар билан муроса қилиш йўлларини ахтарса, ёши улуғ қайнонасини ҳурмат қилиб, хизматини аямаса, оила инқирозга учрамас, ўртада бола тирик етим бўлмас эди. Ёки қайноналар сал бағрикенгроқ, сабрлироқ, бўлишса, қайноталар ёшларга насиҳат қилишса, оиланинг бошқа аъзолари келин-куёвнинг турмушига аралашишмаса, оилада келишмовчиликлар чиқмас эди.
Мутахассисларнинг айтишларича оиладаги жанжалларнинг 50 фоизи қайнонанинг айби билан содир бўлармиш. Бу гапларга ишониш қийин бўлса-да, на илож, рақамлар ҳақиқатни кўрсатиб турибди. Унда нима қилиш керак? Яхши муомалали бўлиш, бировга озор етказмаслик ва зулм қилмаслик борасида Аллоҳ таолонинг амрларини, Расулуллоҳнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажариш керак. Оиладаги тотувликка кўп ҳолларда қайнона ва келинлар ўртасида пайдо бўлиб қоладиган муросасизликлар раҳна солади. Баъзи хонадонларга келинга худди хизматкор ёки қул каби муносабатда бўлишади. Куёв у ёқда қолиб, унинг яқинларининг хизматини қилишга мажбурланади. Аммо оила аъзолари, айниқса қайноналар шу келин бечоранинг биттагина жони бор, хонадонимизга янги келган демайди. Ҳар бир ҳаракатидан нуқсон топиб, “ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ” қилаверади. Оқибат эса бир куни келиннинг бардоши тугаб, иш катта можарога айланади.
Шунинг учун ҳам динимиз ёшлар ўртасида ноаҳиллик пайдо бўлиши биланоқ уларни яраштириш учун ҳар икки томондан холис, ҳакамларни жалб қилишга буюради. “Агар улар(эр-хотин)нинг оралари бузулиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарни мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир” (Нисо сураси, 35-оят). Али ибн Абу Толибдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларни яраштириб қўйиш бир нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти). Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчиликлар учраб туради. Бир-бирига яқин ва қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади, улар ёвга айланишади. Одатда оилавий муносабатлар ҳақида сўз борганда, уни бузилишга олиб борувчи сабабларни ҳар ким ўзича ҳар хил шарҳлайди. Кимдир оиладан тинчлик ва хотиржамликнинг кетишида бутун айбни эрнинг лапашанглигига, хотинига сўзини ўтказа олмаётганига тўнкайди. Кимдир хотиннинг ўткирлиги, маккорлиги, итоатсизлигини ҳамма келишмовчиликлар сабабчиси, деб ҳисоблайди. Бошқалар оилавий келишмовчиликлар кўпроқ золим қайноналарнинг ёвузлиги, ёки гапуқмас келинларнинг қайсарлиги туфайли содир бўлади, деб ҳисоблашади. Айримлар асосий жанжал моддий етишмовчиликлардан, қўл калталигидан келиб чиқади, деб ўйлайди. Кимлардир бола тарбиясига эътиборсизлик қилгани туфайли у улғайганида энди бунинг азобини тортаётганидан зорланади. Аслида бунга ким ёки нима айбдор? Шайх Муҳаммад Абу Заҳра оилани уч қисмга бўлади: биринчи қисм – эр-хотин, иккинчи қисм – фарзандлар, учинчиси эса – яқин қариндошлар (яъни, ота-она, ака-ука, опа-сингил ва бошқалар)дир. Ана шу уч қисм аҳил ва меҳрибон бўлгандагина оила тинч ва осойишта бўлади, акс ҳолда уриш-жанжалдан боши чиқмайди. Атоқли мутафаккир олима Олиматул-Банот: ”Оилавий масалада эр билан хотин ўртасида тотувлик ва маслаҳатлашиб иш тутиш бўлмаса, бундай оила азоб ва машаққат масканига айланади” дейди.
