«“Рабингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!…» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қаноатини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”»

(Исро, 23-24).

“Уларга ёқимли сўз” айт деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” деб мурожаат қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш лозим.

Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва ота-онанинг ҳақи нақанар улуғ эканига ишора бор.

Ота-онанинг ҳаётлиги фарзанд учун буюк неьмат. Фарзанд уларнинг хизматларини қилиб, меҳр кўрсатиб ва яхши сўзларни айтиб, розиликларини олиши, гуноҳ бўлмайдиган барча ишларда уларга итоат қилиб, буйруқларини бажариши лозим. Хизматларини қилиш жараёнида асло жеркиб, “уф”деб уларга озор бермасин. Бу борада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло фарзандни ота-онага оқ бўлиши учун “уф” дейишдан ҳам кўра пастроқ нарса бўлса, уни ҳам ҳаром қилган бўларди. Оқ бўлган фарзанд қанча яхши амал қилмасин, жаннатга кирмайди”, дедилар (Абу Лайс Самарқандий тафсири).

Бугунги кунда ҳам фарзандлар ота-онасига Аллоҳ таоло буюрганидек хизмат қилиб, розиликларини оляптиларми? Афсус, баъзи фарзандларнинг ота-оналарини жеркиб беришларини, ҳафта-ойлаб улар билан гаплашмай юрганларини, ҳатто улар билан уришишгача боришларини кўриб, эшитиб қоляпмиз. Бу ишлар фарзандни икки дунё саодатидан маҳрум этиб, охиратда дўзах азобига дучор қилади. Халқимиз орасида “Ота рози Худо рози”, “Жаннат оналар оёғи остида” каби мақоллар бежиз машҳур бўлмаган.

Барчамизга ҳам ота-онамизнинг ҳурматини жойига кўйиб, хизматларини ўринлатиб, кўзлари, кўнгилларини қувонтириб, Аллоҳ таолони рози қилиш бахти ёр бўлсин!

 

 

Денов тумани “Чамбил” жоме масжиди имом хатиби

Жамолиддин Ибраимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here