Ал-Мисоқ бу жамики инсонларнинг Аллоҳ таолога иймон келтириб берган ваъдасидир. Алмисоқ Ислом шариатида муҳим ақида масалаларидан бири ҳисобланади. Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ақида матнида шундай ёзади:

و الميثاق الذى اخذه الله تعالى من ادم و ذريته حق

“Аллоҳ таолонинг Одам ва унинг зурриётидан олган ваъдаси ҳақдир”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:

وَإِذْ أَخَذَ رَبُّكَ مِن بَنِي آدَمَ مِن ظُهُورِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَأَشْهَدَهُمْ عَلَى أَنفُسِهِمْ أَلَسْتَ بِرَبِّكُمْ قَالُواْ بَلَى شَهِدْنَا أَن تَقُولُواْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِنَّا كُنَّا عَنْ هَذَا غَافِلِينَ

«Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғанасидан, қиёмат куни, бундан ғофил эдик, демасликларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Роббингиз эмасманми?» деганида «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!» деганларини эсла» (Аъроф сураси 172).
Аллоҳ таоло башарият отаси – Одам алайҳиссаломни ерга туширгач, унинг пуштидан то қиёматгача туғиладиган жамики инсонлар руҳини чиқарган ва уларга “Мен сизларни Раббингиз эмасманми?!” деб савол берган. Ўшанда ҳамма инсон ҳали уларнинг жасадлари яратилмасдан олдин (дунёда кофир бўлиб яшаганлр ҳам) “Ҳа, Сен бизнинг Раббимизсан. Биз эса сенинг бандаларингмиз”, деб иймон келтирган ва Аллоҳга қуллик қилишга ваъда берган. Аллоҳнинг Танҳо Илоҳ эканлигини тан олишган ва иқрор бўлиб мўмин бўлишган.
Аллоҳ ва инсоният орасида бўлиб ўтган шу аҳдлашувни “Ал-Мисоқ” деб айтилади. Ал-Мисоқда Аллоҳ Одам ва унинг зурриёти фитратига Ўзининг ягона эканлигини, яъни тавҳид ақидасини сингдирган. Қачондан бери мусулмонсан, деб сўралганда “Ал-Мисоқдан бери”деб жавоб берилишида ҳам шу аҳднома назарда тутилади.
Дунёга келган ҳар бир чақалоқ, хоҳ у мусулмон оиласида туғилсин ё кофир оилада ал-Мисоқдаги иймони билан мўмин бўлиб туғилади. Ҳатто мушрик кофирларнинг чақалоқлари ҳам. Шунинг учун ҳам аҳли сунна эътиқодига кўра мушрикларнинг чақалоқлигида қазо қилган болалари алмисоқдаги иймони билан жаннатий бўлади, деб эътиқод қилинади. Имом Қуртубий ва имом Нававий шу саҳиҳ қавл деган.
Ал-Мисоқдаги ваъдасига содиқ қолганлар мусулмон бўлиб яшайди. Ваъдасини бузганлар эса дунё ҳаётида кофир бўлишади. Аллоҳга берган ваъдасини унутиб куфр йўлига ўтганларга Аллоҳ ал-Мисоқдаги ваъдасини эслатиш учун пайғамбарларни юборган.

فَذَكِّرْ إِنَّمَا أَنتَ مُذَكِّرٌ َّلسْتَ عَلَيْهِم بِمُصَيْطِرٍ

«Бас, эслатинг! Сиз албатта эслатгувчидирсиз. Уларга ўз ҳукмингизни ўтказгувчи эмассиз» (Ғошия сураси 21-22).
Ал-Мисоқ ваъдаси қиёмат куни кофирларга қарши Аллоҳнинг ҳужжати бўлади. Кофир ва мушриклар «Эй Аллоҳ, биз Сени борлигингни ёки бирлигингни билмай қолибмиз, ғафлатда қолган эканмиз», деб узр айтишмоқчи бўлганда Аллоҳ уларга Ал-Мисоқ аҳдномасини эслатиб қўяди.
Дарвоқе, халқимиз орасида тарқалган «Алмисоқдан қолган…» деган айни шу тушунчалар асосида шаклланган, яъни жудаям қадимий деган маънода қўлланади…

Денов туман «Файзобод» жомеъ масжиди имом хатиби Мелибоев Фазлиддин

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here