Энг алам қиладиган жойи, оилавий уруш-жанжалларга сабаб бўлаётган воқеалар. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, ҳайит йўқловда тоғоранинг кам қилинганидан, куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган беҳуда гаплар бора-бора оиланинг бузилишига олиб келади. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгилтаклик билан қарайдиган бўлиб кетганми? Кейинги пайтда янги турмуш қурганлар ўртасида бўлар-бўлмас, майда нарсалар сабабидан хотинини талоқ қилиш ёки келинларнинг эрларидан талоғини сўраши каби кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб боряпти. Наҳотки талоқ ҳазил эмаслигини, ниҳоятда жиддий нарса эканлигини, бу сўздан Аллоҳнинг Арши ларзага келишлигини тушунишмаса? “Қайси бир аёл сабабсиз эридан талоқ сўраса, жаннат ҳиди унга ҳаромдир”, деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Савбон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда (Имом Аҳмад ривояти).
Айрим ҳолатларда икки ёш бахтига уларнинг ота-оналари ҳам зомин бўлиб қолишади. Эр-хотиннинг турмушига ҳар бир майда-чуйда хусусида аралашавериш, келиннинг қилиқларидан, ишларидан ”хато” топавериш ёки куёвнинг қандай рўзғор тутишида ақл ўргатиш, умуман ёшларни бўлар-бўлмасга тергайвериш ҳам улар ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Кечириш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Бир қарашда ўни ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошифта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан нарса. Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса йўлини танлаб, зиддиятни бар тараф қилиши керак. Шундай ҳолатларда бири ақл билан иш тутиб шайтоннинг бўйнини синдириб, озгина муросага юриши катта можароларнинг олдини олиб, оилада саодат гулшанини барқ урдириб яшнатиб юборади.
Ҳазрати Умарга бир киши хотининг устидан шикоят қилганда унга шундай насиҳат берган эканлар: “Қизиқ одам экансан-ку, ахир аёллар овқатимизни пиширса, кир-чирларни ювса, болаларимизни тарбия қилса, бутун рўзғор ишларини зиммасига олган бўлсаю, онда-сондаги норозилик-исёнларига сабр қилмасак, инсофдан бўлармикин”. Масалан қиз эри устидан ота-онасига шикоят қилиб келганда, кўпни кўрган ота-она “Қизим, оилада нималар бўлмайди, агар эринг билан бир умр бирга бўлишни истасанг, унинг танбеҳларига рози бўл, сабр қил, ҳаммаси яхши бўлиб кетади”, деб панд-насиҳатлар билан изига қайтариб юборса нур устига нур бўлади.
Аксар ҳолларда эса, ота ёки она қизининг топиб келган гапини рўкач қилиб, куёвни “тартибга чақиришга”, “тавбасига бир таянтириб қўйишга” киришишади, ҳатто у билан ёқалашишгача боришади. Бу ҳол қиз томон бойлик, мартаба ва насабда йигит тамонидан бир поғона баландроқ оилаларда кўп учрайди. Оқибатда куёв билан қайнота-қайнона ўртасида, қудалар ўртасида “парда кўтарилади”. Хўрланган йигитнинг кўзига севиб уйланган аёли, шириндан-шакар фарзандлари ҳам кўринмай қолади. Уйига гап ташиб, оиласи бахтини поймол қилган хотинидан воз кечишга мажбур бўлади. Хотинининг жиндай фаросатсизлиги туфайли ширин турмушга хотима қўйилади.
Асмо бинти Язид Ансориядан (р.а.) ривоят қилинади: “Тенгдош қизлар билан ўтирган эдим, олдимиздан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтдилар. У зот салом бердилар ва: “Валинеъматларингизга ношукрликдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. Мен дугоналарим ичида савол беришга журъатлироғи эдим ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, вали неъматларга ношукрлик нима?” деб сўрадим. “Бирингиз ота-она бағрида узоқ вақт эрсиз ўтиради. Сўнг Аллоҳ унга эр неъматини ато қилади, фарзанд беради. (Аммо аёл) жаҳл устида “Сендан ҳеч яхшилик кўрмадим”, деб куфрони неъмат қилиб қўяди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти, “Ал-Адаб ал-муфрад”).
Аллоҳ таоло эр-кишини жисмонан ва ақлан бақувват бўлганлиги учун уни оилада раҳбар қилиб қўйди. Аммо ҳар бир эр киши билиб қўйсин? Раҳбарман деб оилада хоҳлаган ишни қилиш ва оилани бошқа аъзоларига зулм ўтказиш ҳуқуқи унга берилган эмас. Ислом шариати бўйича, аёлни уй-жой билан таъминлаш, ўз даражасида боқиш, кийинтириш ҳамда турмуш учун зарурий бўлган буюмлар, асбоб-анжомларни ҳозирлаб бериш, айни чоғда, жуфти ҳалолининг соғлиги учун қайғуриш, унинг таълим олиши, истироҳати ва бошқа шахсий эҳтиёжлари учун нафақа қилиш эрнинг зиммасидаги вожиб амаллардан эканини ҳар бир мусулмон эр ва ҳар бир қайнота-қайноналар яхши билиб олмоқлари зарур. Агар аёл тарбиясиз, ахлоқсиз бўлса, уни панд-насиҳатлар билан тарбиялайди. Эрларнинг яна бир вазифаси – хотинлари хато ёки камчиликка йўл қўйса, кечиримли бўлиш, айбини беркитиш, хотини ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ихтилоф чиқса, буни ислоҳ қилиш ва муросага келтиришдир. Лекин айрим қайноналар рўзғорнинг барча камию кемтигини келин томонга юклаб қўйиш пайида бўлишади, барча можаролар, “қилди-қилмадилар” мана шундан кейин бошланади. Шу билан бирга, бу талаблар бажарилган тақдирда ҳам уни миннат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, зиммасидаги вожиб амални адо этган киши ўз бурчини адо этган бўлади, холос.
Айтишларича бир қиз ўз қайнонасидан шундай шикоят қилган экан, қуда хотин янги келинга: “Менга чўри бўлсанггина бу уйда турасан, бўлмаса, жавобингни бериб, ўзимга ёқадиган келин топаман”, деб келинни кечаси ўн иккигача ишлатиб, яна саҳар соат олтида эшик олдида туришини талаб қилар экан. Оқибатда, тўйдан икки ой ўтар-ўтмас, орага талоқ тушиб оила бузулибди. Яна бир гап, бировнинг боқиб, тарбиялаб, вояга етказган қизини келин қилишга сўраб борган тараф ўғлига умр йўлдош топиш ниятида бўладими ёки ўғилнинг ота-онасига чўри сотиб олиш савдосига борадими?! Шунчалик ҳам ноинсофлик бўладими?
Бунинг устига айрим оилабузар оналар боласига: “Агар оилангни бузиб, жуфтингдан ажрамасанг, сени оқ қиламан, берган оқ сутимга розимасман, сендек болам йўқ”, деб таҳдид қиладилар. Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда уни туғиб, катта қилган онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Охири, нажот излаб, бош уришга мажбур бўлади. У Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда ҳам улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади, шу билан бирга, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди. Ислом таълимотида оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг талабига биноан оилани бузишга рухсат бермаган. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг китобларида алоҳида таъкидлаганлар.
Оила бахтини асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга ҳам боғлиқ. Аммо биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, энг даҳшатлиси, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда ширин турмушлари заҳар-заққумга айланади.
Қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши учун ўзларининг бемаъни истак-хоҳишларидан воз кечишса, эр-хотин биргалашиб курашсагина оилада хотиржамлик бўлади. Агар оилада муроса бузилса, айниқса қайнона ва келин ўртасида аҳиллик бўлмаса бу оилада тотувлик бўлиши амри маҳолдир.
“Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин”, дейишган момоларимиз. Бу келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб роҳат-фароғатга ўтади, дегани эмас. Аксинча унинг зиммасига ўзга хонадоннинг фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камолга етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланди, дегани. Ахир “Катталар – ёшлар учун бир кўприк”, деб бежизга айтишмаган. Ахир бекорга келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишмаганки, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.
Яхши тарбия кўрган оилаларда қадим-қадимдан қизларни борадиган еридаги иссиқ-совуққа кўникишга ўргатадилар. “Энди уйинг ўша ер, у жойдан гап ташиб келма, қайнонанг билан муроса қилиб хизматингни аяма ушанда сени бошига кўтариб юради”, деб насиҳатлар қилинган. Бундай тарбия олмаган қизлар эса ўз бахтларига ўзлари зомин бўлишади.
Оила ҳаётида ҳар доим шоду хуррамлик, бахт-саодат бўлавермайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар учраб туради. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради.
Аллоҳ таоло оилаларимизда тинчлик-хотиржамлик, ўзаро аҳиллик, муроса ва садоқат барқарор бўлишини насиб этсин.
Х.Қосимова ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
Хотин —қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси